Жанубий галл нематодасининг ғўзада ривожланиши ва касаллик манбалари. Галл нематодалари - облигат паразитлар ва улар яшаши, ривожланиши ва кўпайиши учун хўжайин ўсимлик илдизида озиқланиши шарт. Нематода тухумларини илдиз қобиғи устида шилимшиқ модда билан ўралган ҳолда кўяди. Тухумдан ингичка чувалчанг шаклли 2-ёш личинкалар чиқади ва тупроққа тушиб, бошқа ўсимликлар томонидан жалб этилади.
Улар тупроқ таркиби ва намлигига боғлиқ ҳолда 5-10 см дан 60-90 см гача, ўсимлик илдизига қараб ҳаракатланади. Етиб келгач, найзача ва сўлак бези суюқлиги ёрдамида илдиз эпидермиси ҳужайралари ва ички қисмига киради ва ҳужайралар ичи бўйлаб ҳаракатланади. Нематода озиқланиш пайтида, унинг сўлак бези суюқлик таъсирида 4-8 та ёш ксилема ҳужайраларининг ядролари тез-тез бўлина бошлайди, аммо ҳужайраларнинг ўзлари бўлинмайди, фақат ўлчами ўсади ва улар гигант ҳужайраларга айланади. Илдизга кирган личинка 48 соат ичида ҳаракатланишдан тўхтайди, гигант ҳужайралар билан озиқланиб, ўтроқ ҳаёт бошлайди. Унинг атрофидаги илдиз қобиғи ҳужайралари тез-тез бўлинади ва галл ривожланади. Илдизда 12-14 кун озиқланган личинка ўсиб, олдин цилиндирсимон, сўнгра ҳар 3-4 кунда 1 мартадан 3 марта пўст ташлаб, садаф -оқ тусли, ноксимон шакл олган ва етилган урғочи индивидга айланади. У ўзининг галл ташқарисига чиқадиган тўмтоқ орқа қисмидан шилимшиқ халтачада 50-100 тача тухум қўяди. Битта нематода 40 кун ичида мойил новда 100000, чидамли новда эса 1000 тагача тухум қўйиши мумкин. Нематода одатда жуда кам учрайдиган эркак индивидлар иштирокисиз, партеногенез усулида кўпаяди. Паразит илдизга кириши билан тухум қўйиши орасида 19-22 кун ўтади. Тухумлар ўралган шилимшиқ халтача уларни қуришдан асрайди. Етиб боргач, у одатда илдиз учидаги 2 см лик жойни зарарлайди, 4 см дан узоқроқ жойлари умуман зарарланмайди. 2-ёш личинкалари ҳаракатланиши ва ўсиши учун тупроқ бўсаға ҳарорати 10°С, илдиз зарарланиши учун эса 17,8°С. Тухумдан тухумгача (1 авлод) ҳаёти учун, 10°С бўсаға ҳароратдан бошлаб, тахминан 540 градус-кун талаб этилади.
Нематодалар вегетация даврида тез кўпаяди, аммо қиш даврида уларнинг миқдори кескин камаяди: кузги шудгор билан чигит экиш орасидаги даврда нематода популяцияси 80-90 фоизга ҳалок бўлади. Тупроққа ишлов бериш ҳам уларнинг кўпчилигини ўлдиради. Нематода асосан тухум ёки тухум ичидаги 1-ёш личинка ҳолида, жуда кам - эркин ҳолда қишлайди. Жанубий галл нематодаси 700 тадан кўпроқ ўсимлик турларини, жумладан кўп сабзавот экинлари ва бегона ўтларни зарарлайди (Кирьянова, Краль, 1971; Heald ва б.қ., 1981; Hake ва б.қ.,1996;). Ўзбекистонда Сурхондарё вилоятида бегона ўтлардан итузум, ёввойи наша, семизўт, олабўта, шўра, ялпиз, ихрож, ёввойи беда, баргизуб (зумтурум), янтоқ, дарахтлардан тут, қоратол, ток, олма ва б.қ. нематодага жуда мойил, аммо касалликнинг ғўза далалари учун асосий манбаси Жарқўрғон тут кўчатзори ҳисобланади (Мавлянов, 1976).
Do'stlaringiz bilan baham: |