Вируслар ва микоплазмаларни ўсимликларда юзага келтирадиган касалликларнинг белгилари. Ўсимликларда вируслар келтириб чиқарадиган касалликларнинг ташқи белгисига қараб мозаика, ўсимлик аъзоларининг ўзгариши ва қўнғир доғларни ҳосил бўлиши турларига бўлинади.
Мозаика туфайли зарарланган ўсимликнинг барглари, пояси, гули ва мевасида ранглар ғалланиб жойлашади. Мозаикада ўсимликни соғ аъзосидаги ранг билан оқ-сарғиш оч яшил ёки бошқа ранглар билан галланиб жойлашади.
Мисол тариқасида бодрингнинг мозаика касаллигини олиш мумкин. Зарарланган ўсимликларнинг барглари соғломга нисбатан майда бўлиб, унда тўқ яшил, оч яшил ва сариқ яшил қисмлар яққол ажралиб туради. Барг у ёки бу даражада тиришган бўлади. Касалликнинг бундай белгилари ўсимликнинг юқориги баргларида яққол кўринади. Меваларда ҳам шундай мозаикани кузатиш мумкин. Зарарланган меваларнинг сирти нотекис бўлиб, тўқ яшил қисми бўртиб чиққан бўлиб, кўпинча мевалар кўримсиз бўлиб қолади.
Ўсимлик аъзоларининг ўзгариши (деформация). Вируслар таъсирида ўсимлик аъзоларини ўзгариши баргларни ипсимон, папоротниксимон, майдаланган ёки катталашиб кетиши тариқасида намоён бўлиши мумкин. Барг, гул ва меваларнинг шаклини ўзгариши зарарланган тўқималарнинг айрим қисмини нотўғри ривожланиши туфайли юзага келади. Бу эса баргларда тиришиш ёки бошқа ўзгаришларни, меваларда эса шаклини ўзгаришига олиб келади.
Бунинг учун помидор баргларини папоротниксимон ёки ипсимон бўлиб қолиш касаллигини олишимиз мумкин. Биринчи ҳолатда зарарланган ўсимликнинг баргларининг пластинкалари кундалангига қирқилган бўлиб, кўриниши папоротник баргига ўхшайди. Баргни ипсимон тусга Кириши яққол кўринади. Бунда барг пластинкаси энсиз бўлиб, унинг учун мўйлов сингари ингичкалашиб чўзилган бўлади. Айрим ҳолда барг пластинкаси энсизланиб ипсимон тусга, ҳатто бутунлай емирилиб кетиши мумкин.
Қўнғир доғларни ҳосил бўлиши ёки тўқималарни нобуд бўлиши, баргларда якка ва ҳалқасимон доғлар, поя, мева ва барг бандида эса қўнғир узунасига кетган чизиқлар тариқасида намоён бўлади.
Касалликнинг бу тури билан танишиш учун помидор пояси барг бандида узунасига кетган қўнғир, айрим ҳолда ялтироқ доғлар кузатилади. Барг пластинкасида бурчагли ёки маълум бир шаклсиз қорамтир доғлар ҳосил бўлади. Зарарланган меваларда ёриқлар ёки қўнғир доғлар юзага келади. Микоплазмалар ўсимликларга қўзғатадиган касалликларга ташқи кўриниши қуйидаги турларга бўлинади: сарғайиш, пастбўйлик, супургиларни ҳосил бўлиши ва ўсимликнинг генератив аъзоларини ўзгариши.
Микоплазма келтириб чиқарадиган касалликларнинг сарғайиш тури ўсимликнинг бутунлай ёки айрим шохларини сариқ тусга кириши кузатилади, бунда зарарланган аъзоларнинг флоэмасига ўзгариш содир бўлмай, балки ўсув жараёни бузилгани кузатилади. Касалликнинг сарғайиш турига шафтоли ва астроном сарғайишини, шолини паст бўйли сарғайиш касалликларини ҳамда бошқа бир қатор мисолларини келтиришимиз мумкин.
Пастбўйлилик касаллик турини кўпроқ ғалла донлик экинларда кўзатилади. Касалликни бу тури билан танишиш учун сулини пастбўйлилик касаллигини олиш мумкин. Бунда зарарланган сулини бўйи паст бўлиб, унинг пояси ривожланмай, бутун барглари илдиз атрофтига тўпланган бўлади, поялар сони ҳам бир қанчага етади. Бундай ўсимликнинг илдизи ривожланмай, бир тутам бўлиб қолади.
Супургиларни ҳосил бўлишида зарарланган ўсимликнинг шохларини ўсув нуқтасидан бир новданинг ўрнига бир қанча новдалар ривожланиши туфайли улар майда бўлади, буни четдан қараганда супургиларга ўхшатилади.
Микоплазма келтирадиган касалликни бу турига мисол қилиб толни супурги ҳосил қилиш касаллигини олишимиз мумкин.
Микоплазмалар келтириб чиқарадиган ўсимликнинг генератив аъзоларининг ўзгариши турида зарарланган гулларни ранги яшил тусга киради ва гул коса барглар кўпинча ривожланиб кетади. Касалликнинг бу турига мисол қилиб помидорнинг, болгар қалампирнинг, бақлажоннинг столбур касалликларини ва бошқа касалликларни олиш мумкин. Лаборатория машғулоти даврида вируслар ва микоплазмаларга хос бўлган касаллик турларини ўзаро таққослаб кўриб чиқиш керак ҳамда расмларини чизиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |