Кураш чоралари. Сифатли, кислота ёрдамида туксизлантирилган, бир ёки бир нечта самарали фунгицид қоришмаси билан дориланган уруғлик ишлатиш, барча ниҳол касалликлари, жумладан антракноз билан курашда ҳам энг асосий тадбир ҳисобланади. Бу тадбир билан кўмакчи чораларни (алмашлаб экиш, ғўзапояни даладан чиқариб ташлаш, ўсимлик қолдиқларини чуқур кузги шудгор ёрдамида зарарсизлантириш) қўллаш АҚШда антракнозни аҳамиятсиз касалликка айлантирди (Davis ва б.қ., 1981). Ўзбекистонда қуйидаги кураш чораларини қўллаш лозим: уруғлик чигит ва ўсимлик материаллари билан карантин касалликлари, жумладан антракноз қўзғатувчисини киритмаслик учун карантин чора-тадбирларига қатъий амал қилиш; карантин лабораторияларида чет элдан олиб келинган уруғлик чигит ва ўсимлик материалларини синчиклаб таҳлил қилиш; карантин касалликлари тарқалган мамлакатларидан олиб келинган уруғлик чигит зарарланмаган далалардан йиғиб олинганлиги ҳамда қўзғатувчига қарши тегишли, юқори самарали фунгицид билан пухта дориланган бўлишини таъминлаш лозим (Пересыпкин ва б.қ., 1990).
Техас илдиз чириш
Касалликнинг географик тарқалиши. Техас илдиз чириши Шимолий Американинг ишқорли, таркибида органик модда кам бўлган минтақаларида тарқалган эндемик касаллик ҳисобланади. АҚШ Техас штатининг қора тупроқли марказий қисмида ғўза ҳосилига жуда катта, Оклахома, Нью-Мексико, Аризона штатлари ҳамда Шимолий Мексикада катта зарар етказади. Касаллик кам тарқалган минтақалар ўз ичига Калифорния, Невада, Юта, Арканзас ва Луизиана штатларини олади (Дунин, Понер, 1936; Блэнк, 1956; Davis ва б.қ., 1996). Техас илдиз чириши шу пайтгача дунёнинг бошқа биронта мамлакат ёки минтақасига тарқалмаган. Касаллик баъзи МДҲ мамлакатларида, жумладан Озарбайжон, Грузия, Доғистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистонда Тошкент, Бухоро, Фарғона вилоятларида топилгани ҳақидаги кўп хабарлар кузатувларда тасдиқланмади (Дунин, Понер, 1936).
Касалликнинг ғўза ҳосилига таъсири. Техас илдиз чириши АҚШда ғўзанинг энг хавфли касалликларидан бири, ҳар йили ҳосилни ўртача 1 фоиз (Техас штатида 2 фоиз)га, маблағ ҳисобида 1981 йилдаги қиймат билан 25 млн долларга камайтиради. Ғўзадан бошқа экинларга етказилган зарари йўқотилган маблағ миқдорини тахминан яна 40 фоизга оширади. 1910-1940 йилларда касаллик туфайли ҳосил нобуд бўлиши бундан ҳам бир неча баравар кўп бўлган. Ҳосил пасайиши касалликнинг даладаги манбалари ўлчами ва бошланиш даврига боғлиқ. Техас илдиз чириши теримдан 2 ой ёки 5 ҳафта олдин бошланса, тегишли равишда ҳосил 100 фоиз ёки 50 фоизга пасаяди, 3 ҳафта олдин кузатилганда эса ҳосилга деярли таъсир қилмайди. Зарарланган ўсимликлардан олинган тола сифати кескин пасаяди, чигит унувчанлигини бутунлай ёки қисман йўқотади (Дунин, Понер, 1936; Справочник..., 1970; Lyda, 1981; Davis ва б.қ., 1996).
Do'stlaringiz bilan baham: |