2. Инсон фалсафий таҳлил объекти сифатида
Антик фалсафа инсонга микрокосм, космоснинг бир қисми, яъни макрокосм – умуман дунё билан доимий алоқада бўлиб турувчи қисм сифатида қараган. Айнан ана шу антик даврда «Ўз-ўзингни ўрган» деган сўзлар айтилган эди (Суқрот).
Суқротнинг шогирди Афлотун (эрамизгача бўлган 428-347 йиллар) инсоннинг руҳи ўлмайди, у ҳар гал янги танага кўчиб ўтади, деб тахмин қилган эди. Инсоннинг ўзини ўраб турган атроф дунёни ўрганишга уриниши – бу руҳнинг танга киргунга қадар мушоҳада этган абадий ғоялар олами ҳақидаги хотиротларидир. Афлотун учун инсон идеали - донишманд, файласуф бўлиб, унинг руҳи кўп «сайр қилган» ва шу сабабли унинг билимлари энг тўғри ва қимматлидир. Бундай комил файласуфни Арасту «ўзини тафаккур этувчи тафаккур» деб атаган эди.
Инсон ҳақидаги таълимотни ривожлантиришга антик материалистлар Демокрит, Эпикур, Лукреций Кар ва бошқалар салмоқли ҳисса қўшдилар. Уларнинг қарашларига кўра, инсон ҳаётининг мақсади - онгли лаззатланиш, азоб-уқубутларга чап бериш, руҳнинг сокин ва тинч ҳолатига эришишдир. Шу сабабли улар фалсафанинг асосий вазифаси инсонга бахтли бўлиш йўлини кўрсатишдан иборат деб ҳисоблаганлар. Уларнинг фикрича, жон айрим атомлардан ташкил топган ва ўлимга маҳкум, тана ҳалокатга учрагандан сўнг атомлар емирилади. Инсон ўлимдан қўрқмаслиги керак, зеро токи у ҳаёт экан - ўлим йўқ, ўлим келганда эса инсон йўқ бўлади.
Умуман олганда антик фалсафа «Инсон нима?» деган саволга жавоб бермади, балки ана шу саволни кун тартибига қўйди.
Ўрта аср фалсафаси асосан диний фалсафа ўлароқ, инсонни унда икки негиз: олий (руҳ) ва паст (тан) бир-бири билан узлуксиз кураш олиб борувчи мавжудот сифатида қаради. Ўрта аср Европа диний фалсафасининг «отаси» Аврелий Августин Авлиё инсоннинг моҳиятини айнан руҳ ва фақат у ташкил этади, деб ҳисобланди. Тана эса вақтинчалик қобиқдан, руҳ қамалган жойдан, руҳ «зиндони»дан бошқа нарса эмас. Фома Аквинскийнинг фикрига кўра одам руҳ билан таннинг уйғун бирлигидан иборат ва бу ҳол уни қуйи, ҳайвоний дунё билан олий, илоҳий, фаришталар олами ўртасида аросатда қолган мавжудот қилиб қўяди. Унда жисмонийлик қанча кўп бўлса, у ҳайвонга шунчалик яқинлашади, руҳият қанча кўп бўлса у шунча фаришталарга яқинлашади.
Ўрта аср схоластикаси вакиллари (Буюк Альберт, Ансельм Кентерберийский) нуқтаи назарига кўра инсоннинг асосий вазифаси ўз моҳиятини англаш эмас, балки янада юқори – илоҳий моҳиятга қўшилишга интилишдир. Ўз-ўзидан аёнки, инсон руҳи боқийдир ва инсон ердаги бутун ҳаёти давомида фақат уни қутқариш тўғрисида ўйлаши керак.
Шарқ-мусулмон фалсафаси доирасида инсон муаммосига икки хил ёндашувни кўриш мумкин. Улардан бири кўпроқ тақдир ҳақидаги ислом ақидасига суянади. Инсон тақдири олдиндан белгилаб қўйилган, шу сабабли инсоннинг қўлидан келадиган бирдан-бир иш - бу ўзини ана шу тақдирда белгилаб қўйилганидек тутиш. Бироқ, Форобий, Беруни, Ибн Сино, Алишер Навои, Мирза Бедил, XIX аср охири - ХХ аср бошларидаги маърифатпарварлар - Ахмад Дониш, Муқимий, Фурқат, Завқий, Сатторхон Абдулғаффорров ва бошқалар инсон ҳақидаги гуманистик, маърифатпарвар ва демократик концепциянинг шаклланишига катта ҳисса қўйдилар. Уларнинг ижодлари учун инсонга, унинг кучига, ақлига, иродасига ишонч хосдир, улар оммани маърифатли ва билимли бўлишига даъват этдилар.
XIX аср фалсафий фикрнинг инсон ҳақидаги таълимотни ривожлантиришдаги энг муҳим ютуқларидан бири - бу Людвиг Фейербахнинг (1804-1872) фалсафий антропологизмидир. У инсон моҳияти муаммосини фалсафасининг «бирдан-бир, универсал ва энг олий» муаммоси сифатида қаради ва биринчи планга олиб чиқди. Бироқ Фейербах, аслида, инсонга биологик нуқтаи назардан қарайди, унинг ижтимоий моҳиятини изоҳламайди.
Фрейдизмга австриялик психолог Зигмунд Фрейд (1856-1939) асос солган. У шахс тузилмасида учта асосий қатламни ажратиб кўрсатди «У» онгости, «Мен» ёки «ЭГО» (онг), Юксак «Мен» (юксак онг).
Инсон муаммосининг фалсафага оид масалалари деб қуйидагиларни ҳисоблаш мумкин: а) инсон моҳияти; б) инсонда ижтимоийлик ва биологик (табиийлик)нинг нисбати; в) шахснинг эркинлиги; г) инсоннинг мавжуд бўлиши (борлиғи) ва моҳиятининг диалектикаси; д) инсон ҳаётининг мақсад ва маъноси.
Бу албатта инсон муаммосининг фалсафий спецификаси фақат юқоридагилар билан чекланади, деган эмас. Биз фақат асосийларини санаб ўтдик холос.
Фалсафа ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанларда «индивид», «индивидуаллик», «шахс» сингари тушунчалар кўп қўлланилади. Уларнинг ўхшашлиги ва фарқлари нимада? Бу тушунчаларнинг ҳар бирининг моҳияти нимадан иборат?
Юқоридаги тушунчалар қаторида «индивид» тушунчаси биринчида туради. У энг аввало, муайян инсоннинг бошқа одамлардан алоҳидалигики, «чегараланиб» олганлигини ифода этади. Индивид - бу Homo sapiens биологик турининг айрим олинган, якка вакили. Индивиднинг асосий хусусияти - бу унинг бошқалардан ажралганлиги, алоҳидалигидир. Индивид - бу инсоннинг энг оддий ва абстрак тавсифи.
Фалсафа учун индивид ижтимоий атом, алоҳида ажралиб турувчи моҳият, анча кенг бўлган ижтимоий яхлитликнинг (гуруҳнинг, синфнинг, миллатнинг, инсониятнинг) айрим олинган вакили.
Индивид - энг аввало қандайдир кўпликни бир вакили, кўпларнинг бири. Шу маънода деярли ҳар бир одам - индивид (баъзан индивидиум ҳам дейилади ва ёзилади).
Шахс тушунчаси фалсафада ва умуман инсонни ўрганувчи фанлар мажмуасида энг мураккаб тушунчадир. Инсон шахси ривожланишининг энг муҳим биологик омили инсон миясидир. Аммо шахс моҳияти - бу ижтимоий хусусиятга молик ҳодиса. Мия эса моддий орган бўлиб, у орқали шахс ўз-ўзини намоён этади.
Инсон мазкур социумга хос бўлган меъёрлар, билимлар, қадриятларнинг муайян тизимини ўзлаштиради. Муайян жамиятнинг реал шарт-шароитлари шахснинг ижтимоий моҳиятини белгилайди. Шахснинг шаклланиши жараёни социализация деб аталади.
Шахснинг шарққа хос моделининг бир нечта модификацияларини ажратиб кўрсатиш мумкин (ислом, будда, конфуций ва ҳоказо). Шундай бўлса-да, улар ўртасида уларни шахснинг ғарб моделидан ажратиб турувчи муайян муштаракликлар мавжуд.
Шахснинг шарқ типига хос асосий хусусиятлар қуйидагилардир: масъулият ва мажбуриятларнинг инсон ҳуқуқлари олдида устуворлиги, хулқ-атвордаги традиционализм, ҳулқ-атворнинг, жамоавий моделларининг индивидуал меъёрлардан устунлиги, социумга кўпроқ қарамлик, ижтимоий муҳит билан алоқанинг кўплиги.
Индивид шахс сифатида фақат турли туман ижтимоий муносабатлардагина ўз-ўзини намоён этиши мумкин. Шахс - бу муайян ижтимоийлашув жараёнининг натижасигина эмас, бу узлуксиз ўсиб борувчи жараён. Агар доимий ривожланиш, камолотга интилиш, олға ҳаракат бўлмаса, у ҳолда шахс бузилиши, деградацияга дучор бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |