Табиий ресурсларни муҳофаза қилишнинг аспектлари
Ибтидоий одамлар табиий ресурслардан фойдаланиш давомида уларнинг камайиши ҳодисасини сезиб, ўз ҳаётларини давом эттира олишлари учун бу ресурсларни муҳофаза қилиш керак эканлигини тушуниб етганлар. Аммо бу фақатгина масаланинг иқтисодий томонини ҳисобга олган ҳолда муҳофаза қилиш эди. Жамият ривожининг кейинги даврларда инсон тафаккурининг ўсиши билан табиат муҳофазасининг бошқа аспектлари ҳам келиб чикабошлади.
Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишнинг аспектлари қуйидагилардан иборат:
1) иқтисодий аспект узоқ ўтмишда келиб чиққан бўлиб, ҳозирги замон ва келажак учун ҳам муҳимдир. Инсон ўз иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун табиий ресурсларни узлаштиради. Маълумотларга кўра қазилма бойликлардан фойдаланиш 1940 й. аҳоли жон бошига дунё бўйича ўртача 7,4 т.ни ташкил килган бўлса, 2000 йилга келиб бу миқдор 35-40 т.га етди. Ҳозирги вақтда ҳар йили ер остидан 100 млрд т ёқилғи ва курилиш материаллари қазиб олинади, 800 млн.т. металл эритилади. 1984 йил маълумотига кўра Ер юзида 2,5 млрд т. нефть ва 20 млрд. т. кўмир ёкилган, 2 млрд м3 ёғоч ишлатилган, 50 млн. т. балиқ, қисқичбақа ва моллюскалар овланган. Хулоса қилиб айтганда биз табиий ресурслардан қанчалик кўп фойдалансак, шунчалик иқтисодимиз кўтарилади, аммо бунда уларнинг тугаб қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уларни иқтисодиёт зарурияти учун ҳам муҳофаза қилиш зарур.
2) гигиена-соғломлаштириш аспекти атроф муҳит ифлосланишининг кишилар соғлигига таъсири кучаяётганлиги муносабати билан яқин ўтмишда келиб чиқди. Иктисодни кўтариш учун табиатга ўтказиладиган таъсир, агар у пухта ўйлаб қилинмаса, тескари натижалар бериши мумкин. Масалан, 1959 й. АҚШ нинг Мичиган штатида япон қўнғизларига қарши далаларга сепилган заҳарли кимёвий моддалардан тупроқ жиддий заҳарланиб, унинг ҳосилдорлиги пасайиб кетди, бундан ҳайвонот олами ҳам жиддий зарар кўрди. Собиқ Иттифоқ даврида бундай ҳодисалар Ўзбекистонда ҳам содир бўлиб турар эди. Яшаётган муҳитимиз софлигини сақлаш саломатлигимиз гаровидир, шунга кўра соғломлаштириш аспектининг муҳимлиги доимо сақланиб қолади.
3) тарбиявий аспект инсонда меҳр-шавқат, олийжаноблик ҳисларини тарбиялашда намоён бўлади. Табиатни дилдан севадиган кишилар одатда кўнгилчан, хушфеъл, нозик дидли, халқига ва дўстларига содиқ ватанпарвар кишилар бўлади. Шунинг учун ҳам бола мактабгача тарбия муассасаларида табиатни севиш руҳида тарбияланади.
4) эстетик аспект тарбиявий аспект билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у ҳам инсонинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Агар инсон табиатдан эстетик завқ олмаганида халқ орасидан ёзувчи ва шоирлар, қўшиқчи ва композиторлар етишиб чиқмаган бўлар эди. Бетховен ва Римский-Корсаков мусиқа яратишда қушларнинг сайрашидан фойдаланганлар. Ўзбекистон ёзувчилар жамияти қароргоҳининг сўлим табиатли Дўрмонда жойлашиши ҳам шундан. Эстетик аспект қадимда келиб чиққан бўлиб, қадимги одамлар тошларга турли ҳайвонлар суратини чизиб қолдирганлар. Буни Навоий шаҳри яқинида жойлашган Сармыш ҳудудидаги тоғ тошларида, Китоб шаҳри яқинидаги тоғ тизмаларида кўриш мумкин.
5) илмий идрок қилиш аспекти халқ хўжалигининг барча соҳалари учун, айниқса техника тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Кишилар ўзларининг барча яратувчанлик ишларида табиатдан андаза олганлар. Эрамиздан аввалги 460-370 йилларда яшаб ўтган грек файласуфи Демокрит бу тўғрида шундай деб ёзган эди: «Биз муҳим ишларни бажаришни ҳайвонлардан ўргандик, аниқроқ қилиб айтганда, биз тўқиш ва бичиш-тикиш касбини ўргимчакдан, уй қуришни қалдирғочдан, қўшиқ айтишни сайроқи қушлардан, оққуш ва булбулдан ўргандик». Ҳайвонлар, шу жумладан қушлар, асаларилар ва ҳатто саҳро чумолилари ҳам бир ердан бошқа ерга кўчганларида кетиб-келиш йўналишларини осмондаги фазовий жисмларга қараб белгилайдилар. Инсон авиайўналишларни белгилашда худди шу принципдан фойдаланади. Инсон самолётни яратишда ниначининг учиш принципидан, ультратовушни тутувчи локаторларни яратишда эса кўршапалакнинг сезги органлари иш принципидан фойдаланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |