Табиий ресурслар ва уларнинг классификацияси
Ресурс французча сўз бўлиб, «ressources» – восита, заҳира деган таржимани беради. Табиий ресурслар – бу инсон ўзининг ҳаёт фаолияти учун табиатдан оладиган ёки келажакда олиши мумкин бўлган барча воситалардир. Табиат инсон учун яшаш муҳити ва ресурслар манбаи бўлиб ҳисобланади. Атмосфера ҳавоси, ер, сув, қуёш нури, иқлим, ер ости бойликлари, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси – буларнинг барчаси табиий ресурслардир.
Табиий ресурсларнинг классификацияси. Табиий ресурслар улардан фойдаланиш вақтига кўра иккига бўлинади: реал ва потенциал ресурслар. Реал ресурсларга инсон ҳозирги вақтда фойдаланаётган воситалар киради. Потенциал ресурслар эса инсон айрим сабабларга кўра ҳозирча фойдаланмаётган, аммо келажакда фойдаланиши мумкин бўлган ресурслардир.
Табиий ресурслар ўзларининг таркибий тузилишига кўра ҳам иккига бўлинади: элементар (содда) ва комплекс (мураккаб) ресурслар. Элементар ресурсларга Менделеевнинг даврий системасидаги барча кимёвий элементларни, шунингдек шамол энергияси ва фазовий нурларни киритиш мумкин. Комплекс ресурсларга кимёвий элементларнинг бирикмаларини (мас., тошкўмир, сув, ҳаво, турли хилдаги рудалар ва ҳ.к.) киритиш мумкин. Демак, комплекс ресурслар элементар ресурслардан ташкил топади.
Элементар ва комплекс ресурслар тушунчасини жонли табиатга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Бу ўринда элементар ресурсларга мисол қилиб маълум бир майдондаги ўсимлик ёки ҳайвон популяциясини олиш мумкин. Шу майдондаги биоценозни эса комплекс ресурс дейиш мумкин.
Табиий ресурслар ўзларининг чекли - чексизлигига кўра икки гуруҳга бўлинади: тугайдиган ва тугамайдиган ресурслар.
1.Тугайдиган ресурслар икки хил бўлади:
а) тикланадиган ресурслар - буларга тупроқ, ҳайвонот ва ўсимликлар олами мисол бўлади. Агар бирор сабабга кўра бу ресурсларга нисбатан маълум вақт нотўғри муносабатда бўлинса, улар заифлашиб ва камайиб қолади, аммо кейинчалик тўғри муносабатда бўлинганида эса улар сон ва сифат жиҳатидан қайта тикланиши мумкин.
Савол: тикланадиган ресурслар тикланмай, тугаб қолиши мумкинми?
Жавоб: бу муаммонинг қай даражада ечилиши инсон омилига боғлиқ. Инсон ўз фаолияти билан уларнинг тикланишини тезлаштириши, секинлаштириши ёки бутунлай тўхтатиб қўйиши мумкин.
Тикланиш тезлиги турли ресурсларда турлича бўлади. Масалан, агар кесиб ташланган ўрмонни қайта тиклаш 60-80 йилни талаб қилса, унумдорлиги йўқолиб, кучли заҳарланган ернинг тупроғини тиклаш юзлаб, минглаб йилларни талаб қилади. Эхтиётсизлик қилинганда тикланадиган ресурслар тикланмайдиган ресурсга айланиши мумкин.
б) тикланмайдиган ресурсларга қазилма бойликлар мисол бўлади. Буларнинг тикланиш жараёни уларни ўзлаштириш тезлигидан минг ва миллион марталаб секин кечади. Шунинг учун ҳам бу хилдаги ресурслардан фойдаланишда уларнинг потенциал миқдорини ҳисоблаб чиқиш ва шунга қараб иш тутиш лозим.
Тикланадиган ва тикланмайдиган ресурслардан фойдаланиш принципи бир-биридан тубдан фарқ қилади. Тикланадиган ресурслардан фойдаланганда уларни фойдаланилган жойларда маълум миқдорда қолдириш зарур, қайта тикланмайдиган ресурслардан фойдаланилганда эса бунинг тескариси, яъни кондаги бой ва камбағал маъданларнинг барчасини қазиб олиб, қайта ишлаш мақсадга мувофиқдир.
Шуни айтиш керакки, кончилик саноати ва металлургияда олинаётган хом ашёнинг йўқотилиш фойизи дунё бўйича юқори. У қора ва рангли металларни олишда ўртача 15-25 %, тошкўмир шахталарида 40 % ва нефть конларида 56 % ни ташкил қилади. Қазиб олиш пайтидаги йўқотишни камайтириш мақсадида нефть ва газ қудуқларига кучли босимда сув юборилади. Бу сув нефть ва газ тўпланган ер қатламларига кириб, уларни сиқиб чиқаради. Нефти оғир ва қуюқ бўлган қатламларга эса катта босимда сув буғи юборилади.
2.Тугамайдиган ресурсларга сув, иқлим, космик ресурслар ва сувнинг кўтарилиб-тушиш энергияси киради. Табиатда мавжуд сувнинг миқдори қандай мақсадга ва қанча фойдаланишдан қатъий назар ўзгармайди. Сув бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб, ер ва ҳаво орасида айланиб юради.
Do'stlaringiz bilan baham: |