Суицид – ўзини ўлдириш.
Парасуицид – ўз муаммоларига бошқалар эътиборини қаратиш учун ошкора ўз соғлигига зарар етказишга уриниш.
Пассионарлар – салбий импульсларга эга бўлган, ҳеч нарсага қарамай хатто ўз зарарига иш тутишга интиладиган одамлар.
Субпассионарлар – ижобий, ҳаётбахш импульсларга эга одамлар.
3. Онгнинг келиб чиқиши ва моҳияти.
Онг – тадқиқот объекти
Онг – фалсафанинг субъектив реалликни ифодаловчи ғоят кенг категориясидир; одамнинг, унинг мияси ва психикасининг ташқи дунёни идеал акс эттиришидир; инсоннинг маънавий дунёсидир, ўзининг дунёда борлигини англаб етишидир; унинг ташқи дунёга муносабатидир.
Одам – фикр юритувчи, онгга эга мавжудотдир. Онг ёрдамида одам ташқи дунёда фаол ҳаракат қилади, уни билади, у билан субъект-объект муносабатда бўлади. Онг туфайли шахснинг маънавий дунёси, унинг эмоциялари, кечинмалари, ташвиш ва истаклари, орзу-умидлари, фантазиялари мавжуд. Худди шу онги туфайли инсон ҳайвонот дунёсидан фарқ қиладиган ақлли мавжудот сифатида мавжуддир.
Онг бир қатор фанларнинг: психология, социология, педагогика ва олий асаб фаолияти физиологиясининг ўрганиш объектидир.
Фалсафада онг муаммоси
Фан ва фалсафада онг муаммоси – бу, пировардида, психологик, физиологик ва социал ҳолатларнинг ўзаро нисбати, муносабати масаласидир: агар инсон ақли материя эволюциясининг натижаси бўлса, фикр фикрловчи материянинг, инсон бош миясининг, мия катта ярим шарининг олий хоссасидир.
Инсон онги тил билан узвий боғлиқдир. Тил фикрнинг моддий кўринишидир, шаклидир. Одам фикрнинг мазмунини турли лисоний тизимлар: оғзаки нутқлар ва ёзма матнлар, ҳозирги замон информатикасининг сунъий тиллари ёки турли символлар, кодлар, шифрлар, формулалар ва ҳоказолар орқали билиб олади.
Онг феноменини фалсафий таҳлил қилишга материализм, идеализм, дуализм, гилозоизм, пантеизм каби фалсафий оқимларда турлича ёндашувлар мавжуд.
Материализм намояндаларининг кўпчилиги онгни инъикоснинг алоҳида шакли деб билади. Материалистик нуқтаи назардан инъикос ҳаракатланувчи, ривожланувчи, ўзгарувчи материянинг атрибутларидан биридир, онг – ташқи дунёнинг инсон миясидаги инъикосининг олий шаклидир, жонли табиат эволюциясининг якунидир, бу – бугунгача маълум бўлган моддий тузилмалардан энг мураккабининг – инсон миясининг – қуршаб турган дунёни идеал образлар шаклида акс эттириш лаёқатидир.
Идеалистик фалсафа онгни, руҳий, идеал ҳодисани, моддийликка боғлиқ бўлмаган, ундан олдинги ва ҳатто уни туғдирадиган омил деб билади. Идеализм идеал, руҳий ҳодисаларни моддийлик сабабли келиб чиққан ва улар ўзаро боғлиқдир деб билмайди, балки ҳатто буни тўғридан-тўғри инкор этади, уни субъектив кечинмалар, ассоциациялар, фикрлар ва ғояларга тўлиқ бўлган биқиқ, ўзига мустақил дунёдир деб билади, унингча бу ғоялар ё моддий дунё билан бирга яшайди, ёки ташқи дунёнинг демиурги, яратувчисидир.
Пантеизм фалсафасининг вакиллари гилозоизмга яқин позицияда турадилар. Улар «Худо», «табиат», «руҳ» тушунчаларини максимал даражада бир-бирига яқинлаштирадилар. Пантеизм ғоялари илк суфизм оқимига яқин туради. Ўрта аср Шарқининг атоқли мутафаккири ал-Ғаззолий шу оқимнинг ёрқин вакили эди. Пантеизм ғояларини Жордано Бруно ва Бенедикт Спиноза янги замоннинг Европадаги фалсафий анъанаси асосида ривожлантирдилар. Ҳозирги, постклассик фалсафанинг кўпдан-кўп оқимлари онгни таҳлил қилишга зўр эътибор бермоқдалар. Масалан, З.Фрейд, К.Юнг, Э.Фромм номлари билан боғлиқ бўлган психоанализ фалсафаси онгсизни, унинг субъектнинг маънавий борлиғидаги ролини, шахснинг онги ва хулқ-атворига таъсирини ўрганишга катта эътибор беради.
Неотомизм – ҳозирги замон католицизми фалсафаси – бутун мавжудотнинг илоҳий яратилиши концепциясига асосланади. Неотомизм инсоннинг яшашдан мақсади илоҳий кашфиётни кузатишдан иборат деб билади. Неотомизм киши онгини индивид танасига янги шакл берувчи шахснинг асоси деб билади. Ҳозирги замон «яшаш фалсафаси» – экзистенциализм - онгни қизиқ талқин қилади. Масалан, немис файласуф-экзистенциалисти К.Ясперснинг назарида, онгнинг муайян кўриниши, борлиқнинг маъносини одамнинг фикри, ақли билан излашни акс эттирувчи инсон фантазияси фалсафа марказида ётади. Француз экзистенциалисти Ж.П.Сартрнинг фикрича, онг психик ҳолатнинг «борлиқ мезони» дир, шахснинг ўз мавжудлигини англашидир, «ўз борлиғининг гувоҳидир».
Инъикос этишда ўзаро таъсир қилувчи моддий тизимлар ўз изини, бир-бирлари тўғрисидаги хотирани қолдиради ва кейинчалик фақат «ўзи ўзида» эмас, балки «бошқада» ҳам яшайди.
Онг – инсоннинг руҳий фаоллигининг олий даражаси ва реалликни ҳиссий ва фикрий образлар шаклида акс эттиришнинг олий шаклидир, бу эса одамнинг барча ҳатти-ҳаракатларига, амалиёти ва қилган ишларига маъноли, муайян мақсадга қаратилган характер беради.
Онг, тафаккур, психика – бу материянинг энг асосида, негизида ётган акс эттириш лаёқатининг муқаррар оқибатдир. Инсоннинг ижтимоий-тарихий фаолияти сифатида амалиётнинг пайдо бўлиши билан инъикоснинг фақат одамзотга хос бўлган олий, психик шакли – онг ҳам пайдо бўлади. У ижтимоий-тарихий субъектнинг предметли қуролли ҳатти-ҳаракатини тушунчалар воситасида идеал, тафаккурий шаклда такрорлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |