4. ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Марказий Осиёда илғор фалсафий, ижтимоий-сиёсий фикрлар. ХХ-ХХI аср ўзбек фалсафаси.
Ислоҳотчилик ва маърифатпарварлик янги фалсафасининг шаклланишида қомусий билим соҳиби, табиий ва аниқ фанларни чуқур билиши туфайли муҳандис деб улуғланган Аҳмад Дониш (1827-1897) (Тўлиқ исми - Аҳмад ибн Мир Носир ибн Юсуф ал-Ҳанафий ас-Сиддиқий ал-Бухорий) алоҳида ўрин тутади. У астрономия ва космология соҳаларидагина тадқиқотлар олиб бориб қолмай, фалсафа, тарих, адабиёт, мусиқа санъати ва хаттотлик фанларида ҳам етук эди.
Аҳмад Дониш маърифатпарварлик йўналишидаги ислоҳотлар тарафдоригина эмас эди. Амалдорларнинг шахсий манфаати йўлида ўз мансабини суиистеъмол қилиши, ҳукмдорларнинг очкўзлиги ва шариат қонунларини ўз фойдасига хизмат қилдириши, схоластикага асосланган таълимнинг аҳволи, давлат мустақиллигини сақлашга йўналтирилган ташқи сиёсат тизимининг мавжуд эмаслиги, умумий душманга қарши кучларни бирлаштириш ўрнига, минтақадаги янги ерларни босиб олишга қаратилган ниҳоятда чекланган бирёқлама интилишлар - буларнинг барчасини кўриб, у нафақат танқидчи файласуф бўлиб етишди, балки Ватанининг қашшоқ аҳволини идрок этишдай залворли юк унинг чекига тушди.
Ўша давр Миср ислоҳотчилари каби Аҳмад Дониш фатализмга қарши чиқди. У инсон ҳамма нарса фақат яратгандан деб ўтирмай, ўз аҳволини яхшилаш учун фаол ҳаракат қилиши кераклиги ғоясини илгари суриб, ҳар бир киши ўз тақдирини ўзи хал қилиш мумкинлигини ва Аллоҳ томонидан бунга катта имконият берилишини уқтирди. Унинг фикрича, давлат бир тўда кишиларнинг эмас, балки халқнинг манфаатларини қондиришга хизмат қилиши керак, давлат раҳбарлари эса, мамлакат ва жамият фаровонлиги тўғрисида қайғуриши лозим. Аҳмад Донишнинг аҳолисининг дини ва миллий мансублигидан қатъи назар илғор мамлакатлардан ибрат олиш кераклиги ҳақидаги нуқтаи назари ҳам жадидчилик таълимотининг асосига айланди.
Муҳаммад Аминхўжа Муқимий (1850-1903) ва Зокиржон Фурқат (1859-1909) каби шоирлар туркистонликларнинг оғир иқтисодий аҳволидан қайғурадилар ва ўз ижодлари орқали мустамлакачиликка қарши кайфиятнинг кучайишига ёрдам бердилар. Лирик ва сатирик бўлган Муқимий инсоф, адолат ва одамийлик ҳукмронлик қиладиган эркин жамият тўғрисида орзу қилади, айни пайтда, ўзининг идеалидан узоқ бўлган тузум, мутаассиб дин намояндаларини ҳажв тиғи билан фош этади.
Шоирнинг «Вексель», «Уруғ», «Дар мазаммати замона», «Ляхтин», «Тўй» ва бошқа сиёсий ва ижтимоий масалалар (масалан, сайлов)га бағишланган ҳажвиялари жамиятда у образли тарзда «Дунё қурилғон дор экан!» деб таърифлаган мавжуд тузумга нисбатан танқидий муносабатни кучайтиради»8.
Do'stlaringiz bilan baham: |