Мавзуни мустаҳкамлаш учун саволлар
1. Чангларни қайси усулларда тозалашади?
2. Газларни тумандан қандай тозалашади?
3. Чангларни қандай турларини биласиз?
4. Газни олтингугурт оксидидан тозалаш услубларини қайсиниси энг самарадорлидир?
5. Фосфорли газларни нима билан тозалашади?
6. Галогенлар қандай тозаланилади?
7. Азот оксидлари қандай тозаланилади?
3- амалий машғулот: Кончиликда чангларни ЧМЧни хисоблаш ва чанг ютувчи мосламаларни ўрнатиш заруратини асослаб бериш
Кончилик саноати ривожланган ҳудудлар ҳавосига чанг, углерод ва азот оксидлари, олтингугурт ангидриди, сераводород ва бошқа кимёвий бирикмалар чиқиб туради.
Кончиликда ҳавони ифлословчи манбалар 2 гуруҳга бўлинади:
1) даврий манбалар – буларга портлатиш ишлари киради. Карьердаги тоғ жинсларини қазиб олиш уларни бурғулаш-портлатиш орқали амалга оширилади. Портлатиладиган қудуқларни буғулаш жараёнида ҳосил бўладиган эзилган тоғ жинслари сиқилган ҳаво ёрдамида чиқариб ташланади ва бунда ҳавога катта миқдорда чанг ва зарарли газлар кўтарилади.
Ҳозирги вақтда кон ресурсларини очиқ усулда қазиб олиш ялпи портлатиш орқали амалга оширилади. Бундай усул билан ҳар бир портлатишда 2 млн. м3 гача тоғ жинси юмшатилади ва шу билан бирга ҳавога ҳажми 15-20 млн. м3 га етадиган чанг газ булути кўтарилиб, унинг таркибида 250 т. гача чанг ва 6-10 минг м3 гача зарарли газлар бўлади. Портлатишда ажралиб чиқадиган зарарли газларнинг таркиби ва миқдори портловчи модданинг турига боғлиқ. Энг кўп миқдордаги газ тротила портлатилишидан ажралади (84,4 л/кг. гача), энг кам миқдордаги газ эса зерногранулит портлатилишидан ажралади (32 л/кг. гача). Ёппасига портлатишда портлатилган тоғ жинсидан иккиламчи газ ажралиш ҳодисаси кузатилади. Бунда айниқса углерод оксидлари кўп ажралади. Баъзан газ ажралиши 10-15 соатгача давом этиб, у тоғ жинсини қазиш-юклаш ишлари жараёнида янада кучаяди.
2) доимий манбалар – буларга тоғ жинсларини портлатишдан ташқари уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан бевосита боғлиқ бўлган барча жараёнлар киради.
Тош олинадиган карьерларда тошни кесиш жараёнида кўп миқдорда чанг ажралади. Тошни юклаш ва ташишда атмосферага чангдан ташқари углерод ва азот оксидлари, акролеин ва бошқа транспорт газлари чиқарилади.
Тоғ жинслари одатда оғир юк кўтарувчи қудратли транспорт воситаларида ташилади. Улар ўз йўли давомида, айниқса карьердан чиқиш йўлида, зўриқишидан ҳавога катта миқдорда чанг ва транспорт газлари чиқарадилар. Тоғ-кон ишларида асосан дизель ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланилиши атроф муҳитга техноген таъсирни карбюраторли машиналар ишлатилишига кўра сезиларли даражада камайтиради. Бунинг сабаби шундаки, дизель ёқилғиси созланган форсункалар орқали пуркаб берилишида унинг ёниш коэффициенти 60 % гача кўтарилади, этилланган бензиннинг ёниш коэффициенти эса 32 % дан ошмайди. Бунинг устига, бензиннинг ёнишидан муҳитга бензапирен, ис гази, қўрғошин буғи ва шу сингари кучли заҳарли газлар чиқади. Бензин таркибига этил суюқлиги билан қўшилган қўрғошин ёқилғи ёнганда буғ ҳолида ажралиб, қўрғошин бирикмаларини ҳосил қилади, уларнинг 30 % ер сиртига чўкиб, 40 % ҳавога тарқалади. Транспорт газларининг муҳитга таъсири ҳаво намлиги юқорилашган сари кучаяди.
Муҳитнинг турли газ ва чанглар билан ифлосланишида айниқса майдалаш-саралаш, агломерация ва бойитиш фабрикалари, таъмирлаш корхоналари, қозонхоналар, энергетик қурилмалар, автотрактор парклари ва шунга ўхшашлар ҳам жиддий таъсир кўрсатади.
Айтилганлардан ташқари тоғ-кон ишлари ҳаво бўшлиғини техник шовқин билан ҳам ифлослантиради. Карьерларда кучли шовқин ҳосил қилувчи манбалар қаторига технологик машина ва қурилмалар, транспорт воситалари каби доимий манбалар ҳамда портлатиш ишлари каби даврий манбаларни киритиш мумкин.
Кончиликда атмосфера муҳофазаси тадбирлари. Кончилик корхоналарида атмосфера ҳавосини муҳофазалашнинг турли тадбирлари қўлланилади. Бу тадбирлар чангланиш ва ишлаб чиқариш шовқинларини камайтиришга қаратилгандир.
Чангланишини камайтириш. Бу тадбир чангни тутиб қолиш, кўтариладиган чангни босиш ҳамда чанг кўтарилувчи юзаларни қотиришдан иборат.
Чангни тутиб қолиш бурғулаш ишларида, майдалаш-саралаш, агломерация ва бойитиш фабрикаларида механик, гидравлик, фильтрли ва электр чангтутгичларда амалга оширилади. Механик чангтутгичларнинг иши чанг зарраларининг ўз оғирлиги, инерция кучи ва марказдан қочма куч таъсирида ажралиб, чўкишига асосланган. Гидравлик чангтутгичлар иши чанг зарраларини суюқлик ёрдамида чўктириш яъни чангли ҳавони «ювиш»га асосланган. Фильтрли чангтутгичларда чанг зарралари ғовак фильтрловчи элементларда тутиб қолинади. Электр чангтутгичлар иши чанг зарраларнинг электр токи таъсирида ионлашиб, мусбат электрод атрофига тўпланишига асосланган.
Кўтариладиган чанг ва газларни бостириш тоғ жинсларини юмшатиш, уларни юклаш, тушириш, ташиш ва сақлаш жараёнларида амалга оширилади. Тоғ жинсларини юмшатиш бурғулаш ва портлатиш воситасида амалга оширилади. Бурғулаш жараёнида кўтариладиган чанг: 1) ҳаво-сув аралашмаси ёрдамида бостирилади; 2) ҳаво-эмульсия аралашмаси ёрдамида бостирилади. Эмульсион материал сифатида ишлатилган трансформатор мойи ёки сирт-фаол моддалар (СФМ) дан фойдаланилади; 3) чангтутгичларда тутиб қолинади.
Портлатиш ишларида чанг ва газларни бостириш технологик ва мухандислик-техник тадбирлари орқали амалга оширилади. Технологик тадбирларга портлатиш кучини бошқариш усули киради. Мухандислик-техник тадбирларга қуйидагилар киради:
● портлатиладиган жой ва унинг атрофини олдиндан суғориб қўйиш;
● портлатишда сув забойкасини қўллаш;
● портлатишда қўлланиладиган забойка материалига нейтрализаторлар (туз ва оҳак) қўшиш;
● мусбат кислород балансли портловчи моддалардан фойдаланиш;
● портлатишда чанг-газ булутининг тезроқ тарқалиши учун шамол эсадиган вақтни танлаш;
● ҳавога кўтарилган чанг ва газни бостириш учун сувни узоқ масофага сепадиган кучли гидропосев қурилмасидан фойдаланиш.
Тоғ жинсини юклаш туширишда кўтариладиган чангни бостириш учун қуйидаги ишлар бажарилади:
● юкланадиган кон массасини олдиндан ҳўллаб қуйиш;
● юмшатилган кон массасини юклаш пайтида қайта ҳўллаш;
● кўтариладиган чангни ротор эксковаторларидаги аспирацион тизимда тутиб қолиш.
Тоғ жинсини ташиш ва сақлаш жараёнида қуйидаги чанг-газ бостириш ишлари бажарилади:
● автомобиль йўлларига сув ёки эмульсия сепилади;
● темир йўл транспортига юкланган масса ҳўлланади ёки унинг сиртига боғловчи суюқлик сепилади ёхуд унинг усти плёнка билан ёпилади;
● конвейер транспортига юкланган массанинг усти плёнка билан ёпилади;
● массани тушириш ва уюмлашда чанг кўтарилмаслиги учун у ҳўлланади;
● автотранспортдан чиқариладиган газларни камайтириш учун двигателлар созлаб турилади, газларни парчалаш учун каталитик ва термо-каталитик нейтрализаторлардан фойдаланилади. Катализаторлар автотранспорт газидаги углерод оксидларини 75 % га, углеводородларни 70 % га ва альдегидларни 80 % га нейтраллайди.
Карьердаги чанг кўтариладиган юзаларни қотириш. Карьердаги чанг кўтариладиган юзаларга ағдармалар сирти, карьер ва унинг атрофидаги майдонлар, карьернинг қия бортлари ҳамда шламхоналарнинг қуриган майдонлари киради. Чанг кўтарилиши мумкин бўлган бундай жойларнинг сирти қуйидаги усуллар билан қотирилади:
● карьерларнинг қия бортларига полиакриламид, натрий хлор ва кальций хлорнинг кучсиз (0,01 – 0,1 %) эритмалари ёки битум эмульсияси сепилади;
● ағдармалар ва шламхоналарнинг қуриган сирти латекс (каучук ва зардоб аралашмасидан иборат сут рангидаги суюқлик) билан қопланади;
● карьер атрофидаги майдонлар кўкаламзорлаштирилади;
● ағдармалар сирти гидропосев усули билан қотирилади. Бунда суюқликни узоқ масофага сепадиган механизм ёрдамида ўсимликлар уруғига озуқа бўлувчи ва айни вақтда қотиб, ҳимоя пардасини ҳосил қилувчи суюқ аралашма сепилади.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун саволлар
Даврий манбаларни тушунтиринг.
Доимий манбаларни тушунтиринг
Конда кўтариладиган чанг ва газларни қандай усуллар билан
бостирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |