Мелойдогинозни ҳисобга олишда 2та усул қўлланилади: 1. Тупроқни таҳлил қилиш. Баҳорда чигит экишдан олдин тупроқдаги нематодаларнинг тухум ва 1-2 ёш личинкалари миқдори аниқланади. Бунинг учун ҳар 0,4 гектарда 20-40 жойда шахмат усулида 2 тадан, ҳаммаси бўлиб 40-80 та намуна тўпланади. Улар 20-30 см, тупроқ қуруқ бўлса, 30-60 см чуқурликдан олинади. Намуналарни лабораторияга олиб келгунча оғзи бойланган полиэтилен халтачаларда, салқин (10-15 °С) шароитда сақланади. Таҳлил махсус лабораторияларда ўтказилади, унинг натижалари асосида ҳосил нобуд бўлиш эҳтимоли фоизи топилади, кураш чораларини қўллаш ёки қўлламаслик тўғрисида қарор қабул килинади. 2. Ғўза илдизи зарарланиши даражасини аниқлаш учун экин кўсаклар пайдо бўлишидан очила бошлагунча бўлган давр орасида текширилади. Илдиз зарарланиши даражалари қуйидаги 5 баллик шкала ёрдамида аниқланади:
балл 0 - илдиз соғлом;
балл 1 - илдиз 1-25 фоизгача галлар билан копланган;
балл 2 - илдиз 26-50 фоизгача галлар билан крпланган;
балл 3 - илдиз 51-75 фоизгача галлар билан қопланган; ,
балл 4 - илдиз 76-100 фоизгача галлар билан қопланган;
Далада касаллик тарқалиши ва ривожланишининг ўртача қийматлари топилади ва кураш чоралари қўллаш ёки қўлламаслик ҳақида қарор қабул килинади (Hake ва б.қ., 1996).
Бошқа турлар қўзғатадиган ғўза нематодалари ўз ичига АҚШда ўсимлик бўйини кескин пасайтирувчи буйрак шаклли (Rotylencbus reniformis), илдизларда яра ҳосил қилувчи ва ўсимлик бўйини кучли пасайтирувчи чақирувчи (Belonolaimus spp.) ва ланцет шаклли (Hoplolaimus spp.) АҚШ ва Африкада ўқ илдизни чиритиб тўнкасимон қилиб қўювчи (Trichodorus spp.), Марказий Осиё ва АҚШда илдизни яраловчи ва вертициллёз вилтни кучайтирувчи қисқа танали (Pratylencbus spp.) ҳамда ўсимлик бўйини пасайтирувчи (Tylenchorbubcbus spp.), Тожикистон ва Қозоғистонда ниҳолларни кўп тишли нематода (Panagrolaimoides multidentatus) қўзғатадиган касалликларни олади. Аммо бу касалликлар мелойдогинозга нисбатан жуда кам тарқалган ва Марказий Осиёда одатда иқтисодий зарар етказмайди (Кирьянова, Кралль, 1971; Мавлянов, 1976; Heald ва б.қ., 1981).
Кураш чоралари илмий асосда йўлга қўйиш учун далаларда паразит нематодалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, мавжуд бўлганида эса уларнинг тупроқдаги миқдорларини аниқлаш зарур. Шу мақсадда далалардан тупроқ намуналари олинади ва лабораторияларда таҳлил қилинади. Афсуски, вилоятларда бу ишни амалга ошириш учун фитогельминтолог мутахассислар йўқ ёки етарли эмас. Шунинг учун вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари қошида қиска муддатли курслар ташкил этиш ҳамда фитогельминтологлар иштирокида семинар - кенгашлар ўтказиб туриш мақсадга мувофиқдир.
Алмашлаб экиш. Ғўзани беда, шоли ва кузги ғалла экинлари ҳамда ерёнғоқ билан алмашлаб экиш яхши самара буради. Беда ва баъзи помидор навлари нематода билан умуман зарарланмайди. Ғалла экинлари мойил, аммо кузда экиш пайтида тупроқ ҳарорати 17,8 °Сдан анча пастлиги учун нематода ўсимликларни зарарлай олмайди, баҳорда эса паразитнинг биринчи авлоди етилгунча, экин ўриб олинади. Алмашлаб экишда маккажўхори самарасиз; нематодага жуда мойиллиги учун қанд лавлагиси, помидорнинг кўп навлари, ловия, пиёз, картошка, қовун, гармдори ва кунгабоқар қўллаш тавсия килинмайди. Галл нематодаси кенг тарқалганлиги сабабли алмашлаб экишни барча майдонларда жорий қилиш мумкин бўлмай қолганда оралиқ экин сифатида кузги жавдар ўстириш тавсия қилинади; бунда тупроқда нематодалар миқдори анча камаяди ва чорва моллар учун озуқа етиштирилади. Галл нематодаси билан зарарланган майдонларда пахта териб олинмасдан илгари бирданига буғдой экиш мутлақо нотўғри, чунки бу ҳолда ғўза илдизи ичидаги нематодалар, фузариоз ва вертициллёз сўлишни қўзғатувчи замбуруғлар келгуси мавсумгача сақланади ва ниҳолларни кучли зарарлайди ва ҳатто бутунлай ҳалок қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |