Ёнғинга қарши тўсиқлар. Уларнинг вазифаси ва турлари. Ёнғинга қарши тўсиқларни жойлаштириш ва лойиҳалаш.
/14; 15; 20/
Ёнғинга қарши тўсиқларнинг вазифаси. Умумий ва маҳаллий ёнғинга қарши тўсиқлар.
Ёнғинга қарши тўсиқлар деганда - ёнғинларнинг тарқалишини маълум бир кўрсатилган вақтга чеклайдиган ҳамда меъёрий талабларга жавоб берувчи барча конструктив ёки ҳажмий режалаштириш ечимларини тушунамиз. Уларнинг асосий вазифаси хоналардаги ёнғинни бошқа хоналарига тарқалишини олдини олиш. Ёнғинларни чеклаш мақсадида биноларга ёнғинга қарши тўсиқларни қуйидаги турларини ўрнатиш кўзда тутилади:
-умумий;
-маҳаллий.
Умумий тўсиқлар – биноларнинг хоналардаги ёнғинни хоналардан-хоналарга, қаватлардан қаватларга тарқалишини чеклашга мўлжалланган (масалан, ёнғинга қарши девор, тўсиқлар, ораёпмалар, бинолар орасидаги масофалар ва бошқалар);
Маҳаллий тўсиқлар - ёнғин конструкция ёки уларнинг бўшлиқлари, тўкилган суюқликларнинг юзаси орқали тарқайдиган ёнғинни чеклашга мўлжалланган (масалан, бортиклар, дренажлар, диафрагмалар, тўсиқлар ва ҳ.к.).
Кўпинча ёнғинга қарши тўсиқлар уларда турли тешик ва тирқишлар мавжуд бўлгани сабабли ўз вазифасини бажара олмайди. Талаб этилган ҳимоя бўлмаса, ёниш маҳсулотлари, қатор ҳолларда эса аланга ҳам қўшни хоналарга тарқалади.
Ёнғин сифатсиз терилган девор орасидаги тирқишлар, бўйлама ва кўндаланг деворлар орасидаги тўлдирилмаган чоклар, осма панеллар бўйлама ва кўндаланг чоклари орқали тарқалган ҳоллар бизларга маълум. Кўпинча ёнғин қурилиш конструкциялари (тўсин, пардевор ва бошқалар) ёриқлари, деворлар ёриқларидан тарқалади. Ёнғинга қарши девор ва бостирмаларни кесиб ўтган ҳаво ўтказгич, вал, конвейер, кабел ва бошқа муҳандислик тармоқлари ёнғин тарқалиб кетиши сабабчиси бўлган ҳоллар ҳам кам эмас.
Меъёрий талабларга кўра, ёнғинга қарши ташқи деворлардаги тешиклар майдони умумий майдоннинг 25% дан ортмаслиги ва ўтга чидамлилиги чегараси 1,2 соатдан кам бўлмаслиги керак.
Ёнғинга қарши девор. Ёнғинга қарши девор биноларни ҳажми бўйича хона ва бўлинмаларга бўлиб турувчи конструкция. Ёнғинга қарши девор - пойдевор (фундамент) ёки пойдевор балкасининг устига жойлашган бўлиб, бинонинг баландлиги бўйича бинонинг конструкцияларни баландлиги бўйича кесиб ўтади. Ёнғин бўлмаларининг майдони меъёрий ҳужжатларга асосан аниқланади.
Тўсиқлар. Тўсиқ ёнғинга қарши тўсиқларнинг бир тури ҳисобланиб, улар ишлаб чиқариш соҳаларида кенг қўлланилади. Уларнинг асосий вазифаси ишлаб чиқариш корхоналаридаги технологик жараённинг ёнғин хавфлилигига ва ҳар хил функционал вазифасига қараб биноларнинг хоналарини бўлинмаларга бўлиш. Бўлинмаларга бўлишнинг асосий мақсади, қўшни хоналарга заҳарли ва газ-буғли портлаш хавфи бўлган ёки чанг ҳаволи аралашманинг тарқалишини чеклаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |