Онг ва жоннинг тенглаштирилиши. Атроф муҳитда, ўз ички дунёсида юз бераётган ўзгаришларга одамлар қадим замонлардаёқ эътибор берганлар. Бу жон ва руҳ ҳақидаги мулоҳазалар пайдо бўлишига олиб келган. Шу тариқа башарият тарихида анимизм - одамлар, ҳайвонлар ҳаёти, нарсалар ва ҳодисаларга жон ва руҳлар таъсир кўрсатишига бўлган эътиқод пайдо бўлди, шу аснода шаклланган дунё ҳақидаги тасаввурлар кейинчалик у ёки бу тарзда турли динлар негизини ташкил этди.
Жон ҳақидаги илк фалсафий тасаввурлар одатда муайян биринчи асослар (ҳаво, олов, атомлар ҳаракати ва ш.к.) билан боғланган ва шахссиз бўлган, яъни инсон табиатининг бетакрорлиги, унинг индивидуаллиги билан тенглаштирилмаган. Суқротдан олдинги фалсафа тўлалигича шундай хусусиятга эга бўлиб, бу ерда идеаллик тушунчасини деярли учратмаймиз. Масалан, оловни оқил ва олижаноб, сувни – тубан асос деб ҳисоблаган Гераклит жон (психея) олов ёки сувдан иборат бўлади, деган ғояни илгари суради. Олов кўпроқ бўлган жонни «қуруқ» - энг оқил ва мақбул деб ҳисоблайди. Жон намлангач, ўз кучини йўқотади, ҳўллангач эса – ҳалок бўлади. Шу сабабли жон олови кучлироқ ёниши учун фаол маънавий ва ақлий ҳаёт кечиришга ҳаракат қилиш лозим. Ўз навбатида айрим кишиларнинг жонлари бутун дунёнинг биринчи сабаби ҳисобланадиган ва уни бошқарадиган дунёвий ақл олови – «логос» билан боғлиқ.
Суқрот ва Платон моддий ва идеал ҳодисаларни фарқлаган. Шунингдек, Платон Европа фалсафий анъанасида идеал асосни қайд этибгина қолмасдан, балки ундан моддий асосни ҳам келтириб чиқарган биринчи файласуф ҳисобланади. Айрим инсон онги эса, Платон фикрига кўра, унинг жони билан бевосита боғланади. Бу ўлмас жон у ёки бу танага, тана туғилгунга қадар ўз «зиндони»га тушгандек кириб жойлашади ва у ўлганидан кейин эса боқий ғоялар дунёсида мушоҳада юритади ва шу тариқа уларни ўрганиб яшайди. Платон руҳий ҳодисаларни туйғулар дунёси (сезиш ва идрок этиш) ва интеллектга ажратди. Интеллектда у ақл ва идрокни фарқлади. Бунда соф ғоялар билан иш кўрувчи ақл фикрлашнинг формал усуллари билан боғлиқ (масалан, математикада) идрокка қараганда юксакроқ ҳодисадир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинчалик фалсафада идеал нарсалар ва ҳодисаларни тушунишга нисбатан кўп сонли ҳар хил ёндашувлар пайдо бўлди, аммо уларнинг барчаси идеалликни моддийлик ва кўламлиликка қарши қўяди.
Аристотелнинг «Жон ҳақида» рисоласини қадимги юнон файласуфларининг онг ҳақидаги фалсафий мулоҳазаларининг муайян якуни деб ҳисоблаш мумкин. Бу ерда жон тананинг моҳияти, унинг уюштирувчи тамойили саналса-да, лекин ақл ички фаоллигининг инъикосига эмас, балки космос ҳаётининг умумий қонунларига бўйсунади.
Ўрта асрлар Европа фалсафаси «дин чўриси»га айланиб, онг ҳақидаги масалага бутунлай ўзгача нуқтаи назар билан ёндашди – уни абадий мавжуд бўлган ва дунёни, шу жумладан инсон ва унинг жонини йўқликдан яратган Худонинг ягона дунёвий асос сифатидаги талқини билан боғлади. Бу таълимотга биноан инсон ақли илоҳий ақлнинг бир зарраси сифатида муайян даражада ўзини ўзи билиш, ўзини ўзи таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлса-да, онгнинг бу фаолияти Тангрини билиш ва у билан мулоқот қилишга қаратилгандир. Онгнинг мазкур объектив-идеалистик талқини билан бир қаторда Ўрта асрларда онгни «фикрловчи материя»дан келтириб чиқарган материалистик анъанада ҳам узилиш юз бергани йўқ. Бундай қарашларга (ёки уларга мойилликка) араб тилида ижод қилган мутафаккирлар Ибн Сино, Ибн Рушд)ва ижодига араб фалсафаси ўз таъсирини кўрсатган европалик айрим файласуфлар Дунс Скот, брабанлик Сигернинг асарларида дуч келиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |