2. БАРЧА СОҲАЛАРДА ЭРИШИЛГАН МАРРАЛАРНИ ҲАМДА ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТ РИВОЖИ
Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, барча соҳаларда эришилган марраларни ҳамда жамият ва давлат ривожининг ушбу босқичи бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини баҳолар экан, O`zLiDeP ўз олдига қуйидаги мақсад ва вазифаларни қўяди:
Биринчидан. 2050 йилга келиб, Ўзбекистоннинг дунёнинг 50 та ривожланган, рақобатбардош демократик давлатлари қаторига киришини, бунда унинг жадал суръатлар билан ва барқарор ривожланаётган иқтисодиётли, “билимлар иқтисодиёти” ва “ахборот жамияти”нинг қудратли базаси шаклланган мамлакатга айланишини таъминлаш.
O`zLiDeP ўзининг бор куч ва имкониятларини халқимизнинг фаровон турмушини, гуллаб-яшнаётган келажагини таъминлашга йўналтирилган барқарор иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ва экологик ривожланиш бўйча ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга сафарбар этади.
Шунга ишончимиз комилки, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга фақат “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойилини изчил ва сўзсиз амалга оширилиши орқали эришиш мумкин бўлади.
Иккинчидан. Жамиятнинг кенг қатламлари онгига партиянинг сиёсий платформасини ташкил этувчи либерал-демократик ғоялари ва қадриятларни етказиш, унинг сафларини мустаҳкамлашга йўналтирилган пухта ўйланган тарғиботни олиб бориш. Партия ғояларига содиқ бўлган ва сайловчиларнинг ишончини қозонган номзодларни давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро органларига тайинлашига фаол кўмаклашиш.
O`zLiDeP – либерал-демократик концепция ҳамда жамият ва давлат ривожланиши таълимотининг ташаббускори ва ташувчисидир. Партия ўзининг либерализм ва демократиянинг умум тан олинган тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди. Партиямизнинг очиқ ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга асос бўладиган, донишманд, бағрикенг халқимиз томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давомида ўзининг ҳаётийлигини кўрсатган асосий қадриятлари – эркинлик, маъсулият, сабр-тоқатлилик ва имкониятлар тенглиги, биз учун ўзгармас бўлиб қолади.
Партия нуқтаи назарига кўра, мамлакатда барча соҳаларда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларнинг бош мақсадини инсон, унинг ҳаёти, ор-номуси, қадр-қиммати, эҳтиёжлари ва манфаатлари ташкил этади. Биз учун шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари жамият ва давлат манфаатларидан устун ҳисобланади. Бизнинг фикримизча, инсоннинг индивидуал ҳуқуқлари жамият ва иқтисодий тартибнинг ҳуқуқий базаси ҳисобланади ва биз “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни ва тамойилни изчиллик билан ҳаётга жорий этиш, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, шахснинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш тарафдоримиз.
Партия нуқтаи назарига кўра, мулк – эркинликнинг бош шарти, энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа ҳуқуқлари манбаи, фуқароларнинг ҳимояланиши асосидир. Сиёсий, ижтимоий, маданий эркинликни иқтисодий эркинликсиз тасавур этиб бўлмайди. Мол-мулк ва мулкий муносабатлар масаласи янги ижтимоий-сиёсий тизимни барпо этишда муҳим ўрин эгаллайди. Давлат хусусий мулкдорнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоялаши, ҳар ким ўз мол-мулкини кўпайтириш мақсадида ишлаши мумкин бўлган шароитларни яратиши керак. Бизнинг фикримизча, қаердаки жамият ва давлат хусусий мулкни ҳурмат қилиш тамойилларига таянса, ўша ерда – тараққиёт, қаердаки инкор этиш устунлик қилса – орқага кетиш кузатилади.
Фуқаролик жамиятининг шаклланиши кўп укладли бозор иқтисодиёти ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ, унда хусусий мулк етакчи роль ўйнайди. Партия тадбиркорларнинг эркинлиги, уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни ёқлайди.
Партиянинг шунга ишончи комилки, фуқаролик жамияти, конституциявий парламент демократияси, эркин иқтисодиёт ижтимоий-сиёсий тизим учун адолатли ва барқарор асосни ташкил этади. Биз учун фуқаролик жамияти – бу эркин ва қонунга итоаткор, қонун доирасида яшайдиган фуқаролардан ташкил топган жамият бўлиб, унда индивидуал ҳуқуқлар кафолатланган, ҳокимиятнинг ҳукмронлиги чекланган ва демократик маъсулият билан изоҳланган бўлади. Шунга ишонамизки, эркин бозор ғояларига асосланган иқтисодиёт мамлакатнинг янгиланишига ва модернизациясига кўмклашади. Фикримизча, иқтисодиёт ва хусусий сектор устидан фавқулодда ва кучли давлат назорати тенг равишда сиёсий эркинлик учун хавф туғдиради ва давлатнинг ҳар қандай ҳаракатида демократик маъсулият принципларига ҳурмат сақланиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |