Ацетилен ажратиб олиш жараёнининг ёнғин хавфи ва хавфсизлик чоралари /2; 10; 11; 18; 21; 24/
Ацетилен ажратиб олишнинг асосий усуллари. Ацетилен станцияси ҳақида умумий тушунчалар. Ацетилен қурилмаларининг ёнғин хавфи. Ацетилен ишлаб чиқариш жараёнидаги ёндириш манбалари ва ацетилен ишлаб чиқаришдаги ёнғин хавфсизлиги талаблари.
Саноатда ацетилен икки усул билан ажратиб олинади: пиролиз ёки табиий газни крекинг қилиш йўли билан ва кальций карбиддан олинади.
Кальций карбиддан ацетилен олиш учун махсус аппаратлар – махсус ацетилен генераторлари лойиҳалаштирилган.
Генераторларда кальций карбидининг сув билан реакцияси қуйидагича амалга оширилади
CaC+2H2O = C2H2 + Ca (OH)2
Реакция натижасида олинган сўндирилган оҳак карбидли лойқа деб аталади.
Ацетилен генераторлари қўзғалмас (стационар) ва кўчма турларига бўлинади.
Чегара босимига кўра генераторлар паст босимли - 0,1 кг/см2 гача, ўртача босимли - 1,5 кг/см2 ва юқори босимли - 1,5 кг/см2 дан юқори бўлиши мумкин.
Кальций карбидининг сув билан ўзаро таъсири бўйича генераторлар икки, яъни "сув карбидга" ва "карбид сувга" тизимида ишлайди. Турли тизимдаги генераторлар унумдорлиги кенг доирада 0,8 дан 320 м3/с гача ўзгариб туради. Кўчма генераторларнинг унумдорлиги ацетилен бўйича 3,2 м3/соатдан ошмайди.
Ацетилен станцияси (АС) – ишлаб чиқариш корхонасининг (заводнинг) бир қисми бўлиб у бир ёки бир неча бино ва иншоотлардан иборат бўлади. Бу станция газсимон ёки кальций карбидда эриган ацетилен ишлаб чиқариш, уни сақлаш, тўлдириш ҳамда истеъмолчиларга қувур орқали ёки баллонларда етказиб бериш учун хизмат қилади. Ацетилен тақсимловчи қурилма, компрессор, ацетилен тақсимловчи рампа ва бу рампаларни таъминлаш учун эриган ацетилен баллонлари алоҳида бинога ёки ишлаб чиқариш биносининг алоҳида хонасига жойлаштирилади.
АС асосий ишлаб чиқариш бўлимларидан (генератор, газгольдер, компрессор, баллонлар омбори, ацетиленни кимёвий йўл билан тозалаш ва қуритиш), ёрдамчи ишлаб чиқариш хоналари (карбиднинг оралик омбори, таъмирлаш устахонаси, бўёқчилик, умумий омборхона), шунингдек станция ходимлари учун маъмурий ҳамда маиший хизмат хоналаридан иборат.
Ацетилен қурилмалари ичида катта миқдорда C2H2 борлиги учун уларда ёниш-портлаш хавфи юқори бўлиши, қурилма ичи ҳамда станция хоналарида ёнувчан концентрацияларнинг ҳосил бўлиши мумкинлиги, ёндириш манбаларининг ҳосил бўлиши, портлашлар ва ёнғиннинг тез тарқалиш эҳтимолининг мавжудлиги билан тавсифланади.
Кальций карбиди ёнувчан эмас, бироқ уни сақлаш ва транспорт воситасида ташиш хавфли ҳисобланади. Демак, барабанларни карбид билан тўлиқ тўлдирмаганда, улардаги ҳавонинг намлиги билан карбиднинг ўзаро таъсири натижасида ацетилен ҳосил бўлади. Механик урилишлар, тушиб кетишлар, транспортировка қилиш вақтида барабаннинг бир-бирига урилиши, барабан қопқоғини ускуналар билан очиш пайтида учқун чиқиши, ёки уларнинг кучли қизиши портлашга сабаб бўлиши мумкин.
Ишлаб чиқариш хоналарида ёнувчан муҳит ацетилен генератори маҳкамланадиган жойларнинг зичланмаганлиги ва генераторга карбидни янги қисмини юклаш даврида ҳосил бўлади.
Ацетилен қурилмасини ишга туширишдан олдин унинг ичидаги ҳаво ва ацетилен-ҳаво аралашмасини бутун тизимдан чиқариб юбориш учун уни кран орқали ёнмайдиган (инерт) газ билан шамоллатиш зарур. Шу мақсадда ацетилен генераторининг юклаш камераси ва бункерини ҳам инерт газ билан шамоллатиш зарур.
Ишлаб чиқариш жадаллиги 50 м3/соат бўлган «карбид сувга» тизимидаги қўзғалмас генераторлар учун автоматик шамоллатиш тизими бўлиши кўзда тутилади. Баъзи ацетилен генераторларининг ички ёнувчан муҳит ҳосил бўлишининг олдини олишга, уларни тўлиқ сув билан тўлдириш йўли билан эришилади.
Фойдаланиш жараёнида генераторлардаги сув сатҳини доимий сақлаб туриш лозим. Генераторлардаги сувнинг ва ацетиленнинг ҳарорати 600С дан ошмайди. Босимнинг йўл қўйилган чегарадан ошиб кетишининг олдини олиш учун генераторлар сақловчи ва қайтарма клапанлар билан жиҳозланади. Тўхтатиш вақтида генераторлар вакуум ҳосил бўлиши ва унинг ичига хавф сўрилишининг олдини олиш учун газгольдер қалпоғи ҳажмининг 1/3 қисми ацетилен билан тўлдирилади. Бу оҳак лойқасини тўкиш вақтида генераторга газгольдердан ацетиленнинг келишини таъминлайди. Оҳак лойқасини генератордан тўкиб олиш каналлари зич ёпилиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |