Бу ўтиришнинг 49 куни уни қалбидан “Сен ҳақиқатни топдинг”, деган садо келади. Шу вақтда унинг кўз олдида бутун борлиқ намоён бўлади. У ҳамма жойда шошилинч қаёққадир интилишни кўради. Ҳеч бир жойда осудалик йўқ эди. Ҳаёт ниҳоясиз узоқликни кўзлаб ўтиб кетаётган эди. Инсон ақли етмас бир куч яшаш, мавжуд бўлиш умиди барчани тинчини бузар, ҳалок қилар ва яна қайта яратар эди. Мана энди Будда кимга қарши курашиш кераклигини англади. Ниҳоят, 36 ёшида “ҳақиқий билим”ни топганлигини эълон қилган. Шундан сўнг у Будда деб ном олган (“Будда” сўзи илоҳий ҳақиқатга эришган, деган маънони англатади). У тагида ўтирган дарахт эса, нурланган дарахт деб атала бошланди. Шу тариқа унда улуғвор ҳакиқат сири очилган, улар Буддизм таълимотига асос қилиб олинган.
Будда ўзининг биринчи даъватини Варанаси яқинидаги Ришипатана боғида, ўзининг беш роҳиб дўстларига қилди ва ўшалар унинг биринчи шогирдлари бўлди.
Шу кундан бошлаб Будда ўзининг шогирдлари билан қишлоқма-қишлоқ юриб ўз таълимотини тарқатиб ўзига янги издошлар орттирди. Будда 40 йил давомида ўз таълимотини Ҳиндистоннинг турли жойларига етказди ва 80 ёшида Куштнагара деган жойда дунёдан ўтди. Унинг жасади ҳинд удумига кўра, у ерда куйдирилиб, унинг хоки 8 та будда жамоаларига бўлиб юборилди ва ҳар бир жамоа уни дафн этган жойида ибодатхона барпо этди.
Будданинг ҳаёти ҳақида ҳам турли афсоналар тўқилган. Бу афсоналарда айтилишича, Будда кўп йиллар давомида ер юзидаги турли мавжудотлар қиёфасида қайта туғилган. Масалан, 84 марта рухоний, 58 марта подшоҳ, 24 марта роҳиб, 13 марта савдогар, 18 марта маймун, 12 марта товуқ, 8 марта ғоз, 6 марта фил, шунингдек, балиқ, қурбақа, каламуш, қуён каби қиёфаларда қайта туғилган. Жами бўлиб 550 марта қайта туғилган. У қаерда, қайси қиёфада туғилишини ўзига ўзи белгилаган.
Сўнгги марта уни худолар инсониятни тўғри йўлга бошлаши учун инсон қиёфасида яратганлар. Бу афсоналарнинг баъзиларига кўра, ер юзида Гаутамага кўра, 6 та будда ўтган. Шунинг учун Буддизмнинг баъзи муқаддас жойларида 7 та ибодатхона барпо этилган. 7 та Ботха дарахти ўтказилган. Баъзи афсоналар 24 та Будда авлоди ўтган деса, баъзилари минглаб Буддалар ўтган деб даъво қилади.
Ҳар қандай динлар каби Буддизмнинг ҳам келиб чиқиши сабабини халқларнинг яшаш шароити ва ҳаётидан, муайян даврдаги ижтимоий муносабатлардан излаш ва топиш лозим.
Қадимги Ҳиндистонда Буддизм шакллангунга қадар мураккаб синфий муносабатлар мавжуд эди. Кишилар олий, ўрта ва қуйи табақаларга ажратилиб, олийга брахманлар, харбийлар, ўрта табақага – деҳқонлар, энг қуйи табақага оддий халқ, хизматкор, чўрилар киритилар эди.
Буддизм қулдорлик жамиятида брахманлик мазҳабларидан бири сифатида пайдо бўлган. У брахманликни жоннинг кўчиб юриши, жаннат ва дўзах ҳақидаги ақидаларни сақлаб қолган. Брахманликнинг жамиятнинг табақаларга бўлиниши тўғрисидаги таълимотига қарши чиқиб, барча кишилар эътиқодда тенг ҳуқуқли деб эътироф этилган. Буддизмнинг диний тенглик ҳақидаги ғояси одамларнинг касбларга бўлиниб кетишига қарши курашда ижобий рол ўйнаган. Айни пайтда Буддизм кишилар "азоб-уқубат" чекишда ва ундан халос бўлишда ҳам тенгдирлар деб ҳисобланган.
Буддизм манбалари. Буддизм диний таълимоти бир қатор девон шаклига келтирилган тўпламларда баён қилинган. Улардан энг асосий манбаси муқаддас китоб – "Трипитака" (Уч сават донолик) деб аталган. Бу китоб уч қисмдан иборат бўлганлиги учун шундай аталган. Буддизмнинг бу ёзма манбаси ҳозирги вақтда Шри Ланкада сақланиб қолган. У эрамизнинг бошларида шаклланган. Бу таълимотда Будда учта саватда таълимот қолдирган дейилади: биринчи сават – Винаяпитака (панд-насиҳатлар, ахлоқий меъёрлар); иккинчи сават Суттапитака (дуолар, достонлар); учинчи сават Абхидҳармапитака (диний-фалсафий масалалар баёни)лардан иборат. Кейинчалик шаклланган санскрит, хитой, тибет ва япон тилларидаги Буддизмка оид адабиётлар анча кенг тарқалган, аммо уларнинг тарихий қиймати камроқ. Будда хаётига тегишли ривоятларнинг барчаси Трипитакада жамланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |