Касаллик аломатлари. Ғўза бутун ўсиш даврида зарарланиши мумкин, аммо одатда касалликнинг ташқи белгилари июл ойининг 2-ярмидан сўнг тупроқ ҳарорати етарли бўлганда, ўсимлик шоналаш ва кўсак чиқариш пайтида якқол кўринади. Олдин ёш барглар сал сарғаяди ёки бронза тус олади, ҳарорати ошади, сўнгра ўсимлик бирдан, 1-2 кун ичида сўлади, барглар қурийди, аммо тўкилмасдан, ғўзада осилиб колади. Техас илдиз чиришининг бошқа тупроқ патогенлари қўзғатадиган касалликлардан кескин фарқ қиладиган характерли хусусияти - далаларда нобуд бўлган ўсимликлар нотўғри думалоқ, қўнғир тусли манбалар («орол» ва «оролчалар») ҳосил бўлиши ва бу манбалар кўпчилик далаларда ҳар йили олдинги мавсумларда учраган айни жойларда кузатилишидир (чунки паразит суғориш суви, ёмғир, тупроққа ишлов бериш механизмлари, ҳащаротлар, шамол ёрдамида тарқалмайди). «Ороллар» илиқ, нам ҳавода атрофига ўсади. Касаллик кучли ривожланган ҳолларда бутун даладаги ўсимликлар нобуд бўлиши мумкин. Тупроқ остида илдиз замбуруғнинг қўнғир, мицелий гифаларининг эшилган канопга ўхшаш иплари - ризоморфлари билан қопланади. Бу иплар лупа ёрдамида осон кўринади. Илдиз қобиғи яралар билан қопланади, бутунлай чирийди, юмшоқ бўлиб қолади, бармоқ билан осон олинади, остидаги қисмлари қизил ёки қўнғир тус олади. Тупроқ устида, илдиз атрофларида замбуруғ оқ, момиқ мицелий ҳосил қилади. Паразит одатда фақат илдизни зарарлайди, кам ҳолларда пояга 2-5 см гача кўтарилади (Дунин, Понер, 1936; Блэнк, 1956; Каримов, 1976; Lyda, 1981; Muller ва б.қ., 1983; Davis ва б.қ., 1996).
Касаллик қўзғатувчиси ва унинг белгилари. Техас илдиз чиришини дейтеромицетлар синфига оид Phymatotrichum omnivorum (синоним Ozonium omnivorum) замбуруғи қўзғатади. Замбуруғ ривожланиш циклида 3 та - мицелий ва ризоморф, склероций ва конидия босқичлари мавжуд. Ризоморфлар замбуруғ гифалари узунасига «эшилиб», ёпишиб бирикиши натижасида ҳосил бўлади. Улар марказий, катта ҳужайрали гифа, атрофида майда қобиқ ҳужайраларидан иборат; усти тикансимон ацикуляр гифалар билан қопланганлиги учун ризоморфлар бироз момиқ бўлиб кўринади. Ризоморфдан нотўғри думалоқ шаклли, ўлчами горчица уруғидай, оч ёки тўқ-қўнғир, якка ёки илдиз бўйлаб занжирчаларда, баъзан илдиздан узоқроқда тупроқда бир-бирига ёпишган (конгломерат) ҳолдаги склероцийлар ҳосил бўлади. Улар 244 см гача, аммо энг кўп миқдорда 30-40 см чуқурликда жойлашади. Замбуруғ нобуд бўлган ўсимлик яқинида тупроқ ва илдиз устида, ҳар хил шаклли, оқ ёки қўнғир тусли, диаметри 40 см гача, қалинлиги эса 18 см гача бўлган конидия ёстиқчалари ҳосил қилади. Ҳар бир конидиофоранинг думалоқ учида 10-30 та бир ҳужайрали, диаметри 4-6 мкм, рангсиз конидиялар ривожланади. Конидияларнинг замбуруғ ҳаёт циклидаги ўрни номаълум (Дунин, Понер, 1936; Блэнк, 1956; Каримов, 1976; Lyda, 1981; Davis ва б.қ., 1996).
Кураш чоралари. Техас илдиз чириши билан курашиш жуда қийин, чунки касалликка чидамли ғўза турлари ва навлари мавжуд эмас, тупроқни қўзғатувчидан бутунлай ёки юқори самара билан тозалаш мумкин эмас. Шу сабабдан АҚШнинг Техас штатида баъзи фермерлар пахта етиштиришдан воз кечишга ва бошқа соҳалар (чорвачилик) билан шуғулланишга мажбур бўлишган. Касаллик билан курашда энг замонавий тадбир сифатида совуқ тупроқ шароитига (баҳорда эрта экишга) чидамли, кўсакларнинг деярли барчаси эрта ва жуда қисқа вақт ичида очиладиган навлар экиш амалиётга киритилган; бу тадбир замбуруғнинг энг паразитик фаол даври бошланишидан олдин ғўза ҳосили пишишини таъминлаш ва касаллик зараридан қутилишга имкон беради. Шу билан бирга, сидерат экинлар ўстириб тупроққа киритиш, гўнг (45 т/га) қўллаш, чуқур кузги шудгор ҳамда далаларга ош тузи киритиш тупроқдаги замбуруғ склероцийлари миқдорини ва ғўза зарарланишини камайтириши мумкинлиги аниқланган (Блэнк, 1956; Lyda, 1981; Davis ва б.қ., 1996).
Касаллик қўзғатувчиси Ўзбекистонга киришига йўл қўймаслик учун барча карантин тадбирларига қатъий риоя қилиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |