НАЗОРАТ САВОЛЛАРИ
1. Я.А.Коменскийнинг тарбия ҳақидаги фикрларини изоҳланг?
2. Я.А.Коменскийнинг синф-дарс тизими нималардан иборат эди?
3. Я.А.Коменский ўқитувчилар ҳақида қандай фикр билдирган?
4.Я.А.Коменскийнинг дидактикаси ва ундаги янгиликлар нималардан иборат?
5. Мустақил иш. Я.А.Коменскийнинг “Буюк дидактика” асарининг XVIIIXIXXXXXI бобларини ўқиб ўрганиш.
ИОГАНН ГЕНРИХ ПЕСТАЛОЦЦИ
(1746—1827)
Песталоццининг педагогик фаолияти. Иоганн Генрих Песталоцци Швейцариянинг Цюрих шаҳрида врач оиласида туғилди. Песталоцци отадан ёш жудо бўлиб, онаси ҳамда оддий деҳқон аёл — уларнинг собиқ хизматчиси тарбиясида ўсди.
Песталоцци аввал бошланғич мактабда, сўнгра лотин мактабида ўқиб илм олди. Песталоцци ўрта мактабни тамомлагач, кўпроқ гуманитар фанлар ўқитиладиган олий ўқув юртига — коллегиумга, унинг филология ва фалсафа бўлимларига кириб ўқиди. Песталоцци коллегиумни тамомламай туриб, халқнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида ўзининг азалдан орзу қилиб келган ниятини амалга оширишга қарор қилди. 1769 йилда Песталоцци ўзининг ижтимоий тажрибасини бошлади. У пул қарз олиб, кичикроқ қўрғон ва ер сотиб олди, бу ерга “Нейгоф” (“Янги қўрғон”) деб ном берди ва теварак-атрофдаги деҳқонларга ўз хўжаликларини унумдор хўжаликка айлантиришни ўргатиш мақсадида, бу ерда намунали ферма ташкил қилмоқчи бўлди. Тажрибасиз ва хўжалик ишларидан бехабар бўлган Песталоццт орадан кўп ўтмай синди, ва у халқ фойдасини кўзлаб яна янги йўллар қидиришга мажбур бўлди.
У 1774 йилда “Нейгоф”да “Камбағаллар муассасаси”ни очиб, етим ва боқимсиз болалардан 50 га яқин кишини шу муассасага тўплади. Песталоццининг фикрича, болаларнинг ўзлари ишлаб топган пуллар шу етимхонанинг харажатини қоплаши керак эди. Етимхонада тарбияланаётган болалар далада ишлар, шунингдек, тўқув ва йигирув дасгоҳларида ип йигириб, мато тўқир эдилар. Песталоццининг ўзи болаларга ўқиш, ёзиш ва ҳисоб ўргатар, уларни тарбиялаш билан шуғулланар эди. Ҳунарманд усталар эса болаларга ип йигириш ва тўқишни ўргатардилар. Шу тариқа, Песталоцци ўз муассасасида болаларни ўқитишни уларни унумли меҳнатга ўргатиш билан қўшиб олиб боришга уринди.
Песталоцци бошлаган иш тезда барбод бўлди, чунки сиёсий ҳокимият ва моддий маблағларнинг эгалари уни қўллаб-қувватламадилар. Болалар минг машаққат билан меҳнат қилиш туфайлигина ўзлари яшаб-ишлаб турган етимхона харажатларини кўтара олар эдилар, лекин гуманист ва демократ Песталоцци ўзи тарбиялаётган болаларни бундай оғир шароитда яшашини истамасди ва бунга йўл қўя олмас эди. У болаларни меҳнатини, аввало, болаларнинг жисмоний кучларини ақлий ва ахлоқий қобилиятларини ўстириш воситаси, деб билди. У болаларга фақат ҳунар ўргатибгина қолмасдан, балки уларни кенг равишда меҳнатга ўргатишга интилди.
Песталоцци Нейгофда ўтказган тажрибанинг педагогика учун аҳамияти катта бўлди. Песталоцци тажрибани давом эттириш учун маблағ бўлмаганлиги сабабли орадан кўп вақт ўтмай етимхонани ёпишга мажбур бўлди. Лекин бу муваффақиятсизликлар уни, халққа ёрдам бериш мақсадидан қайтара олмади.
Песталоцци 1798 йил Швейцария инқилоби натижасида етим қолган 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган 80 болага мўлжалланган етимхона очади. Бу етимхонанинг иш мазмуни уни 1799 йили ёзган “Станцда бўлиши тўғрисида дўстларидан бирига юборган мактуб”ида қуйидагиларни баён этади:
“Эрталабдан то кечгача уларга якка ўзим ҳамроҳ эдим¾ Менинг қўлларим уларнинг қўлида, кўзларим уларнинг кўзларида эди. Улар йиғласа, мен ҳам йиғлар эдим, улар кулса, мен ҳам кулар эдим¾ Улар нима еса, мен ҳам шуни ейман, нима ичса, мен ҳам шуни ичар эдим. Менинг ўшалардан бошқа уйим ҳам, дўстим ҳам, хизматчим ҳам йўқ эди¾”
Песталоцци етимларнинг севимли отаси, энг яхши дўсти эди. Уруш ҳаракати бошлангандан кейин етимхона ёпилди.
Кейинги ўн саккиз йил давомида Песталоцци ўша даврнинг энг муҳим масаласини: деҳқон хўжаликларини қандай қилиб тиклаш, уларнинг турмушини яхшилаш, меҳнаткашларнинг ахлоқий ва ақлий ҳолатини қандай қилиб ўзгартириш масаласини ҳал қилишга жамоатчилик эътиборини тортишга интилиб, адабий фаолият билан шуғулланди. У “Лингард ва Гертруда” (1781—1787) деган ижтимоий-педагогик роман ёзиб, бу романда хўжаликни оқилона усулда олиб бориш ва болаларни тўғри тарбиялаш воситаси билан деҳқонларнинг турмушини яхшилаш тўғрисидаги ўз ғояларини олға сурди.
XIX асрнинг бошларидаёқ Песталоццининг “Гертруда ўз болаларини қандай қилиб ўқитади”, “Оналар китоби ёки оналар учун ўз болаларига кузатиш ва гапиришни қандай ўргатиш ҳақида қўлланма”, “Кузатиш алифбеси ёки ўлчаш ҳақида кўрсатмали қўлланма”, “Сон тўғрисида кўрсатмали таълим” деган китоблари босилиб чиқди. Бу китобларида бошланғич таълимнинг янги усуллари баён қилинди.
1800 йили Песталоцци раҳбарлигида институт ташкил этилди. Институт таркибига, интернат шаклидаги ўрта мактаб ҳамда ўқитувчилар тайёрлаш семинарияси киритилган эди. Тез орада бу институт бутун дунёга машҳур бўлди. Песталоцци 1825 йили Иверден институти ўқитувчилари орасидан келиб чиққан низолар натижасида ўз қишлоғи “Нейгоф”га қайтади ва 80 ёшга етган, қария бўлишига қарамай, бу ерда ўзининг охирги асари — “Оқ қуш қўшиғи” (1826) асарини ёзди.
Песталоцци ўзининг бутун истеъдоди ва кучини меҳнаткашларнинг оғир аҳволини яхшилашга сарфлаган бўлса ҳам, лекин уларнинг аҳволини яхшилашга муваффақ бўлолмаганлигининг сабаби нималигини тушунолмади. У 1827 йилда вафот этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |