Исломнинг илк шаҳид аёли ҳазрати Сумайя
Ислом тарихини ўқиб-ўрганганимизда қандай буюк инсонлар, қандай кучли иймон соҳиб-соҳибалари борлигига гувоҳ бўлар эдик. Аммо биз ҳали ҳам “Бунинг севгилиси ким?” “Бунинг хотини ёки анавининг эри ким?” “Фалончининг келини нима олиб келди?” “Қудаси қандай совға олди?” “Анавининг эри, куёви, ўғли нима иш қилади?” “Қандай кийинади?” “Қандай тақинчоқ тақади?” ва ҳоказолар билан машғул бўлганимиз учун булар ҳақида ўқиб-ўрганишга вақтимиз йўқ. Бизга ҳеч қандай фойдаси йўқ нарсаларга сарфлайдиган вақтимиз кўп, лекин ўқишга вақтимиз етмайди. Саҳобаларнинг, хоним саҳобаларнинг ҳаётлари қандай кечган, уларнинг ҳаётий қиссалари билан Аллоҳ бизга нималарни дарс бермоқчи, ҳеч ўйлаб кўрмадик. Расулуллоҳнинг ёнларида турган, у зотни ҳимоя қилган, даъват йўлида ёрдамчи бўлган ва бу йўлда жонидан ҳам воз кечаолган оналаримиздан бехабар ҳолда умримиз ўтяпти, минг афсуски. Навбатдаги бизга ўрнак бўладиган аёл Исломдаги илк шаҳид аёл ҳазрати Сумайядир (Аллоҳ ундан рози бўлсин).
Бир ўқувчим савол берганди: “Ислом аёлларга бу қадар қадр-қиймат берган экан, аёллар-чи, аёллар Исломга керакли қадр-қийматни бердиларми?” Бу савол мени жуда кўп ўйлантирганди. Бугунги кунимиздаги ҳолатни мулоҳаза қилсак, аҳвол жуда ачинарли. Узоқ тарихга бормайлик, яқин ўтмишда рўмоли учун ҳаётларидаги жуда кўп нарсалардан воз кечган, бошларидаги бир парча мато учун мужодала қилган аёллар, ҳозирда тор шим ва калта кўйлак кийиб, бошига рўмол ўраганларни кўриб: “Биз бу учун мужодала қилмаган эдик”, деяптилар ва бунга ҳақлилар ҳам. Исломнинг асл моҳиятини англамай, тушунмай, ота-она хоҳлагани ёки мажбурлагани учун, яшаган ерига мослашиш учун ёки чиройли бўлиш учун ўралса, моҳият қаёқда қолади. Ҳозир бутун дунёдаги муаммо шу эмасми?! Саҳнага чиқадиган қўшиқчи каби кийимлар, ҳаддидан ошган пардозлар, сохта киприк ва тирноқлар, лаб ва тирноқдаги турли-туман бўёқлар... Ёш бўлишига қарамай терилган қошлар, лабдаги, юздаги ботокс, яна бир нималар... маркасини бошқаларга кўрсатиш учун ўралган шарфлар ва сумкалар... Бу ҳолимизни ҳазрати Сумайя кўрса, унинг кўзига қандай қарардик? Жонимизни шулар учун тикканмидик, демасмикин?..
Ким эди ҳазрати Сумайя? Сумайя бинти Ҳаббат, Маҳзумийларнинг қабиласидан. Абу Ҳузайфа ибн Муғийранинг чўриси. Меҳнаткашлиги сабаб тилларга тушган аёл. У Ямандан келиб Абу Ҳузайфадан паноҳ сўраган ёш Ёсир билан турмуш қурган эди. Ўғли Аммор, эри Ёсир билан бирга кучли иймон эгалари бўлган оиланинг бекаси. Исломнинг илк шаҳид аёли эди. Эри кўзининг олдида шаҳид қилинган бу муборак аёл иймонидан зарра чекинмаган, барча азобларга сабр қилиб, шаҳодат шарбатини ичган. Исломдаги илк шаҳид аёл деган шарафли ном билан тарих саҳифаларига битилган аёл. Ушбу оилани ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ, шунинг учун иймонларидан қайтишлари осон бўлади, деган гумон билан куннинг энг қизиган вақтида жазирама қумликка олиб келиниб, ақл бовар қилмайдиган ваҳшийликлар билан азобланган оила. Уларни қанча азобламасин улар мушриклар хоҳлаган биргина сўзни ҳам айтмаган эдилар. Ҳазрати Расулуллоҳ уларни кўриб, уларга шу хушхабарни берган эдилар: “Эй Ёсир оиласи, сизларга жаннат хушхабарини бераман”. Расулуллоҳни кўришлари билан қалбларига ҳузур тўлган бу оила мазкур хушхабарни эшитиб, нималарни ҳис қилишди экан?! Ёши аёлидан анчагина катта бўлган Ёсир мушрикларнинг Аллоҳ ва Расулига қарши айттирмоқчи бўлган сўзларини асло айтмагани учун қилинган қийноқларга сабр қилолмай, жон таслим қилди. Шу билан Ёсир Исломдаги илк шаҳид бўлган эркак бўлиб тарихга кирди. Қийноққа тутилган Ёсирнинг бошқа бир ўғли Абдуллоҳ ҳам бор эди. У камон ўқи билан шаҳид қилинган эди.
Энди бир ўйлаб, тасаввур қилиб кўрайлик, кўз олдимизда эримиз ўлдирилса ва ўғлимиз чидаб бўлмас қийноқлар билан азобланса. Ажабо, биз бундай ҳолатда нима қилар эдик? Оёқларимиз ҳазрати Сумайя каби динимизда собит турармиди? Жигарпорамизни кўз олдимизда азобласалар, кўз ўнгимизда ўлиши мумкин бўлган кўзларимизнинг нури турса, янада иймонимизда собит тура олармидик? Иймонимизнинг қанчалик эканини ўлчаш учун шу мезон кифоя, аслида, шундай эмасми? Шунча қийинчиликларни кўрган ҳазрати Сумайя бир зум бўлса-да, иймонидан қайтмади. Мушриклар унга мажбурлаб айттирмоқчи бўлган сўзларни оғзига ҳам олмади. Бугунги кунимизда эркаклар ҳам сабр қилиши қийин бўлган азобларга сабр қилди, Аллоҳга суянди ва Унга бутун вужуди билан таслим бўлди. Абу Ҳузайфа тарафидан азобланган ҳазрати Сумайя унинг амакиси Абу Жаҳл тарафидан найза билан ўлдирилди. Шу билан илк шаҳид аёл деган шарафли номни олди ва Аллоҳ ризоси учун шаҳид бўлди. Бизларга ҳам ҳазрати Сумайяники каби кучли иймон ва тақво насиб қилсин, Раббим.
Do'stlaringiz bilan baham: |