Бегона ўтларни доимий равишда йўқотиш жуда муҳим, чунки уларнинг кўпчилиги нематодага ўта мойил ва ғўза учун касаллик манбалари бўлиб хизмат қилади. Бегона ўтлар билан зарарланган далаларда алмашлаб экиш умуман самара бермайди. Ерга ишлов бериш ва суғориш, культивация қилиш, қатор ораларини чуқур (50-60 см гача) ҳайдаш нематодалар билан курашда самарали тадбир эканлиги маълум. Кучли зарарланган далаларни ёзнинг иссиқ (июн-август) ойларида, ҳар 7-10 кунда бир мартадан жами 4 мартагача чуқур ҳайдаш паразит нематодаларнинг миқдорини 95-98 фоизгача камайтиради. Бу вақтда далага мутлақо сув қўймаслик лозим. Галл нематодалари мавжуд бўлган далаларда ишлатилган механизм ва асбоблар ҳамда меҳнат қуролларининг барча қисмлари соғлом далада қўллашдан олдин махсус ажратилган жойларда катта босим остида сув билан ювиб тозаланади, 5-6 фоизлик формалин ёки 30-40 фоизлик ош тузи эритмаси билан зарарсизлантирилади. Далаларга сувни оз-оздан тез-тез бериш, ёзнинг иссиқ пайтларида далаларни ҳар 10-12 кунда бир марта меъёрида (700-800 м3) суғориш, зарарланган далалардан тозаларига сув ўтказмаслик, ариқ-зовурларнинг қирғоқлари бетонланиши ва бегона ўтлардан тоза ҳолда сақланиши лозим. Анор, анжир, тут, тол ва бодом каби кучли зарарланадиган экинлар пахтазорлардан узоқда жойлашган плантацияларда экилиши зарур. Тупроғида нематода миқдори баланд бўлган майдонларда синовдан ўтказиш ва чидамли ғўза навларини танлаб олиш ва қўллаш лозим. Сурхондарё вилоятида нематода миқдори камроқ бўлган майдонларда паразитга бирмунча чидамли ўрта толали навлар, ингичка толали ғўза етиштириладиган туманларда эса нисбатан кам зарарланадиган Термиз-7, Термиз-8, Термиз-9 ва 5595-В навларини экиш маъкул.
Экиш муддатларига қатъий равишда риоя қилиш зарур. Галл нематодаси одатда кечроқ экилган ғўзани кўпроқ зарарлайди, шунинг учун чигитни тавсиядаги энг эрта муддатларда экиб, текис ундириб олиш, ниҳоллар ўзларини анча тиклаб олишини ва паразитга чидамлилигини оширишни таъминлайди. Нематода билан кучли зарарланган қумли тупроқларда ўғитларнинг бирмунча оширилган меъёрлари, жумладан гектарига бир йилда 320-370 кг азот, 260-280 кг фосфор ва 110-120 кг калий ўғитини 24-30 тонна гўнг билан бирга қўллаш мақсадга мувофиқ. Зарарланган далаларда пахта териб олингандан сўнг ғўза ва бегона ўтларнинг поя ва илдизларини териб олиб, даладан ташқарига чиқарилади ва ёқиб юборилади. Соляризация усули фитонематодаларга қарши юқори самара билан қўлланилиши мумкин.
Кимёвий усул қўллаш ҳақида қарор баҳорда тупроқ таҳлили ва вегетация пайтида ғўза илдизи галлар билан зарарланиши даражасини аниқлаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда қабул килинади. Препаратларни қўллашдан олдин далани барча ўсимлик қолдиқларидан тозалаш, ҳайдаб текислаш, кесакларни майдалаш лозим. Немацидларни одатда ҳосил йиғиб олингандан сўнг (октябр-декабр ойларида) қулай об-ҳаво шароитида (10-15 см чуқурликда ҳарорат 12-15 °С) тупроққа киритилади.
АҚШда нематодаларга қарши тупроққа киритиладиган контакт препарат феномифос (немакур) ва ичидан таъсир қилувчи немацид алдикарб (термик), тупроқ фумигантлари мутам (вапам, соилпреп), телон II (1,3-дихлорпропен) ва бошқалар тавсия қилинган (Hake ва б.қ., 1996), олдинги йилларда эса тупроқ фумигантлари хлорпикрин, дихлорпропан-дихлорпропен қоришмаси ва этилен дибромид ишлатилган (Heald ва б.қ., 1981). Ўзбекистонда мелойдогинозга қарши карбитион, тиазон, тризон, № 93 ДД препарати, фурадан, гетерофос, немагон ва бошқа бир қатор немацидлар синаб кўрилган, аммо ғўзада ҳозирги пайтда рўйхатга олинган препаратлар мавжуд эмас (Мавлянов, 1993; Хуррамов, 2000).
Do'stlaringiz bilan baham: |