3.Ваҳй нозил бўлишининг бошланиши. Макка даври Муҳаммад пайғамбар 40 ёшга етганида кўпроқ ёлғизликни қўмсайдиган бўлиб қолди. Шундай пайтларда Маккадан 3 мил узоқдаги Ҳиро тоғида жойлашган ғорга чиқиб кетар, ерлик аҳоли одатича рамазон ойини у ерда ибодат билан ўтказарди. Ғамлаган озуқалари тугагач, Хадича олдига қайтиб, бир оз вақтдан сўнг яна ўша ғорга кетар эди. У ерда ўзини сукунатга бериб, чуқур ўйга толар, ғойибдан қулоқларига “Сен Аллоҳнинг элчисисан” деган товушлар эшитилар эди. Кўп туш кўрар, тушида кўрган нарсалари ўнгида тўғри чиқар эди.
Баъзи тадқиқотчиларнинг фикрича, шу ҳолда нозил қилинган “Алақ” сурасининг бошидаги беш оят илк ваҳийдир. Хадича бу хабарни яхшиликка йўйиб, Варақа ибн Навфал номли самовий китоблардан бохабар бўлган амакисининг ҳузурига бориб, бу воқеанинг тафсилотини сўради. Шундан сўнг Муҳаммад пайғамбар яширин даъватга ўтди. Биринчи бўлиб Хадича бинт Хувайлид ва амакиваччалари Али ибн Аби Толиб исломни қабул қилишди. Вақт ўтиши билан мусулмонлар сони 30 кишига етди. Улар ўз динларини яширин сақладилар. Бу ҳолат уч йил давом этди. Шундай қилиб, Муҳаммад пайғамбар қиёмат олдидан юборилган охирги пайғамбар – набий ва расул деб тан олинди.
Набий – арабча сўз бўлиб, “хабарчи”, “хабар етказувчи” маъноларини беради. Пайғамбарлар орасида уларга аллоҳ томонидан алоҳида китоб ва шариат нозил қилинмаган ва аввалги пайғамбарнинг китоб ва шариатини инсонларга тарғиб қилганлари – набийлар дейилади. Масалан, Исмоил, Исхақ, Яъқуб, закариё, Сулаймон каби пайғамбарлар.
Расул – арабча сўз бўлиб, “элчи” маъносини англатади. Аллоҳ томонидан алоҳида китоб ва шариат берилган пайғамбарлар – расуллар дейилади.
Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, росул набий бўла олади. Лекин набий росул бўла олмайди. Муҳаммад пайғамбар ҳам набий, ҳам росул эдилар.
Очиқ даъватдан сўнг Макка мушриклари Абу Бакр, Усмон ибн Аффон каби ислом қабул қилган улуғ ва бадавлат зотларга ҳеч нарса дея олмас ҳам, аммо заиф, камбағал, ҳимоясиз мусулмонларни қаттиқ сиқувга олдилар. Ҳабашистонга боришни истаган 11 эркак ва 4 аёлдан иборат бўлган биринчи гуруҳ Маккадан яширин равишда чиқиб, Қизил денгиз бўйлаб кетди. Уларнинг ичида Усмон ибн Аффон ва хотини Руқийя (Пайғамбарнинг қизи), Абу Ҳузайфа ва хотини, Зубайр ибн ал-Авом, Абдурраҳмон ибн Авф, Абдуллоҳ ибн Масъуд бор эдилар. Гуруҳ бошлиғи Усмон ибн Мазъун эди. Бу 15 киши ваҳийнинг бешинчи йили Ҳабашистонга (Оқсум подшоҳлиги) етиб келдилар. Уларни Ҳабашистонда христианлар жуда яхши кутиб олдилар. У ерда яхши, сокин ҳаёт кечира бошладилар. Уларнинг бундай осойишта ҳаёт кечираётганликларини эшитган бошқа мусулмонлар ҳам бир йилдан сўнг иккинчи гуруҳ ҳолида у ерга ҳижрат этдилар. Бу гуруҳнинг бошида Жаъфар ибн Аби Толиб (Алининг акаси) бўлиб, улар 80 киши эдилар. Ҳабашистон халқи ва унинг подшоҳи Нажоший муҳожирларга жуда яхши муносабатда бўлдилар.
Маккаликларнинг қаттиқ қаршиликларидан кўп озор чеккан Пайғамбар Тоифга йўл олди. Бироқ тоифликлардан ҳеч ким исломни қабул қилмади. Шу қийинчилик йилларида «Исро ва Меърож» воқеаси юз берди. Қуръондаги «Исро» ва «Нажм» сураларида бу ҳодиса ҳақида сўз юритилган.
Даъватнинг ўнинчи йили ҳаж мавсумида Пайғамбар Макканинг шимолида «Ақаба» деб аталадиган бир тепаликда Ясриб (Мадина) шаҳридан келган олти кишини учратиб, уларни исломга даъват этдилар. Улар исломни қабул қилдилар. Ушбу учрашув ислом тарихида «Биринчи Ақаба байъати» деб ном олди. Унда Асъад ибн Зарора, Рафиъ ибн Молик, Авф ибн Ҳорис, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир, Жобир ибн Абдуллоҳлар Пайғамбарга дин шартларини бажаришга «байъат» (қасамёд) қилдилар. Кейинги икки ҳаж мавсумида ҳам Ақаба байъати бўлиб ўтди. Иккинчи учрашувда мадиналиклардан 12 киши, учинчисида эса 75 киши иштирок этдилар. Бу воқеалардан сўнг Пайғамбар Мадинага ҳижрат қилмоқликка қарор қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |