7- мавзу: Халқимиз маънавий юксалишида динларнинг ўрни.
Режа.
Зардуштийликнинг халқимиз маънавиятига таъсири.
Авесто-бебаҳо маънавий мерос.
Ҳадис илмининг шаклланиши.
Зардуштийликнинг халқимиз маънавиятига таъсири. Зардуштийлик милоддан аввалги VII-VI асрларда Марказий Осиёда юзага келган дин ҳисобланади. Бу диннинг номи Зардушт исмли шахсга нисбат берилади. Бу диннинг номи унинг муқаддас китоби ҳисобланмиш “Авесто”да “Маздаясна” (“Маздага сиғиниш”) деб аталган. “Мазда” сўзи “дониш, донишманд, оқил” каби маъноларда талқин этилади.
Мазкур дин тарқалган халқлар орасида зардуштийлик “беҳдин”, яъни “энг яхши дин” деб улуғланган. Унга кўра, барча эзгу борлиқ Мазданинг иродаси билан яратилган деб эътиқод қилинган. Мазда сўзи олдига улуғлаш сўзи “Ахура” қўшилиб, зардуштийликнинг илоҳи – “Ахура Мазда” (Ахурамазда) номи пайдо бўлган. Бу қўшимча сўз “Жаноб Мазда” ёки “Худо Мазда” демакдир.
Зардушт номи манбаларда Заратуштра, Зардуст, Зороастр кўринишларида ҳам ишлатилади. Тадқиқотчилар ўртасида Зардуштнинг тарихда бўлган ёки бўлмаганлиги борасида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар уни тарихий шахс деб билсалар, бошқалар афсонавий шахс деб ҳисоблайдилар. Манбаларнинг хабар беришича, у милоддан аввалги, тахминан 570 йилларда туғилган илоҳиётчи, файласуф, шоир бўлган. Зардушт Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган кўпхудоликка асосланган қадимий диний тасаввур ва эътиқодларни ислоҳ қилиб, янги динга асос солди.
Зардуштнинг туғилган ва илк диний фаолиятини бошлаган жойи тўғрисида икки фикр мавжуд.
Биринчиси, “Ғарб назарияси” бўлиб, унга кўра Мидия (ҳозирги Эрон ҳудудида) Зардуштнинг ватани ва зардуштийликнинг илк тарқалган жойи ҳисобланади. Бу фикр тарафдорларининг далили – биринчидан зардуштийликнинг қадимий Эрон ҳудудларида кенг тарқалганлиги бўлса, иккинчидан, зардуштийликнинг муқаддас китоби саналмиш “Авесто”га ёзилган шарҳларнинг қадимий эрон-паҳлавий тилида бўлганлигидир.
Иккинчиси, “Шарқ назарияси” бўлиб, унга кўра Зардушт ватани ва зардуштийликнинг илк тарқалган жойи Хоразм ҳисобланади. Кўпчилик манбашунослар иккинчи назария тарафдоридирлар. Хоразм биринчи бўлиб зардуштийликнинг муқаддас олови Озархурра ёқилган ва шу динда энг буюк худо ҳисобланган Ахурамазданинг Зардушт билан боғланган жойи ҳисобланади. Зардуштийликнинг асосий манбаси Авестода: “Биринчи бор муқаддас олов “Озархурра” “Эран-веж” (баъзи манбаларда “Айриан веджа”)да ёқилди”, – дейилади.
“Эран-веж”нинг географик ва иқлимий тавсифи Хоразмникига тўғри келади. “Авесто”да Ахурамазда томонидан яратилган “Баракот ва нажот” соҳиби бўлган бир қатор мамлакатлар зикр этилади ва уларнинг энг биринчиси, “дунёда ҳеч нарса чиройига тенг кела олмас Эран-веж”, кейин эса “одамлар ва чорва подаларига мўл” Согд (Суғд), “қудратли ва муқаддас” Моуру (Марв), “Баланд кўтарилган байроқлар мамлакати” Бахди (Бактрия) зикр этилади.
“Авесто”да, шунингдек, Зардушт туғилган ва ўз фаолиятини бошлаган юрт ҳақида ҳам маълумот берилади. Айтилишича, “Бу мамлакатнинг кўп сонли лашкарларини ботир саркардалар бошқарадилар, баланд тоғлари бор, яйлов ва сувлари билан гўзал, чорвачилик учун барча нарса муҳайё, сувга мўл, чуқур кўллари, кенг қирғоқли ва кема юрар дарёлари ўз тўлқиларини Иската (Скифия), Паурута, Моуру (Марв), Харайва (Арея), Гава (суғдлар яшайдиган юрт), Хваризм (Хоразм) мамлакатлари томон элтувчи дарёлари бор”.
Шубҳасиз, “Кенг қирғоқли, кема юрар дарёлар” бу Амударё ва Сирдарё бўлиб, “Авесто”да тасвирланган мазкур шаҳарлар Марказий Осиё шаҳарларининг икки дарё қирғоқларида жойлашганидир.
Шунга асосланиб, биз Зардуштнинг ватани, зардуштийликнинг илк макони ва “Авесто”нинг келиб чиқиш жойи деб Хоразм, тарқалиш йўналиши Хоразм–Марғиёна–Бақтрия деб айтиш мумкин.
Зардуштийлик анъаналари Зардуштни Хоразмдан чиққанига далолат қилади. Зардушт тарихий шахс. Унинг биографияси анча оддий. У Спитама уруғининг бой бўлмаган вакили Пурушаспанинг ўғли бўлган. Спитама аъзолари бошқа худолар қаторида Ахура Маздани ҳам тан олишган. Бироқ Зардушт ёшлигидан фақат Ахура Маздага эътиқод қилган. Кейинчалик у ўзини унинг пайғамбари деб эълон қилди. Зардушт ҳам отаси каби бой бўлмаган. Бошида ўз эътиқодини тарғиб этишда мувафаққиятсизликка учради. Хусусан, ўн йил ичида у атиги бир неча эргашувчиларга эга бўлди. Гап шундаки, замондошларининг содда онги Ахура Мазда худосининг мавҳум образини қийинчилик билан қабул этарди. Уч минг йил илгариги одамлар учун тош ёки бошқа реал материалларда акс эттирилган худолар тушунарли ва ишончли эди. Зардуштни ўз жамияти аста-секин сиқиб чиқарди. Диннинг янги ғояларини тарғиб этишнинг ноқулай шароити туфайли Зардушт Арйанам Ваедждан кетишга мажбур бўлади. У Сўғд, Маргианани кесиб ўтиб, Бақтрия пойтахти Бахдига етиб келади.
“Авесто”нинг “Ясна” китобида баён этилишича, Зардуштнинг ватандошлари унга ишонмай, унинг таълимотини қабул қилмаганлар. Зардушт ватанни тарк этиб, кўшни давлатга кетади, у ернинг маликаси Хутоаса ва шоҳ Кави Виштаспанинг хайрихоҳлигига эришади, улар Зардушт таълимотини қабул қиладилар. Натижада қўшни давлат билан уруш бошланиб, Виштаспа ғалаба қозонади. Шундан сўнг, бу таълимот халқлар ўртасида кенг тарқала бошлаган. Шоҳ Кави Виштаспа фармонига биноан “Авесто” китоби ўн икки минг мол терисига ёзиб олиниб, оташкадага топширилган.
Зардуштийлик таълимоти Марказий Осиёда ибтидоий даврда мавжуд табиат кучларини илоҳийлаштирувчи эътиқодларга нисбатан прогрессив, монотеистик таълимотдир. У беҳуда қон тўкувчи қурбонликлар, ҳарбий тўқнашувлар, босқинчилик урушларини қоралаб, ўтроқ, осойишта ҳаёт кечиришга, меҳнатга, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланишга даъват этади.
Моддий ҳаётни яхшилашга уринишни ёвузликка қарши кураш деб ҳисоблайди. Зардуштийлик динида қўриқ ер очиб, уни боғу роғга айлантирган одам илоҳиёт раҳматига учрайди, аксинча, боғлар, экинзорларни, суғориш иншоатларини бузганлар катта гуноҳга қолади. Зардушт ўз таълимоти билан инсонларга тинч-тотув яшашни, ҳалол меҳнат қилишни ўргатмоқчи бўлади. Бу дин таълимотига кўра, инсонларнинг бу дунёдаги ҳаётига яраша нариги дунёдаги тақдири белгиланади, ҳар бир инсон ўлгандан сўнг ўзининг бу дунёдаги қилмишига яраша ёки абадий роҳат – жаннатга ёки ёмон ишлари кўп бўлса на хурсандлик ва на хафалик кўрмайдиган аросат жой – мисвонгатуга тушади.
Зардуштийлик таълимотининг асоси – дуализм (иккилик) бўлиб, унга кўра олам қарама-қаршиликлар кураши асосига қурилган. Яхшилик ва ёмонлик, ёруғлик ва қоронғулик, ҳаёт ва ўлим ўртасида абадий кураш давом этади. Барча яхшиликларни Ахурамазда ва барча ёмонликларни Ахриман ифодалайди.
Ахурамазда инсонларга эзгу ишларни баён этиб, уларга амал қилишни буюради, ёмон ишларни баён этиб улардан сақланишга чақиради.
Зардуштийликда имон учта нарсага асосланади: фикрлар софлиги, сўзнинг собитлиги, амалларнинг инсонийлиги. Ҳар бир зардуштий кунига беш марта ювиниб, покланиб, қуёшга қараб уни олқишлаб сиғиниши шарт ҳисобланади.
Зардуштийлик ибодатхоналарида доимий равишда олов ёниб туради. Уларда дунёдаги тўрт унсур – сув, олов, ер ва ҳаво улуғланади.
Зардуштийлик дафн маросими ўзига хос бўлиб, ўлганлар бир неча паст, баланд “сукут миноралари” – дахмаларга солинади, у ерда мурдаларнинг гўштларини қушлар еб, суякларини тозалайди. Гўштдан тозаланган суяклар махсус сопол идишлар – “оссуарий”ларга солинади.
Зардуштийлик дини жаҳон миқёсида энг қадимги динлардан бири ҳисобланиб, милоддан аввалги VII-VI асрларда Марказий Осиё, Озарбайжон, Эрон ва Кичик Осиё халқлари унга эътиқод қилганлар. Эронда сосонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Зардуштийлик расмий давлат динига айланган. Бу даврда унинг муқаддас китоби Авесто руҳонийлар томонидан қайта йиғилиб, китоб шаклига келтирилган. Айрим, айниқса, “Видевдот” қисмига ўзгартиришлар киритилиб, қайта ишланган.
VII-VIII асрларда Марказий Осиёга ислом дини келиб, кенг тарқалгунига қадар зардуштийлик маҳаллий халқларнинг асосий дини ҳисобланган.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида зардуштийлик эътиқоди диний жамоалари камайиб кетган. Улар ҳиндистоннинг Мумбай, Гужарот штатларида ва Эроннинг баъзи чекка вилоятларида сақланиб қолганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |