5. Қадимги Шарқда жиноят ва жазо масалалари
Қадимги Шарқ мамлакатлари ҳуқуқий ёдгорликларида жиноят деб тан олинадиган хатти-ҳаракатларнинг анча кенг доираси берилади. Қадимги Хитойда айнан жиноят ҳуқуқи кўпроқ ривожланган. Жиноят тушунчаси инсон жиноий иродасининг намоён бўлиши билан боғланади. Ҳуқуқбузар шахсга “пасткаш инсон” сифатида қаралган. Унинг “пасткашлиги” шу билан белгиланганки, у ўзининг ҳалокатли, жиноий иродаси билан ўзи яшаб турган, ўзи тааллуқли бўлган ижтимоий гуруҳдаги, жамиятдаги, табиатдаги уйғунликни, тартибни ва ҳатто содир этган жинояти характерига қараб бутун дунёни бузиб юбориши мумкин, деб ҳисобланган. Хань даврида “агар ирода эркин бўлса, инсон қонунни бузмайди” деган конфуцийлик тамойилига асосан Хитойда айб шакли ҳақидаги махсус таълимот юзага кела бошлади. Хитойда қасддан ва атайлаб, ғараз мақсадларда содир қилинган жиноятлар ва буларсиз, шунингдек хато натижасида содир этилган жиноятлар бир-биридан ажратилди. Tан жароҳати етказганлик учун жазонинг оғирлиги жароҳат “ёвуз мақсадда” етказилганми ёки уришиш-ёқалашиш натижасида етказилганми шунга боғлиқ бўлган. Қасддан қилинган туҳмат учун нисбатан оғирроқ жазо белгиланган бўлса, тасдиқланмаган чақимчилик учун эса анча енгил жазо назарда тутилган.
Қадимги Хитой жиноят ҳуқуқида тугалланган жиноят ва суиқасд ўртасидаги фарқ ҳам ажратилган. Жиноятга суиқасд қилиш жиноий ироданинг намоён бўлиши сифатида кўрилиб, анча енгилроқ жазо билан таъқиб қилинган. Бироқ, яқин қариндошини ўлдиришга суиқасд қилиш тугалланган жиноят деб ҳисобланган.
Қадимги Ҳиндистон жиноят ҳуқуқида ҳам қасддан ва эҳтиётсизликдан қилинган, биринчи марта содир этилган ва рецидив, оғир ва енгил жиноятлар бир-биридан ажратилган. Шунингдек, жазолар тайинлашда айбдорлик даражаси, иштирокчилик, жабрланувчи ва айбланувчининг қайси варнага мансублиги кабилар ҳисобга олинган. Зарурий мудофаа учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Лекин шулар билан бир қаторда жиноят ҳуқуқида ҳали ибтидоий жамоа тузуми қолдиқлари, жумладан, ордалия, жамоавий жавобгарлик тамойиллари сақланиб қолган.
Xаммурапи қонунларида жиноят ҳуқуқи соҳасида ибтидоий жамоа тузумининг кўпгина қолдиқлари сақланиб қолган. Буларга: а) жиноят учун жиноятчининг шахси номаълум бўлган ҳолларда бутун ҳудудий жамоанинг жавобгарлиги (23-24-моддалар); б) ота-она жинояти учун боланинг жавобгарлиги (116-, 210-, 230-моддалар); в) жиноятчини мазкур ҳудуддан ёки “уйидан” ҳайдаб юбориш (154,158-моддалар) кабилар киради.
Xаммурапи қонунларида талион (“кўз учун кўз”, “тиш учун тиш” ва ҳ.к.) тамойилининг сақланиб қолганлиги ҳам ибтидоий жамоа тузумининг қолдиқларидандир. Бироқ талион тамойили фақат жиноятчи ва жабрланувчи Бобилнинг тўла ҳуқуқли фуқаролари (авилум) бўлса, шунда қўлланилган. Агар авилум авилумнинг кўзини чиқарса, унинг ҳам кўзини чиқариш лозим бўлган (196-модда). Агар авилум авилумнинг суягини синдирса, унинг ҳам суяги синдирилган (197-модда). Агар авилум мушкенунинг кўзини чиқарса ёки суягини синдирса, жарима тўлаган, агар у қулга жароҳат етказса, унинг хўжайинига қул баҳосининг ярмини тўлаган (199-модда).
Шундай қилиб, қонунларда ўрнатилган жазолар очиқдан-очиқ юқори табақалар манфаатларини ҳимоя қилган. Бир хилдаги жиноятлар учун айбланувчи ва жабрланувчининг қандай мавқеда турганлигига қараб турлича жазолар тайинланган. Масалан, Xаммурапи қонунларига биноан авилум ижтимоий мавқеи бўйича ўзига тенг бошқа авилумнинг юзига урса, жарима тўлаган (203-модда). Агар кимда-ким ўзидан юқори ижтимоий мавқедаги кишини юзига урса, у омма олдида мол терисидан тайёрланган қамчи билан олтмиш дарра саваланган (202-модда). Агар қул эркин кишининг юзига урса, унинг қулоғи кесилган (205-модда). Мушкену бошқа мушкенунинг юзига урса, авилум авилумни урганга қараганда олти баравар кам жарима тўлаган (204-модда).
Қадимги Шарқ мамлакатлари ҳуқуқий ёдгорликларида жиноятларнинг давлатга қарши қаратилган, шахсга қарши қаратилган, мулкка ҳамда оилага қарши қаратилган турларига бағишланган кўпгина меъёрлар мавжуд.
Қадимги Шарқ мамлакатларининг ҳаммасида ижтимоий ва давлат тузуми асосларига озгина бўлсада суиқасд қилишлик учун оғир жазолар назарда тутилган. Масалан, Мисрда давлатга хиёнат, қўзғолон кўтариш ва фитна уюштириш ҳолларида фақат айбдорнинг ўзи эмас, унинг онаси, опа-сингиллари, бутун оиласи жавобгар бўлган. Бунда исёнчи ўлим жазосига маҳкум этилиб, унинг жасади ҳамма қатори ерга кўмилмай, сувга ташлаб юборилган. Давлат сирларини ошкор қилишлик оғир жиноят ҳисобланиб, бунинг учун айбдорларнинг тили кесилган. Сохта нарсалар ясаганларнинг қўли кесилган. Қалбаки муҳрлар, пуллар ясаганларнинг икки қўли кесилган, шунингдек, сохта тош-тарозилардан фойдаланганларга тана аъзоларидан бирини кесиб ташлаш жазоси қўлланган.
Ману қонунларида ҳам аввало давлатга қарши қаратилган жиноятларга алоҳида эътибор берилган. Давлат ва ижтимоий тузумга қарши ҳар қандай суиқасд учун ўлим жазоси белгиланган. Подшо душманларига хизмат қилиш, шаҳар деворларини, дарвозаларини синдириш кабиларга давлатга қарши жиноятлар сифатида қаралган. Лекин бундай турдаги жиноятларнинг тўлиқ рўйхати берилмаган (бу қадимги Шарқ ҳуқуқига хос характерли белгилардан биридир).
Айниқса Хитойда сиёсий, давлатга қарши жиноятлар учун жуда оғир жазолар назарда тутилган. Бундай ҳолларда нафақат айбдорнинг ўзи, балки унинг отаси, онаси ва хотини тармоғи бўйича уч авлод қариндош-уруғлари ҳам жавобгар ҳисобланган. Хань империясининг дастлабки даврида махсус фармон чиқарилиб, бунга кўра, давлатга қарши жиноят содир этган шахснинг уч авлоди қирғин қилиниши назарда тутилиб, “сўнгги авлодга дастлаб татуировка йўли билан тамға босилган, сўнгра уларнинг бурунлари ва оёқлари кесилган, ундан кейин уларни таёқ билан ўлгунча уриш лозим бўлган. Уларнинг бошлари узилиб, суяклари ва гўштлари таналаридан ажратиб олиниб, бозор майдонларига осиб қўйилган. Агар кимда-ким бундан норозилик билдириб, ҳукуматни танқид қилса, унинг тили кесилган, сўнгра унинг хотини ҳам шундай жазоланган”. Жазо айбдорнинг отасига, онасига, болаларига, ака-укаларига, опа-сингилларига ҳам, ёшларидан қатъи назар, қўлланаверган. Жуда ёш болаларни ва ўта кекса кишиларни қийноқлар билан қатл этиш ҳоллари кўп бўлган. Мавжуд тузумга қарши фитна ва исёнларда иштирок этган шахслар қайнаб турган сувда ёки ёниб турган гулханда куйдирилган. Бундан ташқари ўлим жазосининг тириклайин кўмиб юбориш, бўлакларга бўлиб ташлаш ва ҳоказо усуллари кенг қўлланилган. Давлатга қарши жиноятларга оғир жиноят сифатида қаралган. Цинь подшолигида конфуцийларнинг тақиқланган адабиётларини сақлаш давлатга қарши оғир жиноятлардан бири ҳисобланган.
Қадимги Мисрда ҳам давлат тузумига қарши қаратилган жиноятларга ва диний қоидаларни бузган шахсларга ўлим жазоси берилган. Xудоларга бағишланган ҳайвонларни қасддан ўлдириш, ибисларни (иссиқ мамлакатларда яшайдиган лайлакка ўхшаган узун оёқли қуш), мушукларни, бойўғлиларни ва бошқаларни ўлдириш, Нил дарёсини ифлослантириш, мурда кўмилган гўрни қазиш, тақиқланган жойга мурдани кўмиш ва бошқалар ҳам оғир жиноят ҳисобланган. Афсунгарлик учун ўлим жазоси назарда тутилган; инсонни сеҳрли жодулар ёки ичимликлар билан сеҳрлаб қўйиш энг оғир жиноятлардан ҳисобланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |