Органик ўғитлар
Органик ёки маҳаллий ўғитларга биринчи навбатда чорва моллари ва паррандалари гўнглари, ипак қурти гумбаклари, торф, шарбат, ҳар хил компостлар, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, саноат ва шаҳар хўжалиги коммунал чиқиндилари ҳамда кўкат ўғитлар, шунингдек, сидератлар, яъни ўғит учун махсус ўстирилиб, ҳайдаб юбориладиган ўсимликлар (ёввойи нўхат, кузги бошоқли ўсимликлар ва бошқалар) киради. Бу ўғитлар таркибида озиқ минерал элементлар(азот, фосфор, калий, микроэлементлар ва б.) ҳамда органик моддалар бўлади. Органик ўғитлар тупроқ хоссаларини яхшилайди. Бу ўғитлар солинганда оғир соз тупроқлар ғоваклиги ортади, зичлиги камаяди, сув ва ҳаво тез алмашинадиган бўлиб, ишлов бериш осонлашади,
Гўнг-органик ўғит бўлиб, унинг таркибида ўсимликлар учун ниҳоятда зарур бўлган азот, фосфор, калий ва бошқа озиқ моддалар бўлади.
Гўнг 3-4 ой давомида махсус қазиб тайёрланган чуқурларда, хандак ва уюмларда сақланиб, чиритилади. Гўнг чириган ҳолда текисланган ҳамда органик ўғитларга жуда муҳтож бўлган кам қувват(кам унум) ерларга шудгорлашдан олдин тупроқ юза қатламига гектарига ўртача 10-15 т ҳисобида солинади.
Одатда, гўнг молхонадан 50 м узоқликда жойлашган махсус чуқурликларда сақланади. Чорва молларининг сонига қараб гўнг сақланадиган чуқурликлар турли хил катталикда тайёрланади. Масалан, 100 бош қорамолга эга бўлган хўжаликларда хандакларнинг узунлиги 21 м, эни 9 м ва чуқурлиги 1 м ўлчамга тенг қилиб тайёрланади. Гўнг уюмининг баландлиги 2 м гача бўлиши мақсадга мувофиқ. Бундай баландликдаги уюмда гўнг яхши сақланади ва сифати ҳам яхши бўлади. Гўнг уюмлари усти 10-15 см қалинликда юпқа тупроқ билан кўмиб қўйилади.
Минерал ўғитлардан кенг миқёсда фойдаланилаётган ҳозирги даврда органик ўғитларга эътибор сусаймаслиги зарур. Органик ўғитлар кимёвий таркибига кўра мураккаб ўғитларга ўхшайди. Уларнинг таркибида азот, фосфор, калийдан ташқари ўсимликлар учун керакли микроэлементлар ҳам бўлади. Органик ўғитлар тупроқ хоссаларини яхшилашди. Тупроқда сув ва ҳавонинг ўтказувчанлик қобилиятини оширади. Ерни юмшатиб, унга ишлов беришни осонлаштиради.
Яшил ўтлар. Яшил ўғит деганда дуккакли ва дуккакли бўлмаган ўсимликлар кўк массасининг махсус ўстирилиб, ҳосили йиғиштириб олинмасдан тупроққа қўшиб ҳайдаб юборилиши тушунилади. Яшил ўғитларни ҳайдаб юбориш тупроқда органик моддаларнинг кўпайишига ва унинг унумдорлигини ошишига олиб келади. Айниқса, гўнг етишмайдиган хўжаликларда яшил ўғитлар тупроқни органик моддалар билан бойитишнинг қудратли воситаларидан бири ҳисобланади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, яшил ўтлар(биомасса) ҳосили ўртача 210-300 ц/га етиб ҳайдалганда, унинг кучи кузда ерга солинадиган 25-27 тонна ва баҳорда солинадиган 45-55 тонналик гўнг кучига тенг бўлар экан. Яшил ўғитлар ҳайдаб юборилганда органик модда бутун далага гўнг сочгандагина нисбатан бир текисда тақсимланади.
Компост ўсимлик қолдиқлари, хўжалик ва ҳайвон чиқиндиларидан иборат бўлиб, тупроқнинг физикавий хоссаларини яхшиловчи ва унумдорлигини оширувчи ўғитлардир. Компост шудгорлашдан олдин гектарига 10-15 тоннадан солинади.
Парранда тезаги. Ўсимликларга тез таъсир қиладиган ўғит бўлиб, таркибида азот, фосфор калий ва бошқа озиқ моддалар мавжуд. Озиқ модданинг миқдори ва сифати паррандаларнинг турига ҳамда уларнинг нима билан озиқланишига боғлиқ. Парранда тезаги ерни шудгорлашдан олдин гектарига 2-4 т миқдорида солинади. Ўсимликларнинг вегетация даврида эса 500-1000 кг ҳисобида суюлтириб бир ҳисса тезакка 6-7 ҳисса сув қўшиб сепилади.
Ипак қурти гўнги ва чиқиндиси. Ипак қурти қуруқ гумбакларининг 1 тоннасида 100 кг азот, 20 кг фосфор, 15 кг калий ва бошқа моддалар бор. У тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилини оширишда катта фойда келтиради. Бундай ўғитни тупроққа минерал ёки органик ўғитлар билан аралаштириб шудгорлашдан олдин гектарига 120-200 кг миқдорида солинади.
Ўтин кули. Унинг таркибида фосфор, калий ва бошқа моддалар бўлиб, ерни шудгорлашдан олдин гектарига 800-1000 кг нормада берилади.
Минерал ўғитлар
Минерал ўғитлар таркибида озиқли моддалар органик ўғитларга қараганда бир неча марта кўп бўлади, уларни узоқ ҳудудларда жойлашган истеъмолчиларга еткизиб беришда қийинчилик туғдирмайди. Минерал ўғитлар таркибидаги озиқли моддалар сувда осон эрийди. Шунинг учун ўсимликлар улардан юқори даражада фойдалана оладилар. Ўсимликлар учун зарур бўлган озиқли моддаларнинг барчаси органик ўғитлар таркибида мавжуд. Улар тупроқнинг сув-физикавий (табиий) хоссаларини яхшилайди. Булардан ташқари органик ўғитлар, тупроқдаги чиринди заҳираларини тўлдиради, микробиологик фаолиятни фаоллаштиради. Улар секин парчалангани учун таъсир кучи узоқ муддат сақланади.
Минерал ўғитлар азотли, фосфорли, калийли ва микро ўғитларга бўлинади.
Азотли ўғитлар. Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистоннинг суғорма деҳқончилик минтақаларида мўл ҳосил олиш учун тупроқда азот заҳиралари етарли эмас, шунинг учун бу ерларда азотли ўғитлардан фойдаланилади.
Азот ўсимликлар учун асосий ўғитлардан бири. Уни биринчи марта 1772 йилда Рузерфорд ажратиб олган.
Азотли ўғитлар саноат корхоналарида суюлтирилган ҳавони парчалаб олиш асосида олинади. Атмосферанинг 78,9 % и азотдан иборат. Азот рангсиз, ҳидсиз.
Қишлоқ хўжалигида аммиакли селитра ёки аммоний нитрат (NH4NO3) энг кўп ишлатилади. Унинг таркибида 33-35 % таъсир этувчи моддаси азот бўлади. Аммиакли селитранинг ранги оқ ёки сарғиш бўлиб, ўзи кристалл туз шаклига эга. Сувда яхши эрийганлиги учун уни ўсимликлар яхши ўзлаштиради. Бу ўғит ўсимликларнинг ўсиш даврида солинади. Заводларда бу ўғит порошок ёки донадор ҳолда ишлаб чиқарилади. Азотли ўғитлар узоқ сақланганда эриб, қотиб қолади. Шунинг учун улар донадор шаклда ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистонда биринчи марта 1940 йили Чирчиқ электрокимё заводида ишлаб чиқарилган. Ҳозирда Фарғона ва Навоий азотли ўғитлар корхоналарида азотли ўғитлар ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонда 2005 йил 1,0 млн. т азотли ўғитлар ишлаб чиқарилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |