10 қаватли жамоат ва баланд турар жой биноларини лойиҳалаш ишларига ҚМҚ 2.08.01-94. «Турар жой бинолари» томонидан қўйиладиган талаблар. /9; 14; 20/
Ёнғинга қарши бўлинма қисмлар барпо этиш билан ёнғинни олдини олиш, ёнғинга қарши бўлинмаларни ёнғин чиқиш эҳтимолини камайтиришга имкон берувчи қисмларга бўлиш принциплари: ёнғин ва портлашга хавфли жараёнларни ҳимоялаш; иссиқлик манбалари бўлган, учқунли очиқ олов қўлланиладиган хоналарни ҳимоялаш; электр хоналарини ҳимоялаш; ахлат қувурларини ҳимоялаш; майдони бўйича қисмларга ажратиш.
12 қаватли ва ундан баланд биноларга, шунингдек, 10 қаватдан баландроқ ёки ҳажми 5000 м3 ни ташкил этадиган ва бундан ҳам каттароқ ҳажмли умумий ётоқхоналарга ўт ўчириш мақсадида фойдаланиладиган ички сув қувурлари ўрнатилиши зарур.
Ўн қаватли ва бундан ҳам баландроқ турар жой биноларининг ҳар қаватидаги квартираларнинг умумий майдони 500 м2 дан кам бўлганида тутундан ҳоли 1-зинадонга чиқиладиган эшик кўзда тутилиши лозим. Бунда секцияли биноларнинг 6-қаватдаги ва бундан ҳам юқорироқда жойлашган барча квартиралари ва умумий ётоқхоналарнинг умум фойдаланадиган хоналари осма айвонли ёки пешайвонли бўлиши, уларнинг оралиғи 1,2 м дан ёки осма айвон (пешайвон) томонидаги деразалар оралиғи 1,6 м дан кам бўлмаслиги керак, йўлакли биноларда эса йўлак охирида иккинчи қават полининг сатҳини кўрсатувчи белигача етиб турадиган 3-турдаги ташқи нарвонларга чиқиладиган қўшимча эшиклар бўлиши зарур. Тутундан ҳоли зинахона йўлакнинг охирида жойлашган ҳолларда йўлакнинг қарама-қарши томонига (охирига) 3-турга мансуб битта нарвон ўрнатишга йўл қўйилади.
Секцияларга бўлинган квартирали уйларнинг баландлиги 10 қават ва ҳар қаватдаги квартираларнинг секцияларда 270 м2 гача, бурчакда жойлашган ва муюлишдаги секцияларда 360 м2 бўлганида 1-туркумга мансуб оддий зинахоналардан бирига чиқиладиган эшик очишга йўл қўйилади.
Ўн қаватли ва бундан ҳам баландроқ бўлган йўлакли уй-жой биноларининг ҳар қаватидаги квартираларнинг умумий майдони 500м2 ва бундан ҳам каттароқ бўлган ҳолларда ҳар қаватда тутундан ҳоли зинахоналар камида 50 фоизини 1-турга, қолганларини эса иккинчи турга мансуб қилиб лойиҳалашга йўл қўйилади. Бинонинг биринчи қаватидаги тутундан ҳоли зинахоналардан бевосита ташқарига (ҳовлига) чиқиладиган бўлиши керак.
Секцияли уйларни тутундан ҳоли 1-тур зинахоналардан ташқарига (ҳовлига) вестибюл орқали, яъни йўлаклардан ёнғинга қарши 1-тур парда девор билан ажратилган даҳлиз орқали чиқиладиган қилиб лойиҳалаш мумкин. Бунда зинахонадан даҳлизга, бошқа қаватлардаги сингари, очиқ йўлакдан ўтилиши лозим. Биринчи қаватдаги очиқ йўлакка темир панжара ўрнатишга йўл қуйилади.
Квартирадан то зинахонагача бўлган йўлга камида иккита (квартира эшиги бу ҳисобга кирмайди) эшик ўрнатилиши, бу эшиклар бирин-кетин жойланиши ва ўзи ёпиладиган бўлиши керак.
Тутундан ҳоли зинахоналари бор хоналарда ҳар қаватидаги йўлаклар тутундан тозаланиб туриши учун қопқоқли (клапанли) сўрадиган, тортиб оладиган махсус қудуқчалар (шахталар) кўзда тутилиши ва ҳар бир қаватда йўлак узунлигининг ҳар 30 метрига битта қудуқчадан тўғри келиши лозим.
Тутунни сўриб оладиган ҳар бир қудуқчага алоҳида вентилятор ўрнатилиши, қудуқчаларнинг ўзлари ёнмайдиган материалдан қурилиши ва ўтга чидамлилик чегараси 1 соатдан кам бўлмаслиги керак.
Лифт қудуқчаларида ёнғин пайтида қудуқчанинг юқориги қисмига ташқаридан тоза ҳаво кириб турадиган алоҳида ҳаво йўлак (канал) бўлиши керак.
Бунда лифт қудуқчасидаги ортиқча босим ҚМҚ 2.04.05.-91га мувофиқ белгиланиши лозим.
Тутунни сўрадиган-тортиб оладиган ва тоза ҳаво юборадиган вентиляция ускуналари ёнғинга қарши 1-турдаги парда деворлар билан қуршалган айрим вентиляция хоналарига жойланиши керак. Квартираларнинг даҳлизларига, умумий ётоқхоналарнинг ҳужраларига, маданий-маиший хизмат кўрсатиш хоналарига ўрнатилган ёнғиндан дарак берувчи мосламалар сигнал берганида, шунингдек, ёнғин чиққанлиги тўғрисида масофадан бошқариладиган воситалар ва ҳар бир қаватда ўт ўчириш жўмраги жойлашган жавондаги тугмача (кнопка)лар автоматик равишда очиладиган ҳамда вентилятор автоматик равишда ишга тушадиган бўлиши зарур.
Зина саҳнинг ва иккита саҳн орасидаги қисм (марш)нинг кенглиги бинонинг баландлигини, квартиралар сонини, зинадан жадал фойдаланишини назарда тутиб белгиланиши ва 1,2м дан кам бўлмаслиги зарур. Қайрилма зинапоялар қуришга йўл қўйилмайди.
Ҳар бир ертўла қават ва ҳар бир пастки (цоколь) қаватнинг иккита эшиги бўлиши, шу эшиклардан бири бевосита ташқарига олиб чиқиши лозим. Устма-уст жойлашган ертўла қаватлар ҚМҚ 2.01.02.-85 га мувофиқ, ўтга чидамли конструкциялар ёрдамида бир-биридан ажратилган бўлиши, лекин биридан бирига ўтишга имкон берадиган йўллари бўлмаслиги лозим.
Кўп қаватли жуда баланд турар-жой бинолари ичига қозонхоналарни жойлаштириш ва уларни мазкур бинолар орасига ва уларга туташтириб кўриш тақиқланади.
Кўп қаватли жуда баланд биноларни лойиҳалаш чоғида уларни эвакуация чироқлари, яъни хавф туғилган пайтларда фойдаланиладиган электр лампалар билан таъминлаш кўзда тутилиши зарур; бундай лампалар, ёритгичлар даҳлиз (вестибюл)ларга, лифтхоналарга, лифтлар олдидаги майдончаларга, шунингдек, узунлиги 10 м дан ошмайдиган йўлакларга ўрнатилиши, бинога кириладиган эшиклар тепасига «Кириш йўли» деб ёзилган ёришувчи кўрсаткичлар бириктирилиши керак.
Момақалдироқлар гумбурлаб турадиган вақт йилига ўрта ҳисобда 20 соатни ва бундан ҳам кўпроқни ташкил этадиган жойларда қад кўтарган ва радиуси 400 м келадиган майдондаги иморатлардан 25 м дан ҳам баландроқ кўтарилиб турган турар-жой бинолари, шунингдек, бошқа бинолардан 400 м дан ҳам нарироқда алоҳида-алоҳида қад кўтариб турган 30 м дан баландроқ бинолар яшин уришдан ва ер устидаги темир конструкциялар орқали ўтиши мумкин бўлган юксак потенциаллар таъсиридан ҳимояланган бўлиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |