Касаллик аломатлари. Мелойдогинознинг якқол белгилари ғўза илдизида урчуқ ёки думалоқроқ шаклдаги, одатда маржонга ўхшаб тузилган, кичик (диметри 1-6 мм) галл (бўртма, тугунча, қавариқ)лар ҳосил бўлишидир. Улар ўқ илдизда кам, ён илдизларда кўп миқдорда кузатилади. Галларнинг ўлчами илдизда зарарланган жойлар миқдори, уларнинг қўшилиб кетиши билан боғлиқ ҳолда ўзгаради, аммо бошқа юмшоқ илдизли экинлар (помидор, гаримдори, қанд лавлаги ва ҳ.к.) илдизида ривожланадиганларидан анча кичик бўлади. Ғўза эрта зарарланган ҳолда ўқ илдиз одатда кучли шикастланади, яхши ривожланмайди, саёз ривожланган кўп илдизлар пайдо бўлади. Ўсимликнинг устки қисмларидаги белгилар номахсус бўлиб, бошқа илдиз касалликлари ва озиқа моддаси етишмаслигига ўхшайди - ғўзанинг бўйи пасайиши, барглар сарғайиши ёки қизғиш тус олиши, баъзан ўсимлик сўлиши кузатилади. Бунинг сабаби - илдиз ксилемасининг фаолияти бузилиши, ўсимлик сув ва озиқа моддаларини етарли миқдорда ола олмаслиги ва фотосинтез қобилияти пасайишидир. Натижада ўсимлик нимжон бўлиб қолади, кўсак миқдори, ўлчами ва оғирлиги камаяди, бошқа замбуруғ касалликлари (фузариоз сўлиш, ниҳол касалликларига) мойил бўлиб қолади (Healt ва б.қ., 1981; Hake ва б.қ,, 1996).
Мелойдогиноз қўзғатувчилари. Жануб ва Ғарб галл нематодаларининг микроскопик белгилари (урғочи ва эркак индивид 2-ёшдаги личинка ва тухумларининг шакли ва ўлчами) бир хил, ерёнғоқ нематодаси улардан урғочи индивид ва 2-ёшдаги личинкачисининг бироз каттароқ бўлиши билан ажралиб туради. Марказий Осиёда ва Родезияда ғўзани ява ва шимолий галл нематодалари хам зарарлаши хабар қилинган (Кирьянова, Кралль, 1971; Мавлянов, 1976), аммо АҚШ олимлари ўтказган кўп таҳлиллари натижасида ғўзани галл нематодаларидан фақат бир тур - жанубий галл нематодаси (Meloidogyne incognita) зарарлаши мумкинлиги исботланган (Hake ва б.қ,, 1996). Фитонематодалар ҳозирги пайтда асосан фақат уларнинг анал-вульвар пластинкасидаги чизиқлар шаклига қараб турларга ажратилади. Таҳлил натижаларига уни ўтказувчи шахснинг субъектив идроки таъсири бўлиши эҳтимоли нематода турларини аниқлашни бироз тахминий деб қабул қилиш лозимлигини кўрсатади. Айни пайтда замонавий молекуляр - генетика усуллари (полимераза занжир реакцияси, ген дактилоскопияси)ни қўллаш ёрдамида Марказий Осиёда ғўзани зарарловчи галл нематодалари ҳам тур - Meloidogyne incognita турига мансублигини аниқлаш мумкинлигини эҳтимол тутилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |