Биосферада инсоннинг фаолияти. Ноосфера
Биосфера ривожланишининг дастлабки этаплари биогенез ривожланиш даври бўлиб, бу давр табиатда моддалар айланиши ва тирик организмларнинг шунчаки кўпайишидан иборат эди. Кейинчалик унда инсоннинг келиб чиқиши биосфера тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Бу унинг ноосферага ўтиш даври бўлиб, бунда В.И. Вернадский таъкидлаганидек, биосфера ривожланишининг асосий омили одамнинг ақлий фаолияти бўлиб қолади.
Ер юзида эндигина пайдо бўлган инсон табиатга тобеъ бўлиб яшаган, ундан ўз эҳтиёжи учун зарур миқдордагина озуқа олган ва уни табиатга чиқинди ҳолатида қайтарган. Аммо кейинчалик инсонда идрок қилишнинг келиб чиқиши унинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди. Оловга эга бўлган инсон унинг ёрдамида иш қуроллари ясади, уларни такомиллаштирди ва табиатга ўз таъсирини тобора кучайтираборди. Шундай қилиб, биосфера ривожланишида янги - ноогенез даври бошланиб, биосфера ноосферага айланди.
Ноосфера идрок доираси бўлиб, бунда биосферадаги ҳаёт жараёнлари инсоннинг ақлий фаолияти билан бошқарилади. Ноосферанинг шаклланиши инсоният олдига табиат билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш масаласини қўйди. Бу жамиятнинг ҳар бир кишисидан ўйлаб иш тутишни, ўзи ўтирган дарахт шохига болта урмасликни талаб қилади. Аммо, ҳақиқий ҳолат бундан узоқ бўлиб, инсон билан табиат ўртасидаги муносабат тобора кескинлашиб борди ва у кейинчалик том маънода зиддиятга айланди. Айниқса XX-асрда фан ва техниканинг тараққиёти инсонни табиатга таъсир ўтказувчи қудратли кучга айлантирди. Бу даврга келиб инсоннинг табиий ресурсларни ўзлаштириш суръатлари мисли кўрилмаган даражада ортди ва пропорционал равишда атроф муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиши кучайди.
Инсон фаолиятининг табиатга таъсири антропик таъсир дейилади. Ҳозирги даврда бу таъсир бутун дунёни ва ҳатто коинотни ҳам қамраб олиб, глобал масалага айланди. Саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши билан ундан чиқадиган чиқиндилардан ер, сув ва ҳавонинг техноген ифлосланиши тобора кучаймокда. Бу билан барча тирик организмларнинг ягона яшаш маскани бўлган биосферанинг ўрнини техносфера эгалламокда. Бу ҳол айниқса ривожланган баъзи мамлакатларда ўзининг салбий натижалари билан «экологик танглик» ни келтириб чиқарди. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда Халқаро миқёсда «инсон ва биосфера» масаласи келиб чиқди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида атроф-муҳит масаласи бўйича комитет ва комиссияларнинг тузилиши, кўпгина янги Халқаро ташкилотлар, давлат ва нодавлат тузилмаларининг пайдо бўлиши ҳаёт тақозосидан келиб чиққан зарурият ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |