[سُورَةُ النِّسَاءِ: ٣٤]
“Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз” (Нисо, 34).
Қуръонда зикри келган аёллар
Қуръонда инсонларнинг ибрат олиши учун аввалги Пайғамбарларнинг қиссалари зикр қилингани каби ибрат бўлиши учун баъзи солиҳа аёлларнинг қиссалари ҳам зикр қилинган. Лекин кўп сураларда очиқ-ойдин исми зикр қилинган аёл фақат ҳазрати Марям ҳисобаланади. Қасос ва Таҳрим сураларида исми зикр қилинмай, қиссаси келтирилган аёл Фиръавннинг аёли ҳазрати Осиёдир. Бу икки аёл мисолида Аллоҳга иймон келтирган тақволи аёллар ҳам Аллоҳнинг ҳимоясида ва Унинг раҳматига эришган бандалар экани билдирилган. Бундан ташқари ҳукмдорлик қилган Саба маликаси Билқис ҳақида ҳам Қуръонда зикр қилинган ва у маломат қилинмаган. Қуръонда қиссалари келтирилган аёллар кучли аёллар сифатида зикр қилинган. Ҳазрати Осиё Мусонинг пайғамбарлигига (унга саломлар бўлсин) бўлган иймонининг бадалини жони билан тўлагани ва буни ҳеч қандай ҳадиксиз қабул қилганига гувоҳ бўламиз. Саба маликаси Билқис бўлса “бошқарувчи ҳукмдор” дея васф этилган. Ҳазрати Оиша туҳматга қолганида Раббисига сиғинди ва таваккул қилгани учун Аллоҳ таоло каломида уни оқлаб, ҳимоя қилди. Юқорида тилга олганимиз ҳазрати Ҳавла “Аллоҳ сўзини эшитган аёл” дея тилларга достон бўлди. Ҳазрати Мусонинг онаси Раббига бўлган ишончи ва таваккули билан фарзандини сандиққа солиб, Нилга оқизганди. Қуръонда исми зикр қилинган ягона аёл ҳазрати Марям бўлиб, у ҳазрати Исодек мўъжизага она бўлган ва бу йўлдаги барча қийинчиликларда сабр билан Раббисига суянганининг мукофоти ўлароқ “Бутун аёллардан устун қилинди”. Аллоҳ таоло аёлларни иймонлари ва тақволари сабаб даражаларини юксак қилар экан, эркаклар аёлларни ерга уришга ҳаракат қилишларини тушуниш қийин. Жоҳилият замонида аёлларга қилинган зулм, ноҳақлик ва ваҳшийликларга Ислом нуқта қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ва ҳадислари билан бу борада жуда гўзал ўрнак бўлдилар. Ислом аёлнинг ҳам ҳаётдаги, ҳам жамиятдаги, ҳам оиладаги ўрнини кўрсатиб берди. Унга қадр-қиймат ва ҳақ-ҳуқуқ берди. Минг афсуски, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин аёлга бўлган муносабат секин-асталик билан эски ҳолига қайтишни бошлади ва кундан кунга ортга чекиняпти, десак муболға қилмаган бўламиз. Абдуллоҳ ибн Умарнинг гаплари буларни тасдиқлайди: “Расулуллоҳ ҳаётлик вақтларида, биз ҳақимизда оят нозил бўлишидан қўрққанимиз учун аёлларимизга қўлимизни ҳам, тилимизни ҳам узатмасдик. Қачонки, Расулуллоҳ вафот этдилар, уларга қўлимизни ҳам, тилимизни ҳам узатишни бошладик”.
Бу жуда ҳам ачинарли ҳолат эмасми? Худдики, Расулуллоҳ вафот этганларидан кейин эски одатларга, эски зулмга рози бўлгандек гўё. Аслида, ҳар бир мусулмон аёлларга зулм қилар экан, бунинг хато эканлигини билади, лекин Жаброил келиб, юзимга солмайди, деб зулмларида давом этишади. Жаброил сизнинг ҳузурингизга келиб, аёлларга қилганларингизни сизнинг юзингизга солмас, балки. Лекин сиз Жаброилнинг ҳам Рабби бўлган Қодир Зотнинг ҳузурига борасиз, буни хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ҳеч бир банда унутмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |