1.Экология фани нимани ўрганади, унинг шаклланиши ва вазифаси тўғрисида нима биласиз?
2.Экологиянинг қанақа бўлим ва тармоқлари мавжуд?
3.Экологик омиллар қандай гуруҳланади?
4.Тирик организмларнинг қанақа экологик гуруҳларини биласиз?
5.Фан-техника ривожланган ҳозирги даврда экологик мувозанатни сақлаш учун инсоният олдида қанақа вазифалар турибди?
Асосий адабиётлар
Гарин В.М. и др. – Экология для технических вузов. Ростов-на-Дону,
«Феникс», 2003
Николайкин Н. И. и др. – Экология. М., «Дрофа», 2005
Розанов С. И. – Общая экология. Санкт-Петербург-Москва-Краснодар,
«Лань», 2005
Кузнецова Н.А. – Хрестоматия по общей экологии. М., Изд. МНЭПУ, 2001
Чернова Н. М., Былова А. М. – Экология. М., Просвещение», 1988
2 – Мавзу: Экологик омиллар ва қонуниятлар
Маърузанинг режаси
1. Муҳит ва организмларнинг яшаш шароити
2. Экологик омиллар ва уларнинг классификацияси
3. Асосий экологик қонунлар
4. Экологик омилларнинг организмларга таъсир кўрсатиш қонуниятлари
Мавзуга доир таянч иборалар
муҳит, яшаш шароити, экологик омиллар, абиотик, биотик, антропик, қитиқловчи ўзгартирувчи, чекловчи, хабар қилувчи, оптимум, пессимум, критик нуқта, эврибионт, стенобионт, валентлик, спектр, ниша
Муҳит ва организмларнинг яшаш шароити
Организмлар яшайдиган муҳит ва ундаги яшаш шароити тушунчалари бир-бирига яқин, аммо экология нуқтаи назаридан уларни фарқлаш зарур.
Муҳит – бу организмни ўраб олган, унинг ўсиши, ривожланиши ва кўпайишига таъсир этадиган экологик омиллар мажмуидир. Сайёрамизда яшайдиган тирик организмлар бир-бирига ўхшамайдиган тўрт хил яшаш муҳитини ишғол қилганлар. Булар – сув муҳити, ер усти ҳаво муҳити, тупроқ муҳити ва тирик организмлардир. Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши дастлаб сув муҳитида бошланган. Кейинчалик организмлар ер усти ҳаво муҳитини эгаллаганлар, баъзи организмлар тупроқда ва бошқалари бирор бир организмда яшаб қолганлар. Организмлар қаерда яшашидан қатъий назар, ўша жойнинг муҳитига мослашиб олганлар. Бундай мосланишлар адаптация дейилади. Адаптациянинг келиб чиқиши турнинг эволюция жараёни билан боғлиқ бўлиб, бунда организмлар ҳужайраларининг биокимёвий таркибидан тортиб, уларнинг ҳулқ атворигача ўша шароитга мослашиб олади.
Муҳит организмга таъсир этадиган кўпгина органик ва ноорганик таркибий қисмлардан ташкил топади. Бу таркибий қисмларнинг баъзилари организм учун зарур, бошқалари зарур бўлмаслиги ёки организм учун ҳатто зарарли бўлиши ҳам мумкин. Масалан, дарахтда уя қўядиган қушнинг кўпайиши учун дарахт ва унинг яқин атрофида озуқанинг етарли бўлиши зарур. Аммо бу жойда кўриб, йиқилиб ётган дарахтларнинг бўлиши қуш учун аҳамиятсиз бўлиб, улар қушнинг ҳаётига таъсир кўрсатмайдилар. Дарахт тагига одамлар келиб бирор иш бошлашлари эса қушни безовта қилиши билан унинг кўпайишига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.
Яшаш шароити – муҳитнинг организмлар ҳаёти учун зарур бўлган ва унга бевосита таъсир этадиган таркибий қисмлари бўлиб, организм уларсиз яшай олмайди. Муҳитнинг бундай таркибий қисмларига экологик омиллар дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |