I БОБ. ЎЗБЕКИСТОН ИНСОНИЯТ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ
ҚАДИМГИ ЎЧОҚЛАРИДАН БИРИ
Таянч сўз ва иборалар: Цивилизация. Ибтидоий тўда. Уруғчилик
жамияти. Ўзлаштириш хўжалиги. Полеолит манзилгоҳлари. Мезолит
манзилгоҳлари. Неолит манзилгоҳлари. Энеолит манзилгоҳлари. Бронза
манзилгоҳлари. Меҳнат қуролларидаги ўзгаришлар. Матриархат.
Патриархат. Деҳқончилик. Чорвачилик. Ҳунармандчилик. Ишлаб чиқариш
хўжалиги.
1. Ватанимиз қадимдан одамзод яшаб келаётган ўлка. Ибтидоий
жамият, унинг даврлари.
Инсоният қадим-қадимдан ўз даврига хос турмуш тарзига, моддий ва
маънавий маданиятга, яъни маълум даражадаги цивилизацияга эга бўлган.
Даврлар ўтиши билан инсоният цивилизацияси даражаси ўсиб,
ривожланиб, такомиллашиб борган. Бу жараён одамларнинг меҳнат қилиш
усули қанчалик даражада моддий ва маънавий бойликларни яратиш ва
кўпайтириб бориши билан боғлиқ кечган.
У ёки бу цивилизация ҳақида сўз борганда инсониятнинг яшаш учун
кураши, тинимсиз меҳнати, маънавият ва маърифатга интилиши туфайли
ўзи учун яратган жисмоний ва маданий қулайликлари – ов ва меҳнат
қуроллари, кийим-бош, уй-жой ва оилавий муносабатлари, ишлаб чиқариш
усуллари, маиший хизмат воситалари, ижтимоий онги ва маънавий дунёси,
ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-ҳуқуқий муносабатлари даражаси билан
тавсифланадиган маълум бир тарихий давр тушунилади. Масалан, Қадимги
Шарқ цивилизацияси, Антик Европа цивилизацияси, Ислом цивилизацияси,
Христиан цивилизацияси,
ҳозирги замон цивилизацияси
каби
тушунчаларда инсонларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаёти, турмуш
тарзи, маънавий қиёфаси, ахлоқи, билим савияси, меҳнат қуроллари ва
ҳоказо жиҳатлари мужассамлашган бўлади.
Ҳар бир минтақада цивилизация даврий нуқтаи назардан эртароқ ёки
кечроқ, ўзига хос шаклда шаклланиб, ривожланиб борган. Тарихий, илмий
тадқиқотлар бизнинг Ватанимиз - Ўзбекистон инсоният цивилизациясининг
қадимги ўчоқларидан бири эканлигидан далолат бермоқда.
XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб археолог олим В.Л.Вяткин
бошлиқ гуруҳ Самарқанд, Хоразм ва Термизда, М.Е.Массон бошлиқ
археологлар гуруҳи Оҳангарон водийсида, А.А.Потапов Фарғона водийсида
қидирув ва қазиш ишлари олиб бордилар. 30-40-йилларда Ўзбекистон,
Москва ва Ленинград олимлари ҳамкорлигида бир неча археологик
экспедициялар ташкил этилди. Термиз экспедициясига М.Е.Массон,
21
Хоразм экспедициясига
С.П.Толстов,
Зарафшон
экспедициясига
А.Ю.Якубовский раҳбарлик қилдилар. Булар томонидан нафақат
Ўзбекистон,
бутун
Марказий
Осиёнинг
қадимги
тарихини,
аждодларимизнинг ибтидоий жамоа тузуми, турмуш тарзига оид қатор
қимматли асарлар яратилган. Булар орасида В.М.Массоннинг «Страна
тысячи городов» - М., «Наука», 1966, А.П.Окладниковнинг «Палеолит и
мезолит Средней Азии / Средняя Азия в эпоху камня и бронзы» - М.-Л.,
1966,
С.П.Толстовнинг
«Древний
Хорезм.
Опыт
историко-
археологического исследования» -М., 1948, В.А.Шишкиннинг «Афрасиаб -
сокровищница древней культуры» - Т., «Фан, 1966, «Архетектурные
памятники Бухары» -Т., 1936 ва бошқа асарлар бор.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Марказий Осиё халқларининг
қадимги тарихини ўрганиш мақсадида йирик археологик экспедиция
гуруҳлари ташкил этилди. С.П.Толстов бошлиқ Хоразм археологик-
этнографик экспедицияси, А.Н.Бернштам бошлиқ Помир-Олой ва Помир-
Фарғона экспедицияси, Я.Ғ.Ғуломов ва В.А.Шишкинлар бошлиқ Зарафшон
археологик экспедицияси тадқиқот ишлари олиб борди. Мазкур
экспедицияларда қатнашган тадқиқотчилар муҳим асарлар яратдилар.
С.П.Толстовнинг «По следам древнехоразмийской цивилизации» -М-Л.,
1948, А.Н.Бернштамнинг «Древняя Фергана /Научно-популярный очерк/» -
Т., 1951, Я.Ғ.Ғуломовнинг «Ўзбекистонда археология фанининг ривожи» -
Т., 1956, «Қадимги маданиятимиз изларидан» -Т., 1960 ва «Хоразмнинг
суғориш тарихи» -Т., 1957 ана шулар жумласидандир.
Кейинги йилларда республикамизнинг таниқли археолог олимлари-
А.Асқаров, Ў.Исломов, А.Р.Муҳаммаджонов, Э.В.Ртвеладзе, Т.Ширинов ва
бошқалар етакчилигидаги тадқиқотчилар Ўзбекистон қадимги тарихининг
палеолит, мезолит, неолит, энеолит, бронза даврларини ўргандилар.
Тадқиқот ишлари Ватанимизнинг барча воҳаларида - Зарафшон,
Сурхондарё бўйларида, Хоразм ва Фарғона водийсида, шунингдек чўл ва
дашт ўлкаларида ҳам кенг олиб борилди. Улар томонидан қатор илмий,
оммабоп асарлар, ўқув қўлланмалари яратилди. Булар орасида
А.Асқаровнинг «Бухоронинг ибтидоий давр тарихидан лавҳалар» -Т., Фан,
1973, «Сополлитепа» -Т., 1973, «Древнеземледельческая культура эпохи
бронзы Юга Узбекистана» -Т., 1977; Ў.Исломовнинг «Пещера Мачай»,-
Т.,1975, «Обиширская культура» -Т.,1980; А.Р.Муҳаммаджоновнинг
«Қадимги Бухоро» -Т., 1991; Т.Шириновнинг «Орудия производства и
оружие эпохи бронзы среднеазиатского Междуречья» -Т., 1985;
Э.В.Ртвеладзе ва А.Сагдуллаевларнинг «Паматники минувших веков» -Т.,
1986; Э.В.Ртвеладзе, А.Х.Саидов ва Ё.В.Абдуллаевларнинг «Қадимги
Ўзбекистон цивилизацияси: давлатчилик ва ҳуқуқ тарихидан лавҳалар» -Т.,
2001 каби асарлар алоҳида ўрин тутади.
Мазкур асарларни, шунингдек, Ватанимизнинг қадимги даври
тарихига оид бошқа асарларни ўрганиш орқали Ўзбекистон одамзод илк
22
бор пайдо бўлган ўлка эканлигини англаш, аждодларимизнинг қадимги
ҳаёти, турмуш тарзи, моддий ва маънавий маданияти ҳақида зарур билимга
эга бўлиш мумкин.
Жамиятшунос ва табиатшунос олимлар ер шарида ҳаётнинг пайдо
бўлиши, одамларнинг вужудга келиши, муаммолари устида узоқ йиллардан
бери тадқиқот ишлари билан шуғулланиб келмоқдалар. Бу ҳақда диний ва
дунёвий таълимотлар, ривоятлар мавжуд.
Христиан дини одамзод худо томонидан бундан 7 минг йил бурун
қизил лойдан яратилди,дастлабки одамлар Адам ва Евадан туғилган деб
таърифлайди. Ислом дини одамнинг Оллоҳ томонидан тупроқдан яратилиб,
унга жон киритилгани, дастлабки одамлар Одам Ато ва Момо Ҳаво
бўлганлиги ҳақида, уларнинг қачон яратилганлигини Оллоҳдан ўзга ҳеч
ким билмайди, бу ёлғиз унгагина аён деган ғояни илгари суради.
Юнон олими Арасту одамнинг пайдо бўлишини ерда ҳаётнинг пайдо
бўлиши ва ривожланиши жараёни билан боғлаб тушунтиради,одамзод
оддийдан мураккабга, ҳайвонот оламидан одамзод дунёсига ўсиб чиқди,
деб таъкидлайди. Жеймс Манбоддо одам олий турдаги маймунсимон
одамдан вужудга келган, деган ғояни илгари суради.
Инглиз олими Чарлз Дарвин европалик археологларнинг Гибралтар
қояси, Германиянинг Неандертал водийси ва Австриядаги тадқиқотларнинг
натижаларини таҳлил қилиб, одамларнинг аждодлари дарахтда юрувчи энг
олий турдаги маймунсимон одамлар /дриопитеклар/ бўлганлиги ҳақидаги
эволюцион назарияни илгари суради. У ҳар қандай маймундан одам пайдо
бўлмаслигини, одамларнинг аждодлари бўлмиш дриопитеклар аллақачон
ўлиб кетганлигини таъкидлайди.
Шунингдек, одам ҳар доим, ҳамма вақт онгли бўлган, одам Оллоҳ
томонидан яратилмаган, маймундан одам пайдо бўлиши мумкин эмас, одам
бошқа сайёралардан келган деган ривоятлар ҳам бор. Демак, сайёрамизда
одамзоднинг қачон ва қандай пайдо бўлгани ҳақида аниқ, узил-кесил фикр
йўқ дейиш мумкин, бу муаммолигича қолмоқда. Турли ихтисосдаги
олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар узоқ ўтмишнинг сирли
жараёнларига янада теранроқ назар ташлашга , камтарона билимларимизни
янада ойдинлаштиришга кўмаклашиб бораверади.
Ҳозирча фанда одамзод табиатнинг бир қисми, у сайёрамизда
тараққиётнинг маълум босқичида вужудга келди, кишилик жамияти
меҳнат туфайли такомиллашиб борди, дастлаб одамлар ибтидоий тўда
шаклида, кейинроқ уруғ-жамоа бўлиб яшаганлар, деган ҳулоса барча
ривоятлардан устунлик қилмоқда.
Олимларнинг ибтидоий жамият тарихини ўрганишга доир
тадқиқотлари инсониятнинг ибтидоий тўда ва жамоа даври кўпгина
минтақаларда, жумладан, бизнинг ўлкамиз ҳудудида деярли бир-бирига
ўхшаш бўлганлигини, бир-бирига ўхшаш босқичларни босиб ўтганлигини
кўрсатади.
23
Ибтидоий жамият одамларининг яшаш тарзи, жисмоний ва ақлий
тузилиши, улар томонидан ясалган меҳнат қуролларининг тури ва
материалига кўра бир қанча даврларга бўлинади. Археологларнинг Африка
ва Ява оролида олиб борган тадқиқотлари сайёрамизда одамлар 3-2,5
миллион йиллардан бери яшаб келаётганлигини кўрсатади. Тахминан ана
шу даврдан бошланган ибтидоий жамият меҳнат қуроллари тошдан
ясалгани сабабли палеолит (грекча «палайос» -қадимги, «литос» -тош деган
маънони билдиради) - қадимги тош даври деб аталади. Палеолит даври
ўз навбатида уч босқичдан - илк палеолит, ўрта палеолит ва сўнгги
палеолитдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |