Индивидуаллик борлиғи. Нима учун билиш жараёнида инсоннинг ички дунёси доим биринчи ўринда туради? Нима учун инсон борлиғи нарсалар борлиғини тушунишда аксарият муаллифларга таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади? Бу саволларга жавобни қисман француз файласуфи А.Бергсон (1859-1941)нинг қуйидаги сўзларидан топиш мумкин: «Мавжуд барча нарсалар орасида энг ишончлиси ва бизга кўпроқ маълум бўлгани, ҳеч шубҳасиз, бизнинг ўз мавжудлигимиздир, зеро бизда бошқа нарсалар ҳақида мавжуд тушунчаларни сиртқи ва юзаки деб ҳисоблаш мумкин, ҳолбуки ўз-ўзини билиш ички, теран билишдир»1.
Одамлар асрлар оша ўзларига ўзлари назар ташлаб, ўз ички дунёсини таҳлил қилиш ва ўз моҳиятини тушунишга уриниш йўли билан баъзи бир шак-шубҳасиз тамойилларни аниқлаганлар. Улар орасида инсон тана ва руҳнинг узвий бирлигидир деган тамойил, биринчи ўринда туради. Зеро бу инсон мавжудлигининг мутлақ ва зарурий омилидир. Айни вақтда бу бирликнинг йўқолиши, унинг узилиши муайян индивиднинг ўлимини, у фикрловчи жонзот сифатида борлиқдан йўқликка ўтишини англатади. Бунда тана табиий-жисмоний тузилма сифатида инсон ўлимидан кейин ҳам маълум вақт мавжуд бўлади, яъни ўз борлиғини муайян даражада сақлайди. Аммо борлиқ маъносидаги индивидуал руҳ, онгдан асар ҳам қолмайди. Моҳият эътибори билан уларнинг йўқолиши муайян инсоннинг ўлимини, индивидуаллик йўқ бўлганини англатади.
Инсон борлиғида онгнинг табиати. Онг муаммосини ечишга нисбатан янгича ёндашувлар ҳозирги замон фалсафасининг иррационалистик оқимларига (лот. Irra Онгнинг табиати.) мансуб. Онг муаммоси ўта мураккаб муаммолардан бири бўлиб, фалсафада доим қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб келган. Бу баҳс ва мунозаралар ҳозир ҳам тугагани йўқ. Бу ерда гап фақат фалсафа ўз табиатига кўра унда изланиш ва иштибоҳ руҳи яшагани туфайлигина мавжудлигида эмас.
Онгнинг табиати шундай: у ҳиссий идрок этиладиган объектив борлиқни тушуниш ва акс эттириш учун биз юқорида фойдаланган аксарият кўрсаткичлар ва тавсифларга мос келмайди. Онгни ўлчаш, бирон-бир тарзда миқдорий ифодалаш, сезиш ёки кузатиш мумкин эмас, зеро унинг массаси ҳам, энергияси ҳам йўқ, шунингдек у моддий объектлар каби муайян шакл-шамойилга ҳам эга эмас.
Онг шак-шубҳасиз мавжуд, аммо у аниқ-равшан эмас, балки билвосита – одамлар тили ва муайян фаолияти орқали намоён бўлади. Бинобарин, инсон борлиғининг бу элементларини таҳлил қилмасдан онгнинг моҳиятини аниқлаш мумкин эмас. Мазкур таҳлил онгнинг биологик жиҳатини ҳам ўз ичига олади, зеро унинг мавжудлиги инсон бош мияси фаолияти билан узвий боғлиқ. Шу сабабли онгнинг табиати нафақат фалсафада, балки физиология, психология, социология, кибернетика, информатика ва бошқа ижтимоий ва табиий фанларда ҳам ўрганилади.
Айни вақтда мазкур муаммо ўта мураккаблиги туфайли унинг фалсафий талқини айрим фанлар учун муҳим методологик рол ўйнайди. Уларнинг натижалари эса, ўз навбатида, онгнинг табиати хусусидаги фалсафий мулоҳазалар учун асос бўлади. Онгнинг табиати масаласининг қўйилиши ва унга берилган тегишли жавоб, одатда, барча кейинги фалсафий, чунончи: онтологик, гносеологик, ижтимоий ва бошқа мавзулардаги мулоҳазаларнинг йўналишини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |