/1; 2; 3; 10; 11; 16; 18; 20; 22/
Пахта толасини бирламчи қайта ишлаш жараёнлари ҳақида умумий тушунча. Технологик жараёнлар амалга ошириладиган асосий цехлар. Пахта хомашёсини қуритиш ва тозалаш цехларига бўлган талаблар. Пахта тозалаш корхоналарида пахта хомашёсини қайта ишлаш технологик жараёнида тайёр маҳсулотлар сифатида тола, линт техник ва уруғлик чигитлар ва толали қолдиқлар (толали улюк ва пахта момиғи) олинади.
Пахта хомашёсини тайёр маҳсулот ҳолига келтиришда бажариладиган умумий ишлар ўз ичига қуйидаги жараёнларни олади: пахтани машиналарда териш; қуритиш; қуритиш-тозалаш цехларидаги тозалаш; заводнинг бош биносида тозалаш; джинлар ёрдамида толани чигитдан ажратиш; линтер ёрдамида чигитдан линтни ажратиш; тола қолдиқларини қайта ишлаш; уруғлик чигитларга ишлов бериш; тола, линт ва толали қолдиқларни кипларга жойлаштириш (пресслаш).
Пахта хомашёсини бирламчи қайта ишлаш технологик жараёни давомида пахта толаси ва чигит ўзининг табиий физикавий ҳамда механик хусусиятларини давлат стандартлари талабига жавоб берадиган даражада сақлаб қолишини таъминлаши зарур. Бу вазифаларни бажаришда пахта хомашёсини бирламчи қайта ишлаш жараёнини тўғри ташкил қилиниши энг асосий этап ҳисобланади.
Одатда технологик жараён корхонанинг қуйидаги асосий цехларида амалга оширилади:
қуритиш-тозалаш цехида – пахта хомашёси қуритилади ва турли чиқинди аралашмаларидан тозаланади;
джин-линтер цехларида пахта толаси чигитдан ажратилади, тола чиқиндилардан тозаланади, ва линтерларда эса чигитдан линт ажратилади;
пресслаш цехида тола, линт ва толали қолдиқлар кипларга прессланади;
угар (қолдиқ) цехларида толали қолдиқларни қайта ишланади, толали қолдиқлар чиқиндилардан тозаланади улар таркибидан қимматбаҳо толалар ажратиб олинади;
уруғлик чигитларга ишлов бериш цехида чигит бутунлай тозаланиб, уруғлик чигитлар сараланади, кимёвий моддалар билан дориланади ва қопларга жойлаштирилади.
Хўжаликлардан қабул қилинган пахта хомашёси пахта пунктлари ва пахтани қайта ишлаш корхоналаридаги қуритиш мосламаларида қуритилиб, белгиланган меъёрдаги намликка қадар келтирилади. Пахтани қайта ишлаш корхоналарида қуритиш узлуксиз технологик жараёнда олиб борилади. Бу орқали чигитдан толани, толадан ҳар хил ифлосларни ажратиб олиш самарадорлиги ошади ва толанинг сифати ҳам кўтарилади.
Пахта хомашёсини қуритиш мосламаларидаги ёнғин хавфи қуйидаги омиллар билан аниқланади: ёнувчи муҳитнинг мавжудлиги, ёндириш манбасининг мавжудлиги, қуритиш мосламаларидаги носозликлар.
Қуритиш мосламасининг барабанида доимий равишда ҳарорати 60-700С бўлиб, ёйилган ҳолатда, массаси 1500 кг гача бўлган пахта хомашёси бўлади. Бу жойдаги ҳаво таркибида етарли даражада кислород мавжуд.
Пахта хомашёси осон ёнувчи материаллар туркумига кирганлиги учун уларни қуритиш жараёнида маълум қийинчиликлар пайдо бўлади. Ёнғин хавфини кўпинча толали енгил учувчи қатламлар келтириб чиқаради.