Такрорлаш учун саволлар.
- Жаҳондаги Бош, Асосий ва ноасосий зиддиятлар нимани англатади?
- Ерда одамзотнинг пайдо бўлиши қандай оқибатларга олиб келди?
- Тор манфаатлар нима ва уларни қандай қилиб умупланетар манфаатларга бўйсундириш мумкин?
- Табиат билан жамият, жамият билан одамзот ўртасидаги зиддиятларни ҳал этиш мумкинми?
- Бифуркация мурвати ва дивергенеция қонуни нима?
- Миллий ранг-баранглик нимага керак?
- “Дин”, “ишонч”, “имон” тушунчаларидаги умумийлик ва айримликни англаш нега жуда муҳим?
- Нега динларни сиёсийлаштириш ўта ҳавфли?
- Ноосфера даврида илм ва дин аҳли, фан ва дин иттифоқи нега зарурат бўлиб қолди?
- “Ғор одамлари”га хос тафаккур тарзи нима ва уни бартараф этиш имконияти мавжудми?
II бўлим. Геосиёсат.
Геосиёсат, унинг эвалюцияси ва шаклланиши.
Анъанавий геосиёсат ва
унинг умумий йўналиши.
Инсоният ўз тараққиётида турли тарихий даврларни босиб ўтди. ХХ асрга келганда, айниқса биринчи жаҳон урушидан кейин, олимлар одамзот илгаригилардан тубдан фарқ қиладиган янги - Ноосфера (Ақл соҳаси) даврига қадам қўйгани учун ҳамма соҳада – илмий-тадқиқот ишларида ҳам, сиёсий концепциялар ишлаб чиқилаётганда ҳам бу ҳолатга жиддий эътибор бериш кераклигига этиборни қаратдилар. Бироқ, илмий-тадқиқотлар соҳасида ҳам, сиёсат ва мафкурада ҳам табиат ўз тараққиётининг янги босқичи – Ноосфера даврига қадам қўйганлиги муносабати билан янгича тафаккур тарзи, янгича дунёқарашни шакллантиришга қаратилган жиддий ёндашувлар бўлмади.
Жаҳон ҳамжамияти ва халқаро муносабатлар мумаммолари кўпгина ижтимоий-гуманитар фанлар, жумладан, сиёсат тарихи, дипломатия тарихи, социология, геосиёсат доирасида ҳам ўрганиб келинади. Эндиликда уларни мафкуранинг ҳам алоҳида қисми сифатида ўрганиш зарурияти пайдо бўлмоқда. Чунки геосиёсий мақсадлар кўпроқ мафкуравий сиёсат билан узвий боғланиб кетмоқда. Бунда одамлар, халқлар, давлатларга мафкура орқали ғоявий таъсир кўрсатиш геосиёсатнинг таъсирчан воситаси бўлиб қолмоқдаки, Президент И.А.Каримов таъкидлаганидек, мафкуравий полигонлар ядро полигонларига қараганда ҳам хавфлироқ тус олмоқда.
“Геосиёсат” тушунчасидаги “Гео” – ер (шар), “сиёсат” эса шу Курpаи заминга доир сиёсат юргизиш демакдир. Яъни, у муайян давлат ёки давлатлар гуруҳининг географик ёҳуд маконий – ҳудудий аспектда олиб борадиган сиёсати бўлиб қолмасдан, шу билан бирга, умуман жаҳон ҳамжамиятининг ҳам, айрим давлатлар иттифоқлари, блокларининг умум-жаҳон миқёсида белгилайдиган параметрлари, ўлчовлари, феъл-атворларини ҳам англатади. Геосиёсатга доир назарий қарашлар ХIХ аср иккинчи ярмидан бошлаб Ғарбий Оврупода вужудга келиб, географик муҳит халқларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий тараққиётида ҳал қилувчи рол ўйнаши тўғрисидаги қарашларни муқимлаштиришга ҳаракат қилади. Бундай қарашлар гўёки янгича ёндашувлар сифатида талқин этилса-да, аммо улар қадимги грек олимларининг асарларида учрайди. Сўнгра, Ўрта аср мутафаккири ибн Ҳалдун бундай ғояларни илгари сурган эди.
ХVIII асрга келиб француз файласуфи Ш.Л.Монтескье тараққиёт тўғрисидаги омиллар ўрнига ҳалқларнинг аҳлоқи, урф-одатлари, уларнинг хўжалик ва сиёсий тузумларини йўлга қўйиш тўғрисидаги ғояларни илгари сурди. Бироқ, геосиёсат тўғрисидаги назарий қарашлар вужудга келмай туриб, минг йиллар давомидаги сиёсий фаолиятда у етакчи йўналиш бўлиб келганлиги маълум. Анъанавий геосиёсат географик муҳит билан боғлиқ эканлиги таъкидланади. Масалан, инглиз тадқиқотчиси Макиндер “Тарих – географик маркази”ни Марказий Осиёда кўради. Шу туфайли у Чингизхон ўзининг отлиқ аскарлари қудратига таяниб, Осиё ва Оврупонинг талай қисмини эгаллашга муваффақ бўлди, деб ҳисоблайди. Буюк географик кашфиётлар туфайли кучлар нисбати океанлар билан қуршалган Буюкбритания фойдасига ҳал бўлгани, янги транспорт воситалари (темир йўл) пайдо бўлиши билан кучлар нисбати текис ерли давлатлар фойдасига ҳал бўлганини асослашга интилади Макиндер. У кимки Шарқий Оврупони назорат остига олса, тарихнинг географик марказига эга бўлади, деган ғояни илгари сурган. Макиндер жаҳон бозорида эркин рақобат урушларни келтириб чиқаради, деб ҳисобларди.
Давлатлар ўртасидаги муносабатларда жисмоний куч ишлатиш (зўравонлик) кераклиги ҳақида фикрлар пайдо бўлди. Бунга кўра, кучсизлар устидан кучлиларнинг ғолиб келиши ҳаёт қонунининг асосини ташкил этиши керак эди. Бу ғоялардан келиб чиқиб, Германияда куч ишлатиш билан ҳукмронлик қилиш биринчи ўринга қўйила бошланди. Немис сиёсий арбоби О. Бисмарк Германиянинг яккаю ягона ҳудуди унинг армиясидир, деган фикрни илгари сурди.
Do'stlaringiz bilan baham: |