Бактериал ўғитлар
Бактериал ўғитлар тупроқдаги биологик жараёнларни тезлаштириш учун қўлланилади. Бактериал ўғитлар тупроқдаги органик моддалар, азот, олтингугурт, фосфор, темир сингари озиқ элементларини бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.
Тупроқдаги азот миқдорини кўпайтириш учун хизмат қиладиган икки хил бактериялар ажратилади:
1. Азотобактериялар. Тупроқда эркин яшайдиган айрим микроорганизмлар атмосферадаги азотни ўзлаштиради ва у билан тупроқни бойитиш қобилиятига эга бўлган бактерияларга азотобактериялар дейилади.
2. Тугунак бактериялар. Тугунакларида атмосферадаги азотни тўплайдиган дуккакли ўсимликларга тугунак бактериялар дейилади. Уларга нитрагин(тугунак бактериялар сақловчи бактериал ўғитлар) солингач, тугунаклар ҳосил бўлади. Тугунакларда бактериялар тўпланади. Бактериялар нобуд бўлгач, улар тўплаган азот ўсимликлар озиғига айланади.
Баъзи бактериялар тупроқдаги ўсимлик ҳазм қила олмайдиган бирикмаларни парчалаб, ҳазм бўладиган ҳолга келтиради. Ҳозирги вақтда заводларда нитрагин, азотобактерин, фосфорбактерин ва бошқа бактериал ўғитлар ишлаб чиқарилади.
Бактериал ўғитлар кам унум, лекин гўнг меъёрда солинган тупроқларда яхши самара беради.
Ўғитларнинг ерга солиш меъёри ва муддатлари
Қишлоқ хўжалиги экинларининг ўғитларга бўлган талаби бир хил эмас. Ривожланишнинг турли даврларида, ўғитларнинг ўсимликларга таъсир кўрсатишига қараб, ўғитлар ерга экишдан олдин, экиш пайтида ва вегетация даврида солинади. Экишдан олдин асосан тупроқда кам ҳаракатчан бўлган фосфорли ўғитлардан суперфосфат солинади. Унинг катта қисми, яъни йиллик меъёрининг 60-70 % и кузги ер шудгорлаш вақтида солинади. Унинг қолган 20-40 % и экиш вақтида ёки кейин солинади.
Ўғитларни солишдан асосий мақсад юқори ҳосил олишга эришишдир. Экин майдонлари, айниқса, қувватсиз ерларга кузги шудгорлашдан олдин гектарига 10-15 т миқдорида гўнг солиб ҳайдаш зарур. Кейинги ўғитлаш сони,уларнинг миқдори ва улардан олдинги даврда солинган ёки солинмаган ўғитга ҳамда олинадиган ҳосилга қараб азотли, калий ва фосфорли ўғитлар, ҳар хил меъёрда берилади.
Ўғитлар турли хил шароитларда солинади. Тупроқ типи ва унинг мелиоратив ҳолати, иқлим(об-ҳаво), агротехника, ўсимликларнинг навлари ва, айниқса, ўсимликларнинг талабига қараб ўзгариб туради. Солинаётган ўғит ва унинг турлари, меъёри, миқдори ўсимликларнинг тури ва нави, ривожланиш босқичига боғлиқ.
Ўғитлар самарадорлиги қишлоқ хўжалиги экинларининг биологик хусусиятлари, тупроқдаги озиқ элементлар миқдори ва бошқаларга боғлиқ. Ўғитларни илмий асосланган меъёрларда ишлатиш унинг атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этишга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |