2-боб. Товарнинг божхона қийматини 1-усул бўйича аниқлаш
10. Божхона қийматини 1-усул билан аниқлашнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:
товарнинг олди-сотдиси билан боғлиқ бўлган ҳолда тузилган ҳамда валютага оид қонун ҳужжатлари талабларига зид келмайдиган ташқи савдо контрактининг (шартномасининг, келишувининг) мавжудлиги;
ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) валютасидаги пул маблағи миқдори кўрсатилган ҳисобварақ-фактуранинг (инвойснинг) мавжудлиги;
товар учун пул маблағларининг амалда тўланганлиги ёки тўланиши лозимлиги.
11. Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати қуйидаги ҳолларда 1-усул билан аниқланиши мумкин эмас:
сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ёхуд товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар ёки товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар мустасно;
товар божхона ҳудудига қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб кирилган бўлса;
сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);
товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига Кодекснинг
304-моддасига мувофиқ тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;
товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса;
битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, бундан уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим.
12. Олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда амалда тўланганлиги ёки тўланиши лозим бўлган битимнинг нархига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг нархига киритилмаган бўлса:
а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:
ташиш қиймати;
товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;
суғурта қиймати;
б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:
воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно;
Товарни харид қилишдаги воситачилик ҳақлари деганда, сотиб олувчи (комитент) баҳоланаётган (олиб кирилаётган) товарни чет элда уни тақдим этиш ва унга керакли бўлган товарни топиб бериш учун комиссионерга тўлаб бериладиган ҳақлар тушунилади.
контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;
ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;
в) сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёҳуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;
г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита
ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;
д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.
Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.
Ушбу бандда кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.
Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.
13. Божхона қийматини аниқлашнинг 1-усули Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2868, 2017 йил 14 март) 3-иловаси 1-бандида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотлар асосида тасдиқлаган бўлиши керак.
Божхона қиймати 1-усул бўйича аниқланганда декларацияловчи шахс томонидан қуйидаги ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилади:
а) мажбурий тартибда:
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими томонидан бириктирилган ташқи савдо контрактининг (шартнома, келишув) идентификация рақами;
Ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) деганда товарнинг у экспорт қилинган давлатдан чегара орқали Ўзбекистон Республикасига олиб ўтилиши ва харидордан ана шу товар ўрнига пуллик ҳисоб-китоблар (тўловлар)нинг қабул қилинган шаклларига мувофиқ тенг келадиган пул суммасини ёки товарни олиш учун асос бўладиган, қийматга доир баҳолаш ёки унинг ҳисоб-китоб усулини ўз ичига олган ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) тушунилади.
ҳисобварақ-фактура (инвойс).
б) ташқи савдо контрактида (шартномасида, келишувида) белгиланган битим шартларидан келиб чиқиб, Кодекснинг
304 ва 305-моддаларига асосан маълум қилинган нархга тузатишлар киритиш лозим бўлганда:
суғурта ҳужжатлари;
Агар ташқи савдо контрактида (шартномасида, келишувида) товарнинг суғурталаниши назарда тутилган бўлса, талаб этилади. Бунда етказиб бериш шартларига эътибор қаратиш лозим.
товарнинг ташиш ва (ёки) юклаш, тушириш, қайта юклаш, бошқа жойга тўкиш бўйича шартномаси (транспорт экспедиция шартномаси), товарни ташишга, юклаш, тушириш, қайта юклаш, бошқа жойга тўкишга ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк ҳужжатлари (агар ҳисобварақ-фактура (инвойс) тўланган бўлса), транспорт тарифлари тўғрисидаги ҳужжатлар (маълумотлар) ёки ташиш қийматини акс эттирувчи бухгалтерлик ҳужжатлари (агар сотиб олувчи ўзининг транспортида товарни ташишни амалга оширган бўлса);
Агар олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда амалда тўланганлиги ёки тўланиши лозим бўлган битимнинг нархига юқорида кўрсатилган харажатлар киритилмаган бўлса, талаб этилади. Бунда етказиб бериш шартларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб тарзда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг брутто оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб тарзда амалга оширилади.
воситачилик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома (воситачилик шартномаси, брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома), воситачилик хизматларини кўрсатиш учун ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк тўлов ҳужжатлари;
лицензион ва (ёки) муаллифлик келишуви, ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк тўлов ҳужжатлари, олиб келинаётган (олиб келинган) товарга тааллуқли бўлган интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун тўловлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатлар;
олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан сотувчига бевосита ёки билвосита ўтадиган тушумнинг исталган қисми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат (шу жумладан, бухгалтерлик) ва маълумотлар;
контейнер ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг, ўров-жойлов материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг, агар мазкур харажатлар сотиб олувчи томонидан амалга оширилган, бироқ олиб кириладиган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархга қўшилмаган қиймати тўғрисидаги шартномалар, ҳисобварақлар, банк тўлов ҳужжатлари;
сотувчи томонидан сотиб олувчига муайян товар туркуми учун чегирма бериш асосини, уларнинг миқдорини кўрсатувчи маълумотлар.
Бунда товар учун чегирма берилган бўлса, чегирма берилганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномаси талаб этилади.
в) божхона органлари қўллайдиган хавфни бошқариш тизими томонидан ўрта ёки юқори кўрсаткичга эга хавф даражаси аниқланган ҳолларда:
жўнатувчи мамлакат божхона декларацияси*;
*Изоҳ: Экспорт божхона юк декларацияси:
Do'stlaringiz bilan baham: |