Мавзу: Марказий Осиё инсоният цивилизациясининг қадимги ўчоқларидан бири
Ҳозирги кунга келиб Ватан тарихига бўлган диққат-эътибор ниҳоятда кучайган бир даврда, Ўзбекистон ҳудудлари энг қадимги даврлардан бошлаб жаҳон цивилизациясининг ўчоқларидан бири эканлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Нафақат Ўзбекистон, балки, бутун Ўрта Осиё ҳудудларида олиб борилаётган кенг мақсаддаги тадқиқот ишларининг натижалари ҳам Ватанимизнинг жаҳон цивилизациясида тутган юқори ўрнини яна бир бор тасдиқлайди.
Дунёнинг турли бурчакларида яшайдиган халқларнинг тарихнинг турли даврларида, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнларда эришилган ютуқлари ҳамда тараққиёт босқичига кўтарилишини цивилизация тушунчаси ўзида акс эттиради. Бу тараққиёт босқичи инсониятнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, жамият ривожланиш даражаси, моддий ва маънавий маданиятнинг юксалиши, қабилалар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар билан изоҳланади.
Ўрта Осиё цивилизацияси турли ҳудудларда турли даврларда пайдо бўлди ва ривожланди. Мисол учун, жанубий ҳудудларда яшаган қадимги қабилалар милоддан аввалги ВИ минг йилликдаёқ деҳқончиликка ўтиб, унумдор хўжаликни ривожлантирган бўлса, бу даврда шимолий ҳудудлардаги қабилалар асосан овчилик, балиқчилик ва чорвачиликнинг илк шакллари билан шуғулланганлар. Бу нотекислик жараёнини табиий-географик шароитлар ва ўзаро муносабатлар билан изоҳлаш мумкин.
Ундан ташқари Ўрта Осиёда турли-туман маданият яратган қадимги аҳолининг неолит давридаёқ, яъни, милоддан аввалги ВИ-ИВ минг йилликлардаги ўзаро муносабатлари ва бу аҳолининг Шарқдаги, даставвал, Олд Осиёдаги бошқа қадимги цивилизация ўчоқлари билан узвий алоқада бўлиши ҳам маҳаллий цивилизациянинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган.
Ибтидоий жамоа тузуми кишилик жамиятни тараққиётдаги энг узоқ давом этган ва энг қадимги давридир. Бу даврни чуқур ўрганишда археология, этнография, антропология каби фанларнинг аҳамияти беқиёсдир. Қадимги одамлар ўз фаолияти даврида атроф муҳитга таъсир кўрсатиб, кундалик ҳаётда ўзига бўладиган меҳнат қуроллари ясаган, яшаш учун маконлар танлаган, кейинчалик эса бошпаналар қурганлар. Ўз навбатида бу жараёнлар инсон фаолиятига таъсир кўрсатган.
Ҳозирги пайтда Ўрта Осиё ҳудуди ибтидоий жамият ривожланишининг алоҳида босқичлари қуйидаги даврларга бўлинади:
Палеолит даври: бундан тахминан 800 минг йил илгари бошланиб, 15-12 минг йил илгари тугайди:
Мезолит (мезос-ўрта, литос -тош) — мил.авв. 12-7 минг йилликлар
Неолит (неос-янги, литос-тош) — мил.авв. 6-4 минг йилликлар.
Энеолит (мис-тош даври) — мил.авв. 4 минг йилликнинг охири-3 минг йилликнинг боши.
Бронза асри — мил.авв. 3-2 минг йилликлар.
Темир даври — мил.авв. 1-минг йилликнинг бошларидан.
Ўзбекистон ҳудудларидаги энг қадимги одамларнинг манзилгоҳлари Фарғона водийсидаги Селунғур, Тошкент вилоятидаги Кўлбулоқ, Бухородаги Учтут маконларидан топилган. Бу давр одамлари тошлардан қўпол қуроллар (чопперлар) ясаб, термачилик ва жамоа бўлиб ов қилиш билан шуғулланишган. Илк палеолит даври одамлари жисмоний жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам ҳозирги одамлардан фарқ қилишган. Улар табиат олдида ожиз бўлиб, унда тайёр бўлган маҳсулотларни ўзлаштирганлар.
Илк палеолит, яъни ашёлар даврининг охирларида яшаган одамларнинг манзилгоҳлари Қорақалпоғистоннинг Устюрт текислигидаги Борса келмас деган ердан ҳам топиб ўрганилган.
Ўрта палеолит даври маконлари Тошкент воҳасидаги Обираҳмат, Хўжакент, Самарқанддаги Омонқўтон, Бойсун тоғларидаги Тешиктош маконларидан топилган. Машҳур ёдгорликларнинг бири Тешиктош ғор макони бўлиб бу ердан турли-туман қуроллар ва ҳайвон суякларидан ташқари, 9-10 яшар боланинг қабри қозиб очилган.
Ўрта палеолит даврига келиб ибтидоий жамият одамларининг меҳнат қуроллари такомиллашди. Энг муҳими, ибтидоий тўдадан уруғчилик жамоасига ўтиш бошланади. Шимолдан улкан музлик силжиб келиши натижасида олов кашф этилади. Жамоа бўлиб ов қилиш пайдо бўлди.
Сўнгги палеолит даврига оид маконлар Оҳангарондаги Кўлбулоқ, Тошкентнинг ғарбидаги Бўзсув 1 ҳамда Самарқанд шаҳридан топилган.
Бу даврга келиб одамлар фақат тоғли ҳудудларга эмас, текисликларга ҳам тарқала бошлайдилар. Бу даврнинг энг катта ютуғи уруғчилик тузумига (матриархат) ўтилишидир.
Мезолит даври ёдгорликлари Сурхондарёдаги Мачай ғор-маконидан, Марказий Фарғонанинг кўпгина ёдгорликларидан топиб ўрганилган. Бу даврга келиб музлик яна шимолга қайтади. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида катта ўзгаришлар содир бўлади. Инсоният ўз тарихидаги дастлабки мураккаб мослама ўқ-ёйни кашф этади.
Мезолит даври қабилалари асосан овчилик ва термачилик хўжалиги юритганлар. Бу даврнинг охирларига келиб дастлабки уй чорвачилиги ёки ҳайвонларни хонакилаштириш бошланади.
Қорақалпоғистонда мезолит даври маконлари Орол денгизи атрофидаги Устюрт баландлигида ва Қизилқум чўлида бор. Устюртдаги мезолит маконлари мил.авв. 8-6 минг йилликларга оид. Қизилқум чўлидан топилган мезолит даври ёдгорликлари мезолитнинг сўнгги босқичларига ва ўрта тош давридан янги тош даврига (неолитга) ўтиш даврига тегишли.
Неолит даврига келиб қадимги қабилалар ҳаётида катта-катта ўзгаришлар содир бўлади. Бу давр одамлари балиқчилик ва овчилик ёки деҳқончилик ва чорвачилик ҳамда қисман ҳунармандчилик билан шуғулланганлар. Энг катта ютуқлардан бири кулолчиликнинг пайдо бўлишидир. Шунингдек, бу даврга келиб тўқимачилик ва қайиқсозлик ҳам пайдо бўлади. Неолит даври қабилалари хўжалик шаклларига қараб қуйидаги маданиятларга бўлинади: Жайхун маданияти, Калтаминор маданияти, Ҳисор маданияти
Do'stlaringiz bilan baham: |