Тарбиянинг моҳияти, мақсади ва асосий принциплари. Дистервег умуминсоний тарбия ғоясини ҳимоя қилиб чиқди, шу ғояга таяниб туриб, педагогика оид масалаларни юқори тоифавий ва шовинистик манфаатларни кўзлаб ҳал қилишга қарши курашди. Унинг фикрича, мактабнинг вазифаси “чинакам пруссияликлар” эмас, балки инсонпарвар кишилар ва онгли гражданлар тарбиялаб етиштиришдир. Одамларга инсониятга ва ўз халқига бўлган муҳаббат бир-бирига чамбарчас боғланган ҳолда ривожлантирилиши лозим. Дистервег “инсон — менинг номим, немис — менинг лақабимдир” дейди.
Дистервег Песталоцци сингари тарбиянинг энг муҳим принципи — унинг табиатга уйғун бўлишидир, деб ҳисоблади. Дистервег тарбиянинг табиатга уйғун бўлишини қуйидаги мазмунда талқин қилди, яъни тарбия одамнинг табиий камол топишига қараб олиб борилиши, ўқувчининг ёши ва ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниши керак, деди. Дистервег ўқитувчилар болалар диққати, хотираси, тафаккурининг ўзига хос белгиларини синчиклаб ўрганишлари керак, деб айтди; у психологияни “тарбия тўғрисидаги фаннинг асоси” деб билди. Дистервегнинг катта хизмати шундаки, у педагоглик тажрибасини педагогикани тараққий эттиришнинг манбаи деб ҳисоблади. У моҳир педагогларнинг болаларни тарбиялаш ва бу соҳадаги иш тажрибаларини ўрганиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Дистервег табиатга уйғун бўлиш принципига қўшимча равишда тарбия маданий уйғун характерда бўлиши ҳам керак, деб талаб қилди.
Дистервег тарбиянинг олий мақсадини белгилаб, бу “ҳақиқатга, гўзалликка ва яхшиликка хизмат қилишга қаратилган ташаббускорликдир” деб айтди.
Ақлий таълим. Дистервег ҳам Песталоцци сингари, таълимнинг асосий вазифаси болаларнинг ақлий кучларини ва қобилиятларини ўстиришдан иборатдир, деб ҳисоблайди. Лекин у формал таълим моддий таълим билан чамбарчас боғланганлигини кўрсатиб, Песталоццига нисбатан олға томон катта қадам қўйди. Дистервег, умуман соф формал таълим бўлмайди, лекин ўқувчининг ўзи мустақил олган билимлари ва малакаларигина қимматга эгадир, деб уқтирди.
Таълим инсоннинг ҳар томонлама камолотга етишига ва унинг ахлоқий тарбиясига ёрдам бериши лозим. Ўқитилаётган ҳар бир нарса таълим жиҳатдан қимматга эга бўлиш билан бир қаторда, ахлоқий аҳамиятга эгадир.
Дистервег ватан тарихини ва географиясини, она тили ва адабиётни ўқитишнинг болаларга таълим беришда катта ўрниборлигини кўрсатиб ўтди. У табииёт ва математика фанларига айниқса юксак баҳо берди, бу фанлар болаларнинг ақлий ўсиши учун муҳим восита эканлигини кўрсатди ва ҳамма типдаги умумий таълим мактабларида бу фанлар ўқитилиши лозим деб ҳисоблади. Шу билан бирга, табииёт ва математика ўқувчиларни зарур билимлар билан лозим бўлган даражада қуроллантириши, уларни келажак амалий фаолиятига тайёрланиши лозим, деб талаб қилди.
Дистервегнинг фикрича, бошланғич мактабда ўқувчиларнинг ўқитилган материални ўзлаштириш устида мустақил ишлай оладиган қилишга, уларда бунинг учун малака ҳосил қилишга, уларнинг ақлий куч ва қобилиятларини ўстиришга асосий эътибор берилиши зарур. Ўқитувчи кўрсатмали ўқитиш йўли билан болалардаги барча сезги аъзоларини ўстиришга алоҳида эътибор бериши лозим. Ўрта мактабда “моддий мақсад ҳам аста-секин олдинга сурила беради” — ўқувчилар хилма-хил ва чуқур илмий билимлар билан қуроллантира берилади.
Дистервег бошланғич мактабнинг ўқув режасига табииётни, физикадан бошланғич маълумотлар, амалий геометрия, географияни киритиб, бу режани кенгайтиришни талаб қилди. У ўрта мактабда реал билимларни ўқитиш принципини қизғин ҳимоя қилди ва ўз замонидаги классик гимназияни қоралади.
Дистервег такомиллашиб борувчи таълим дидактикасини яратди, бу дидактиканинг асосий талабларини таълимнинг 33 қонуни ва қоидаси тариқасида баён қилиб берди. Дистервег аввало табиатга уйғун қилиб, бола идрокининг хусусиятларига мувофиқ қилиб ўқитишни талаб қилди. У мисоллардан қоидаларга: буюмлар ва бу буюмлар тўғрисидаги аниқ тасаввурлардан шу буюмларни ифодаловчи сўзларга ўтишни таклиф қилди. Дистервег болаларни уларнинг сезги органлари бевосита ҳис қила оладиган буюмлар билан таништиришга жуда катта аҳамият бериш билан бир вақтда, боланинг ўз сезги аъзолари билан идрок қилаётган бутун материални ўйлаб кўриши ва англаб олиши зарурлигини уқтириб ўтади. Дистервег таклиф қилган кўрсатмали таълим “яқиндан узоққа”, “оддий нарсалардан мураккаб нарсаларга”, “осонроқ нарсалардан қийинроқ нарсаларга”, “маълум нарсадан номаълум нарсага” ўтиш керак, деган қоидалар билан боғланган таълимдир. Ўз вақтида Коменский таърифлаб берган бу қоидаларни Дистервег янада тараққий эттирди, педагог бу қоидаларни юзаки қўлланмаслиги керак деб ҳақли равишда огоҳлантирди.
Дистервег ўрганилаётган материални онгли ўзлаштиришга катта аҳамият беради. Ўқувчиларнинг ўрганилган материал моҳиятини равшан ва аниқ баён қилиб бера оладиган бўлиши шу материалнинг ўзлаштирилганлигини кўрсатувчи белгиларнинг биридир. Дистервег ўқитилаётган материалнинг мустаҳкам ўзлаштирилишига кўп эътибор беради. Дистервег “Ўқувчилар ўрганиб олган нарсаларни унутиб қўймасликларига ҳаракат қил” деган қоидани илгари суради ва ўтилган материал эсдан чиқиб қолмаслиги учун уни тез-тез такрорлаб туришни маслаҳат беради. Дистервегнинг қоидаларидан бирида “асосларни ўрганишдан шошилма” дейилади.
Дистервегнинг ҳаққоний равишда таъкидлашича, муваффақиятли таълим ҳамиша тарбияловчи характерда бўлади. Бундай таълим боланинг ақлий кучларинигина ўстириб қолмай, балки унинг шахсини, иродасини, сезгиларини, хулқ-атворини ҳам камол топтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |