Ҳар куни беш вақт:
бомдод – (тонг отишидан кун чиққунига қадар),
пешин – (қуёш тиккадан оққанидан то бирон нарсанинг сояси ўз бўйига икки баробар келгунига қадар),
аср – (пешин вақти чиқиши билан то қуёш тўлиқ ботгунга қадар), шом – (қуёш тўлиқ ботганидан уфқдаги қизиллик йўқолгунига қадар),
хуфтон – (шом вақти чиққанидан тонг отгунига қадар) адо этилади.
Рўза. Рўза – йилда бир ой: ҳижрий қамарий календарнинг рамазон ойи давомида кундуз кунлари ейиш-ичиш ва жинсий алоқада бўлишдан тийилиш. Рўза Ҳижратнинг иккинчи йили фарз бўлган. Бу ибодат касал ё сафарда бўлган кишилардан бошқа кунларда тутиб бериш шарти билан соқит қилинади. Сабабсиз рўзани бузган киши бошқа кунда тутиб бериш билан биргаликда, унинг жазоси сифатида икки ой пайдар-пай рўза тутиши лозим бўлади. Шунингдек, рўза рамазондан ташқари ойларда ҳам тутилиши мумкин. Масалан, нафл рўза ёки қасамни бузишдаги каффорат учун ҳам рўза тутилади.
Закот. Закот – “поклаш” маъносини билдиради, яъни эҳтиёждан ташқари бўлган бойликнинг қирқдан бир қисмини (1/40) садақа қилиш. Закот моли закот миқдорига етган бадавлат кишилар учун фарз этилган. Закот етим-есир, бева-бечоралар, мусофирлар, қарздорлар, Аллоҳ йўлида юрганлар, закот йиғувчиларга берилади. Закот ҳижрий ҳисоб билан бир йил давомида ишлатилмай турган ёки шахсий эҳтиёждан ташқари, хусусий мулк сифатида фойдаланилаётган маблағдан берилади. Закот воситасида жамият кишилари орасида ўзаро ҳурмат-эътибор ортиб, бир мунча тенглик юзага келади. Бу жамият тараққиёти, тинч ва осудалиги йўлида ўзига хос аҳамият касб этади.
Ҳаж – қодир бўлган киши учун умрида бир марта Макка шаҳридаги Каъбани зиёрат қилиш ва ушбу ибодат ўз ичига оладиган арконларни адо этишдан иборат. Ҳаж фарз амаллардан ҳисоблансада, Ўрта Осиё Арабистондан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли юқорида зикр этилган «қудрати етганлик» шарти уламолар тарафидан киритилган. Ҳаж зулҳижжа ойининг 8 кунидан бошланади. Ҳаж қилишнинг уч тури мавжуд: «ифрод» – фақат ҳаж амаллари бажарилади, «қирон» – ҳаж ва умра амаллари олдинма-кетин бажарилади, «таматтуъ» – аввал умра қилиниб, эҳромдан чиқилади ва зулҳижжа ойининг саккизинчи куни эҳромга кириб, ҳаж рукнлари адо қилинади. Ҳажнинг фарзи учта: эҳром боғлаб ният қилмоқ, Арафотда турмоқ, Каъбани тавоф қилмоқ.
Ислом динида юқорида биринчи рукн сифатида зикр қилинган иймон ва бошқа эътиқод масалалари – илм ал-ақоъид (илоҳиёт) илмида ўрганилса, кейинги 4 масала – ибодат масалалари бошқа кўпгина саволлар билан илм ал-фиқҳ (диний қонуншунослик) доирасида баён қилинади ва ўрганилади.
Исломнинг суннийлик ва шиалик йўналишларидаги барча мазҳаблар инсон шахси ҳақида деярлик бир хил фикрни баён қилганлар. Фақат ислом фалсафасида, тасаввуфда бу масала янада мураккаб мазмун ва шакл касб этган.
Тасаввуф таълимоти соҳасида йирик тадқиқотлар муаллифи Н.Комилов таъкидлаганидек, тасаввуф Ўрта Осиё фалсафаси тараққиётидаги кўп асрлик тажрибаларни ўз ичига олиб, уни ривожлантирган, дин ва фалсафа, ҳикмат ва ваҳдат, калом ва ҳадис илмларини бирлаштирган, илоҳий билимларини бирлаштирган, булар билан дунёвий илмларни боғлашга ҳаракат қилган.14
Олимнинг «Хилват» ва «Узлат» ҳақидаги Имом Ғаззолий фикрларининг таҳлили диққатга молик. Тасаввуф йўлига киришдан олдин ҳар бир одам (эркак) оила аъзолари манфаатларига зарар етмаслигини ҳисобини қилиш, агар шундай қилмаса «Узлат»га кириш гуноҳ эканлиги асосланади.15
Бу ерда шахснинг оилага, жамиятга муносабати илоҳий қадрият орқали қаралиши билан бирга бошқа омилларнинг роли инкор этилмайди. Масалан, олимларнинг олиб борган изланишлари натижасида Қуръони каримда “Илм” сўзи 750 марта, “ақл” сўзи 50 марта тилга олинганлиги аниқланган. Демак Қуръони карим ва бошқа диний манбалар инсон (шахс) ақл-заковатини ижодий томонга йўналтиришга йўл очади.
Халқимиз тарихидан маълумки, илм-фан, адабиёт, санъат ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларининг ҳал қилишда дунёвийлик ва динийликка нисбатан кўп ҳолда тўғри ёндошилганлиги учун ижтимоийлик ва илмий соҳада шундай жаҳонга машҳур кашфиётлар қилиндики, улар халқимизнинг маънавий-маданий меросининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олди. Бу кашфиётларнинг эгалари ўз замонасининг, ҳаттоки ҳозирги даврининг ҳам юксак шаклланган шахси эканлигидан далолат беради.
Шахснинг жамиятга ва аксинча жамиятнинг шахсга муносабати масаласи ҳам муҳимдир. Жамият, одамлар уюшмасининг махсус шакли, тараққиётнинг маълум босқичида шаклланадиган ижтимоий муносабатлар мажмуидир. Жамиятнинг шаклланиши ва қарор топиши узоқ тарихий даврни бошдан кечирган бўлиб, мураккаб жараённинг ижтимоий ҳодисасидир.
Халқимиз ўзининг бир неча асрлар давомидаги ижтимоий-иқтисодий, илмий-маданий, ғоявий-ахлоқий ривожланиш жараёнида уйғониш даврининг икки босқичини босиб ўтган. Имом Термизий, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд каби уламо, буюк муҳаддисларни, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳриддин Муҳаммад Бобур каби буюк фан ва давлат арбобларини етказиб берган. Бу уламо-олимлар ва мутафаккирлар ислом маърифатига улкан ҳисса қўшиб доимий ўзгариш ва ривожланишда бўлган жамиятнинг мазмун-моҳияти, жамият ва шахс муносабатларининг фан билан дин алоқалари ҳақида фикр юритиш билан бир вақтда давлат ва жамиятни бошқариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор бердилар.
Ушбу масалаларни ташкил қилишда мутафаккирлар фанларни туркумлашда диний ва дунёвий фанларга ажратмаганлари ҳолда уларни бир-бирига қарама-қарши қўймаганлар. Аммо булар иккала ёндошувда ўз олдига қўйган мақсадлари, ўрганиш объектларида бир-биридан фарқ қиладиган тамойилларини ҳам кўрсатиб ўтганлар.
Марказий Осиёда етишиб чиққан улуғ мутафаккирлар жамиятни пайдо бўлиши, моҳияти ва истиқболлари тўғрисида, шахс ва жамият муносабатлари, давлатни бошқариш хусусида илғор илмий қарашларни илгари сурдилар. Бунда араб файласуфи Ибн Рушд олға сурган ҳақиқатга эришишнинг икки хил йўлини, яъни бири диний, иккинчиси илмий йўл деб билдилар. Диний йўл билан Худо ва унинг қудратини билиш йўлидан иборат бўлса, илмий йўл эса табиат ва объектив оламни билиш орқали амалга ошади.
Улуғ мутафаккирларнинг жамиятни пайдо бўлиши, мазмун-моҳияти, шахс ва жамият муносабатлари тўғрисидаги илмий ва фалсафий қарашлари катта аҳамиятга эга бўлади.
Бу улуғ зотлар ислом маънавияти ва маърифатининг шахс ва жамият муносабатларининг шаклланиши ва ривожланишига қўшган ҳиссасини доимо назарда тутганлар. Зеро, ислом маънавиятининг шахс камолотидаги ўрни ва роли муҳимлиги эътироф этилган.
Арабистон ярим ороли ва қўшни мамлакатлар халқларининг ягона халифалик давлатига бирлаштирган ислом дини бу тизимнинг мафкураси сифатида қисқа вақт давом этди. Турли давлатлар ва хилма-хил миллатлардан ташкил топган йирик халифалик империяси тизими ичида ижтимоий-иқтисодий, давлатни бошқариш, хусусан диний масалаларда диний уламолар, давлат арбоблари ўртасида мунозаралар бошланиб, ислом таълимотининг талқин қилиш билан боғлиқ йўналишлар дастлабки йилларданоқ юзага келди.
Маълумки, жаҳондаги барча йирик динлар ўз тараққиётининг муайян босқичида турли йўналиш ва оқимларга бўлинган. Чунки мазкур дин тарқалган худудлардаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий курашнинг кучайиши муайян динга эътиқод қилувчи турли халқларнинг ижтимоий манфаатлари ва маданий даражалари турличалигидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |