Улуғ мутафаккир ва гуманист Абдураҳмон Жомий (1414-1492) Ҳирот яқинидаги Харжирд қишлоғида дунёга келади.
Жомий қомусий олим эди. У геометрия, астрономия, космография, математика фанларини пухта ўзлаштирган, араб тили, фалсафа, риторика, ахлоқшунослик борасида йирик асралар ёзган эди. Алломанинг муҳим асарлари сирасига «Баҳористон», «Шархи рубоиёт», «Ҳафт авранг», «Лавоиҳ», «Нафаҳот ул-унс» ва бошқалар киради.
Жомий борлиқни ваҳдати вужуд таълимоти асосида талқин қилади. Унинг тушунтиришича, Худо бутун мавжудотларнинг бош сбаабчиси, ижодкоридир. У абадий. Қолган ҳамма нарса ва ҳодисалар ўткинчи ва вақтинчадир. Унинг эътиқодича, Худо ягона бўлмаганда эди, дунёда тартибсизлик ҳукм сурар эди. Унда дунё қонун асосида фаолият кўрсатмаган, тинчлик эшиклари очилмаган булур эди. Бутун дунё йўқликка айланиб, балки бу йўқликдан чиқаолмаган бўлур эдими6.
Жомий гуманистик таълимотининг марказида инсон туради. Шоир инсоннинг билиш қобилияти чексиз эканлигини таъкидлади, асарларида шахс эркинлиги, адолат, саҳоват, меҳнатсеварлик, тўғрилик, билимдонлик ҳақида фикр юритди. Унинг айтишича, инсон меҳнат фаолиятида моддий дунё ҳодисаларини идрок қилади. «Имкони борича ҳамма нарса ҳақида ҳақиқатни билишга интиладиган ва ўзининг билиб олган нарсаларини амалда қўллай оладиган киши доно деб айтилади»7.
Жомий илм-фан билан шуғулланишни инсон учун қадрли ва муносиб иш деб билди.
Улуғ ўзбек шоири, давлат арбоби, буюк мутафаккир Алишер Навоий (1441-1501) Ҳиротда таваллуд топади.
Шеърият мулкининг султони бўлмиш бу адиб 30 га яқин асарлар муаллифидир. Улар адабиёт, наср ва назм, фалсафа, ахлоқшунослик, педагогика, тилшунослик, мусиқа, нафосатшунослик, тарих, табиий фанлар муаммоларига бағишланган. Навоий асарлари жумласига «Хазойинул-маоний», «Девони фоний», «Лисонут-тайр», «Мажолис ун-нафоис», «Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер», «Вақфия», «Муншаот», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Тарихи мулуки Ажам» ва бошқалар киради. Мутафаккирнинг шоҳ асари «Хамса» беш достондан иборат: «Лайли ва Мажнун», «Сабъайи сайёр», «Хайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин» ва «Садди Искандарий».
Навоий фалсафий қарашлари ваҳдати-вужуд ва тасаввуф таълимотига асосланган. Мутафаккир ўзининг дунёқарашида Оллоҳ, табиат ва инсон бирлигидан келиб чиқади. Унинг эътиқодига кўра, инсон бахт-саодатига бу дунёда эришиши мумкин. Бунинг учун у тинмай меҳнат қилиши, касб-ҳунар эгаллаши, табиатнинг сиру асрорини идрок қилиши, унинг ноз-неъматларидан фойдаланиши даркор. Худо, алломанинг фикрича, борлиқнинг, шу жумладан инсоннинг яратувчисидир. Мавжудотларнинг энг яхшиси, аълоси ва гултожиси инсондир.
Do'stlaringiz bilan baham: |