Асосий экологик қонунлар
Атроф муҳитда ҳукм сурадиган экологик қонунларни ўрганиш экология фанининг бош мақсади ҳисобланади. Бу қонунлар турли-туман бўлиб, улардан асосийлари қуйидагилар:
1. Оптимум қонуни. Бу қонун организмга ижобий таъсир этадиган омилнинг меъёрда бўлиши зарурлигини билдиради. Омил даражасининг меёрдан кам бўлиши организмга етарлича таъсир кўрсата олмаслигига олиб келса, унинг кўп бўлиши эса заҳарли таъсир кўрсатиши мумкин.
Бир хилдаги омилнинг, масалан: ҳароратнинг, оптимуми турли хил организмлар учун турлича бўлади. Бир турдаги организм учун зарур бўлган оптимум бошқа тур учун камлик ёки кўплик қилиши мумкин. Жанубий мамлакатларда ўсувчи хурмо дарахти учун белгиланган ҳарорат оптимуми шимолда ўсувчи бошқа турдаги дарахтга ҳалокатли таъсир кўрсатади.
Организмларнинг экологик омиллар таъсирига бардош бера олиш даражаси яъни мослаша олиш диапазони экологик валентлик, экологик пластиклик ёки организмларнинг толерантлиги (лот. тolerantia - чидам), деб айтилади. Экологик валентлик турли хил организмларда турлича бўлади. Масалан: тундрада яшовчи шимол тулкиси (песец) ҳароратнинг 800С ўзгаришига (+30-550С) чидагани ҳолда, илиқ сувларда яшовчи қисқичбақа ҳароратнинг атиги 60С ўзгаришига (+23+290С) чидайолади, холос. Экологик валентлиги кенг бўлган организмлар олдига «эври» (гр.eurys - кенг) қўшимчаси қўйилади, тор бўлганларига эса «стено» (гр. stenos - тор) қўшимчаси қўйилади. Шунга кўра: эвритермлар – ҳарорат ўзгаришига чидамлилар; стенотермлар унга чидамсизлар; эврибатлар – босим ўзгаришига чидамлилар; стеноботлар – унга чидамсизлар; эвригалинлар – шўрликнинг ўзгаришига чидамлилар: стеногалинлар – унга чидамсизлар ва ҳ.к.з. Бу тушунчани умумлаштириб, турли хилдаги шароитларга кенг мослаша оладиган организмларни «эврибионтлар», фақат маълум бир шароитдагина яшай оладиган организмларни эса «стенобионтлар» деб аташ мумкин.
2. Либихнинг пессимум қонуни. Экологик омилнинг ёқимли таъсир даражаси оптимумдан узоқлашиб борган сари у организмга ёқимсиз туюла бошлайди ва ҳатто зарар ҳам бера бошлайди. Унинг зарар берадиган даражаси омилнинг экологик пессимуми дейилади. Масалан: ҳаводаги озон газининг оптимал миқдори 0,0001 мг/л бўлиб, бундай ҳаво одам учун ёқимли ва шифобахш ҳисобланади. Бироқ, ҳавода озон миқдорининг кўпайиши организмга салбий таъсир қилади - бу миқдор 0,02-0,03 мг/л бўлганида эса одамнинг нафас йўллари яллиғланиб, зотилжам касаллиги келиб чиқиши мумкин. Қонунни немис кимёгари Юстус Либих асослаган.
3. Шелфорднинг чекловчи омиллар қонуни. Омил таъсирининг пессимуми организм бардош бера оладиган даражадан ошганда, яъни критик нуқтага етганда организмни ҳалокатга олиб келиши яъни унинг ҳаётини чеклаши мумкин. Қонун «Толерантлик қонуни» га мос бўлиб, уни америкалик зоолог Эрнст Шелфорд асослаган.
4. Коммонер қонуни. Бу қонун экологияда ўрганилиши зарур бўлган қонунлардан бири бўлиб, у тўрт қисмдан иборат: 1) барчаси ўзаро боғлиқ (табиатдаги барча ҳодисалар ўзаро диалектик боғланишда бўлиб, бирининг ўзгариши иккинчисига ҳам таъсир кўрсатади). Бу қисм «Экологик корреляция қонуни», «Ички динамик мувозанат қонуни» ва «Табиатнинг занжир реакцияси қонуни»га мос келади; 2) барчаси қаергадир йўқолиб кетади (табиатдаги барча ресурслар доимий ўзгаришда бўлиб, бир турдан иккинчи турга ўтиб туради). Бундан хулоса шуки, мутлоқ чиқиндисиз технология бўлиши мумкин эмас; 3) табиат яхшироқ «билади» (инсон табиат сирларини табиатнинг ўзичалик яхши билмайди). Бундан хулоса шуки, инсоннинг табиат қонунларини чуқур ўрганмасдан туриб унга аралашиши экологик фожиага олиб келиши мумкин; 4) бирор нарса ҳам ўз-ўзидан берилмайди (инсоннинг табиатдан олганлари ўзига қайтариб берилиши керак). Бундан хулоса шуки, тупроқдан ҳосил олиш давомида унга ўғит киритиб, ундан ҳосил билан чиқиб кетган кимёвий элементлар ўрнини тўлдириб туриш зарур.
Экологик ниша. Экологик ниша атамасини фанга америка экологи Джозеф Гринелл киритган (1917 й.). Бу тушунчани турли экологлар турлича изоҳлаганлар. Масалан, Дж. Гринелл уни турнинг маконни эгаллаши, деб таклиф этган. Экологик нишани Ч. Элтон турнинг бирлашмада тутган ўрни деб билиб, бунда асосий эътиборни трофик яъни озиқа алоқаларига қаратади. Дж. Хатчинсон уни турнинг нормал яшаши учун имконият яратиб берадиган кўп ўлчамли макон деб қабул қилган. Экологик ниша тўғрисидаги кейинги маълумотлар олдингиларини инкор этмаган ҳолда, уларни тўлдиради. Масалан, К.М. Сытник фикрича экологик ниша – бу организмларнинг эгаллаган майдони, уларнинг бирлашмадаги функционал роли, ташқи муҳит омилларининг таъсирига мослашуви, физиологик реакцияси ва ҳатти-ҳаракатларидир. Г.В.Стадницкий ва А.И.Родионов бу тушунчани қисқа қилиб, у ёки бу турнинг яшаш шароитларини белгиловчи муҳит хусусиятларининг мажмуи, деб талқин қилдилар. Хулоса қилиб айтганда, экологик ниша – бу турни барча ҳаёт шароитлари билан таъминловчи яшаш муҳити ва турнинг ундаги функционал ўрнидир. Ўз экологик нишасини эгаллаган тур шу макондаги бошқа турлар билан рақобатга киришмайди. Бирор турнинг у ёки бу эконишига мансублиги аввало унинг озиқланиш характери ҳамда озуқани топиш усулларига боғлиқ. Масалан, даштлардаги ўсимликхўр организмлар бир майдонни эгалласаларда, уларнинг ҳар хил турлари ўсимликнинг ҳар хил қисмлари билан озиқланадилар – туёқлилар бўйи баланд тўйимли ўтларни истеъмол қилади, шу ердаги суғурлар туёқлилар истемолидан қолган пастроқ ўтлар билан озиқланади, юмронқозиқ ва ундан майда кемирувчилар эса туёқлилар ва суғурлардан қолган майда ўтларни йиғади. Шундай қилиб, бир майдонда яшовчи ўтхўр ҳайвонлар ўртасида ўсимликлар биомассасидан фойдаланиш чегараси ва тартиби келишиб олинган, дейиш мумкин. Бу ерда бир экониша иккинчисини тўлдиради ва натижада ўсимликлар биомассасидан тўлиқ фойдаланилади. Биогеоценоздаги ҳаёт шароитларининг ўзгариши натижасида унга мослашиш тариқасида организм ўз эконишасини ўзгартириши ҳам мумкин. Масалан, ҳаво ҳарорати пасайиб, озуқа ўта камайиб қолган даврларда тунги ҳайвонлар кундузи ҳам фаол ҳаёт кечирадилар.
4. Экологик омилларнинг организмларга таъсир кўрсатиш қонуниятлари
Экологик омилларнинг организмларга кўрсатадиган таъсири турлича бўлсада, улар қуйидаги қонуниятларга асосланади:
1. Организмнинг турли функцияларига битта омил таъсирининг турлича бўлиши. Алоҳида олинган бир омил бир организмнинг турли функцияларига турлича таъсир қилади. Масалан: ҳаво ҳароратининг 40-450С иссиқ бўлиши совуққонли ҳайвонларда (масалан, судралиб юрувчиларда) модда алмашинув жараёнини тезлаштиради, лекин шу билан бирга уларнинг ҳаракатчанлигини сусайтиради, яъни организмнинг тўлақонли яшашига халақит беради.
Организмлар ўзининг ҳаёт фаолиятидаги барча жараёнларни сақлаб қолиш учун уларни омилларнинг оптимал таъсирига мослаштиришга ҳаракат қилади. Бунга мисол қилиб, қушларнинг мавсумий кўчиб юришларини, дераза олдидаги ўсимлик ўзининг япроқларини ёруғлик тушадиган томонга қаратиши (фототропизм) ва шу сингариларни келтириш мумкин.
2. Муҳит омиллари таъсир кучининг турли индивидлар учун турлича бўлиши. Организмларнинг муҳит омиллари таъсир кучига бардош доираси бир турга мансуб индивидларда уларнинг физиологик ҳолати, ёши ва жинсига кўра турлича бўлади. Масалан: тегирмон капалагининг личинкаси 70С совуқда ҳалок бўлгани, ҳолда, унинг вояга етган индивиди 220С, тухумлари эса 270С гача совуққа чидайди. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, экологик валентлик алоҳида олинган бир индивидга кўра тур миқёсида кенгроқ бўлади.
3. Организмда муҳитнинг турли омилларига мослашиш турлича бўлиши. Организмнинг экологик валентлиги муҳитнинг турли омилларига нисбатан турлича бўлади. Масалан; бирор эвритерм организм ҳарорат ўзгаришининг кенг диапазонига бардош бераолгани ҳолда, у босим, шўрлик ва шунга ўхшаган бошқа омилларнинг ўзгаришига бардошсиз бўлиши мумкин. Организм мослаша оладиган омиллар турининг миқдори организмнинг «экологик спектри» дейилади.
4. Экологик спектрнинг ҳар хил турдаги организмларда ҳар хил бўлиши. Муҳит омилларининг хилма-хиллигига мослаша олиш имконияти ҳар хил турда ҳар хил бўлиб, бу имконият ҳатто бир-бирига яқин турларда ҳам бир хил бўлмайди. Баъзи омилларга нисбатан мослашиш турлараро бир-бирига яқин келиши мумкин, лекин улар муҳитнинг барча омилларига айнан бир хил мослаша олмайди, яъни ҳар хил турдаги организмларнинг экологик спектри ҳар хил бўлади.
5. Омилларнинг биргаликда таъсир қилиши. Организмларнинг алоҳида олинган бирор бир омилга мослашувида бошқа омилларнинг ҳам таъсири бўлади. Масалан: жазирама иссиққа бардош бериш қуруқ иқлимда нам иқлимга кўра осон кечади. Ҳавонинг намлиги юқори бўлган жойда унинг намлиги паст жойга қараганда совуққа бардош бериш осон. Демак, организмнинг иссиққа мослашувида ҳам, совуққа мослашувида ҳам муҳитнинг иккала омили, яъни ҳарорат ва намлик, биргаликда таъсир қилади.
Аммо биргаликда таъсир қиладиган омилларнинг таъсир даражаси ҳеч қачон бир хил бўлмайди, доимо уларнинг бири асосий, бошқалари эса унга қўшимча яъни тўлдирувчи сифатида ҳаракат қилади. Шуни айтиш керакки, организм учун омилларнинг барчаси ҳам зарур ва ҳеч қачон бир омилнинг ўрнини бошқа омил боса олмайди. Масалан: мутлоқ қуруқ тупроқка экин экиб, унга иссиқлик, ёруғлик, озуқа ва бошқа барча омилларни етарли қилиб берганимиз билан у экин кўкармайди, чунки бу ерда намлик омилининг таъсири етишмайди.
6. Омилларнинг чекловчи таъсири. Организм яшаши учун зарур бўлган омилларнинг кўпчилиги яшаш учун қулай бўлса-ю, уларнинг бирортаси оптимумдан узоқлашиб, критик нуқтага етса, бундай шароитда организм яшайолмайди. Бундай омил чекловчи омил ҳисобланиб, организмнинг ўша жойда яшашига имконият бермайди. Шунинг учун ҳам, айтиш керакки, чекловчи омиллар турларнинг географик тарқалишини белгилайди.
Чекловчи омиллар абиотик, биотик ва антропик бўлиши мумкин. Буларни қуйидаги бирнечта мисоллар билан тушуниб олиш мумкин. Масалан: бирор тур ўз ареалини шимолга кенгайтирганида у ўз ареалини иқлимнинг критик нуқтасигача кенгайтириши мумкин. Ундан нарида эса иқлимнинг чекловчи омили таъсир қилиб, бошқа кенгайтиришга имкон бермайди. Демак, бу ерда совуқ ҳарорат чекловчи абиотик омил ҳисобланади. Бирор географик майдонда кучли рақибнинг яшаши у ерга кучсиз организмнинг киришига йул бермайди. Бунда чекловчи омил биотик бўлиб, у ўша кучли рақиб ҳисобланади. Дон экиладиган майдонлар атрофидаги дарахтларда дала ва уй чумчуқларининг кўплаб уяларини кўриш мумкин. Аммо инсоннинг бу дарахтларни йўқотиши ёки майдонга дон экмаслиги чумчуқларни бу ерни ташлаб кетишга мажбур қилади. Бунда чекловчи омил антропик омил яъни инсон фаолияти бўлиб ҳисобланади.
Шундай қилиб, чекловчи омиллар организмлар ҳаётининг калити ҳисобланади. Чекловчи омилларнинг таъсири жой ва вақтга кўра ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам бу омилларни яхши ўрганиш организм ҳаётини тўғри бошқариш, ўсимлик ва ҳайвонларни парваришлаш, улардан мўл биомаҳсулот олиш ва бир ердан бошқа кўчириб, иқлимлаштириш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |