30-модда. Жиноятда иштирок этганлик учун жавобгарлик доираси
Ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам ушбу Кодекс Махсус қисмининг бажарувчини жавобгарликка тортиш белгиланган моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.
Олдиндан тил бириктирган гуруҳ, жиноий гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчилари ҳамда аъзолари тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари қатнашган барча жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёки уларга раҳбарлик қилган шахслар шу гуруҳ ёки уюшма содир этган барча жиноятлар учун, башарти, бу жиноятлар уларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлса, жавобгарликка тортиладилар.
Бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинмаган қилмиш учун уни содир этган шахс жавобгар бўлади.
Ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи жиноятдан ихтиёрий равишда қайтиб, жиноятнинг олдини олиш учун ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни ўз вақтида кўрганлиги, жиноятда иштирокчилик учун жавобгарликни истисно қилади.
1.Жиноят кодекси 16-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишни содир этиш ҳисобланади (Жиноят кодекси 16-моддаси шарҳига қаранг). Мазкур қоида бир шахс томонидан содир этиладиган жиноятга ҳам, иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларга ҳам бирдек тааллуқлидир. Шу сабабли, иштирокчилик жиноий жавобгарликнинг қўшимча асосларини вужудга келтирмайди. Иштирокчилар якка ўзи ҳаракат қилиб жиноят содир этган шахслар сингари тегишли ҳажмдаги жиноий жавобгарликка тортиладилар. Бунда ҳар бир иштирокчи ўзи содир этган қилмиши учун мустақил жавоб беради ва индивидуал равишда жавобгарликка тортилади.
2. Жиноят иштирокчиларининг содир этилган жиноят учун жавобгарлиги жиноятнинг объектив ва субъектив белгиларига асосан белгиланади. Бунда объектив томон иштирокчилардан ҳар бирининг жавобгарлиги Умумий қисм қоидалари ва Жиноят кодексининг Махсус қисми нормасига асосан белгиланади.
Иштирокчиликда содир этилган жиноятлар таркибининг субъектив томони ақлий (интеллектуал) элементи жиноят иштирокчилари ўз қилмишларининг, биргаликдаги ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилигини англаши, иродавий элементи эса - жиноий натижага эришиш нияти ёки биргаликдаги хатти-ҳаракатларини бирлаштириш орқали бу натижага эришилишига онгли йўл қўйишда ифодаланадиган қасд билан белгиланади.
Иштирокчиларнинг жавобгарлик доирасини белгилаш учун жиноят таркиби элементларидан ташқари, умумий ва махсус шартлар ҳам бўлиши керак.
Умумий шартлар ўз ичига иштирокчилик турини, шаклини тўғри белгилашни, иштирокчилик шакли жиноят таркибининг зарурий белгиси эканлигини ёки унинг жазони оғирлаштирувчи ҳолат эканлиги кабиларни олади. Масалан, Жиноят кодексининг 242-моддаси иккинчи қисмида иштирокчилик асосий белги сифатида кўрилади ва уюшган қуролли жиноий гуруҳ ташкил этганлик ёки унга раҳбарлик қилганлик ва унда иштирок этганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Махсус шартлар иштирокчиларнинг жавобгарлигига таъсир қилувчи объектив ва субъектив белгиларга (ёки бирор-бир белги), шунингдек, эксцесс бажарувчилик, бажарувчининг ва бошқа иштирокчиларнинг жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишни ўзида ифодалайди.
3. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми жиноят иштирокчилари жавобгарлигининг умумий шартларини мустаҳкамлайди.
Жиноят кодекси 30-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам ушбу Кодекс Махсус қисмининг бажарувчини жавобгарликка тортиш белгиланган моддаси бўйича жавобгарликка тортилади. Бироқ, қоида қандайдир коллектив жавобгарликка тортишни англатмайди. Тергов ва суднинг асосий вазифаларидан бири бўлиб жиноят ҳар бир иштирокчисининг жавобгарлик доирасини аниқлаш ҳисобланади.
4. Жиноятнинг ҳар бир иштирокчиси содир этилган жиноят учун жавобгарликка тортилади. Унга нисбатан жазо тайинлашда суд жиноий жавобгарликни жиноятнинг оғирлиги, айб даражаси ва жиноят содир этган шахснинг ижтимоий хавфлилигига мос келишини ҳисобга олиш лозим бўлади. Суд жазо тайинлашда содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини, иш ҳолатлари ва айбдорнинг шахсини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиш керак.
Агар содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси барча иштирокчилар учун бир хил хусусиятга эга бўлиши (уларнинг ҳаракати ”Махсус” қисмнинг айни бир моддаси билан квалификация қилинганда), лекин иштирокчиларнинг ҳар бирининг ижтимоий хавфлилиги турлича бўлиш мумкин. Улар бир қатор объектив ва субъектив ҳолатларга боғлиқ бўлиб, шахснинг жиноят содир этишдаги иштироки даражаси ва хусусиятида намоён бўлади.
Иштироки хусусияти иштирокчиликда содир этилган жиноятда айбдорлик вазифасини белгилайди. Масалан, ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчиларнинг роли улар қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳам белгилайди. Шу билан бирга, функционал вазифанинг бир хиллигида ҳар бир иштирокчи ҳаракатларининг такрорийлиги даражаси, ироданинг жиноятни ташкиллаштиришга йўналтирилганлиги (қаратилганлиги), бажарувчини ижтимоий хавфли қилмиш содир этишга қизиқтириш ёки унга бунда ёрдам бериш турлича бўлиши мумкин.
Ҳар бир иштирокчининг ижтимоий хавфлилик даражаси нафақат ташқи белгилар - уларнинг жиноятда иштирок этиши характери ва даражаси, балки иштирокчиларнинг шахсий хусусиятлари, масалан, илгариги жиноий фаолияти, судланганликнинг мавжудлиги ва ҳоказолар билан ҳам ифодаланади. Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини белгилашда аниқ бир жиноят содир этилган ҳолатлардан келиб чиқиш лозим (айб шакли, жиноят содир этиш усули, мотиви, шароитлари ва босқичлари, келиб чиққан оқибатларнинг оғирлиги, жиноят иштирокчилари ҳар бирининг иштироки даражаси ва характери ва ҳоказолар). Бунда судланувчи шахси ҳақидаги маълумотларни уларнинг жазо тури ва миқдорини тайинлашда муҳим аҳамиятга эгалигини назарда тутиб, ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиш лозим.
Агар жиноят бир неча иштирокчиларнинг биргаликдаги фаолияти натижасида содир этилса, жиноят иштирокчилари турлари ҳақидаги Умумий қисм нормалари кучга киради (Жиноят кодекси 28-моддаси). Бу ҳолда иштирокчилар (ташкилотчилар, далолатчилар, ёрдамчилар) жинояти белгилари нафақат Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларида баён этилган, балки Жиноят кодекси 28-моддаси қоидалари билан тўлдирилган бўлади ва шунинг учун бу шахслар томонидан содир этилган қилмишларни баҳолашда ҳар доим Жиноят кодекси 28-моддасига ва Жиноят кодекси Махсус қисми моддасига ҳавола қилиниши зарур.
5. Бажарувчининг қилмиши жиноят барча иштирокчиларининг ҳаракатлари натижаси бўлганлиги сабабли бу иштирокчилар муайян тарзда бажарувчининг қилмишлари билан боғлангандир. Бу боғланиш ташкилотчи ёки далолатчи томонидан кўзда тутилган жиноят таркиби объектив томони улар жиноий қасдга ундаган шахс томонидан амалга оширилиши билан тўлдирилади. Шу билан бирга ташкилотчиси, далолатчиси билан улар томонидан ташкил этилган бажарувчи фаолияти сабабий боғланиш жиноий-ҳуқуқий маънодаги оқибат бўлиб келувчи бу фаолиятнинг натижаси юзага келишигача давом этади. Шу сабабли, иштирокчи ҳаракатларидаги тугалланган жиноят таркиби бажарувчи томонидан муайян жиноят таркибининг объектив томони барча мажбурий белгиларининг амалга оширилишида бўлади.
Моддий таркибли жиноятларда бажарувчининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида қонунда назарда тутилган оқибатларнинг юзага келиши етарли ҳисобланади. Формал таркибли жиноятларда бажарувчи қонун билан таъқиқланган қилмишни содир этиши лозим. Фақат шу ҳолдагина ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчиларнинг ҳаракатлари тугалланган деб баҳоланиши керак. Агар бажарувчи у ёки бу сабабларга кўра, ўз қилмишини охирига етказмаган бўлса, жавобгарлик жиноятга суиқасд қилиш ёки жиноят содир этишга тайёргарлик учунгина юзага келади.
Худди шундай тарзда бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатларини ҳам квалификация қилиш лозим: улар суиқасдни ташкиллаштиришганликлари ёки жиноятга тайёргарлик кўрганликлари учун, суиқасдга ёки жиноятга тайёргарликка қизиқтирганликлари учун, ва ниҳоят, жиноятга суиқасд ёки тайёргарликка ёрдам берганликлари учун жавобгарликка тортилади.
Иштирокчилар бошлаб берган сабабий қаторни давом эттирувчи бажарувчи фаолияти уларнинг қасди билан қамраб олинган натижада айблаш ҳажмини белгилаб беради. Бажарувчи жиноят ривожланишининг муайян босқичида жиноятга суиқасд қилиш ёки тайёргарлик кўриш босқичида тўхтаган ҳолларда юзага келмаган натижада иштирокчиларни айблаш мумкин эмас. Улар бажарувчи содир этган қилмиш учунгина жавобгарликка тортилишлари мумкин.
6. Жиноят иштирокчилари жавобгарлигининг махсус шартлари бўлиб, ҳар бир иштирокчининг шахсини унинг айби, роли ёки иштирокчилик турлари ва шакллари, шунингдек жавобгарлигини ажратиш имконини берувчи бошқа ҳолатларни ифодаловчи белгилар ҳисобланади.
Объектив белгилар қилмишнинг ижтимоий хавфли оқибатлари хусусиятини белгилаб беради. Иштирокчиларнинг бирида мавжуд бўлган бу белгилар бошқа иштирокчиларнинг қасди билан қамраб олинган бўлса, жиноий жавобгарликка асос бўлади. Масалан, агар қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганда ёрдамчи бажарувчининг жабрланувчи билан ёмон муносабатда бўлганлиги сабабли "оддий" қасддан одам ўлдириш (Жиноят кодекси 97-моддаси биринчи қисми) содир этилган бўлса-ю, кейинчалик жабрланувчига нисбатан ҳеч қандай нафрат бўлмаганлиги ва бажарувчи таъмагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлиги аниқланса, ёрдамчи бажарувчи томонидан содир этилган жиноят квалификация белгили эмас, балки оддий қасддан одам ўлдириш жинояти учун жавобгарликка тортилади.
Объектив белгилар жиноят қонуни билан қўриқланадиган объектнинг маълум бир индивидуал белгиларига тааллуқли бўлиши мумкин. Масалан, агар кичик ёшдаги вояга етмаган шахснинг номусига тегишда жиноят бажарувчисининг жабрланувчи ўн тўрт ёшга етмаганлигини билмаганида, бироқ бу ҳақда жабрланувчи ўн олти ёшда деб бажарувчига хабар қилган жиноят ташкилотчисига маълум бўлганида, бажарувчи ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш жинояти учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Объектив белгилар жиноят бошқа иштирокчиларини айблашда уларнинг ижтимоий хавфли қилмишнинг ёки жиноят иштирокчисининг тавсифланишига боғлиқ.
Биринчи ҳолда улар иштирокчининг қасди билан қамраб олинган бўлса, айблашга асос бўлади. Масалан, ўзга шахснинг мулкини уй-жойга кириб ўғирлашга қизиқтиришда далолатчи ҳамда бажарувчига ҳар иккаласи ўғриликнинг айнан шу йўл билан содир этилиши маълум бўлса, мазкур баҳоловчи белги ҳар иккала иштирокчини айблашга асос бўлади.
Иккинчи ҳолатда объектив белги қайси иштирокчига тегишли бўлса, бу белги ҳақида бошқа иштирокчилар билиш-билмаслигидан қатъи назар, шу шахсни айблашга асос бўлади. Масалан, ўғриликни такроран содир этишда такрорийлик белгиси жиноятни такроран содир этган шахсга тегишли бўлади, иштирокчиларнинг бирида рецидив бўлиши эса айнан мана шу иштирокчига нисбатан рецидивнинг тан олинишини англатади.
7. Жиноят иштирокчилари ҳаракатларининг квалификацияси иштирокчилик шаклига боғлиқ бўлади ва махсус белгилар билан ифодаланади. Жиноят кодекси 30-моддасининг иккинчи қисмида қайд этиладики, олдиндан тил бириктирган гуруҳ, жиноий гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчилари ҳамда аъзолари тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари қатнашган барча жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Квалификация қилишда таяниш лозим бўлган асосий қоида иштирокчилар биргаликда ва ўзаро келишув доирасида содир этган жинояти учун ҳар бирининг иштироки даражаси ва характерини ҳисобга олинган ҳолда жавобгарликка тортилишлар ҳисобланади.
Шарҳланаётган қисм уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма ташкилотчилари, шунингдек олдиндан тил бириктирган гуруҳ аъзолари жавобгарлигини белгилайди. Бунда уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма ташкилотчилари, олдиндан тил бириктирган гуруҳ таркибида жиноят содир этган иштирокчилар ҳаракатлари Жиноят кодекси 28-моддасини қўлламасдан квалификация қилинади, чунки уларнинг барчаси биргаликдаги бажарувчилар деб тан олинадилар. Мазкур шахсларнинг жавобгарлиги Жиноят кодекси Махсус қисмининг биргаликдаги жиноий фаолиятнинг тегишли турини баҳоловчи тур сифатида назарда тутувчи моддаси бўйича вужудга келади. Бу ерда қонун чиқарувчи бу шахсларнинг жиноятни тайёрлаш ва содир этишда бевосита иштирок этгани ҳақида сўз юритади, чунки бу ҳолат Махсус қисм тегишли моддасининг мазкур банди бўйича жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарурий шарти бўлиб ҳисобланади.
Олдиндан тил бириктирган гуруҳ, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма (жиноий ташкилот) иштирокчилари, Жиноят кодекси Махсус қисми моддалари билан жиноятнинг мустақил тури сифатида кўзда тутилган бўлса, улар иштирок этгани учун, шунингдек ўзлари иштирок этган жиноятларга тайёргарлик кўриш ёки содир этиш учун (Жиноят кодекси 30-моддасининг 2-қисми) жавобгарликка тортилишлари мумкин. Уюшма ҳар бир аъзосининг ҳаракатлари уюшма томонидан жиноят содир этилиши натижасида келиб чиқадиган оқибатларга сабабчи ҳисобланадилар.
8. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми иштирокчиликнинг нисбатан мураккаб шакллари, яъни уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчилари (раҳбарлари) жавобгарлигини белгилайди. Бу ерда қонун чиқарувчи бу каби уюшмаларнинг ташкилотчиларига уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма барча аъзолари ёки бундай уюшмалар манфаатларига ҳаракат қилган бошқа шахслар томонидан содир этиладиган барча жиноятлар учун жавобгарликни белгилайди.
Бундай ҳолларда уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкилотчиси субъектив томонини, яъни бажарувчи, бошқа иштирокчилар уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма манфаатларида ҳаракат қилганликларини англаши, ташкил этилаётган уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма эришиши кўзланган мақсадларнинг умумийлигини англашини аниқлаш лозим. Гуруҳ ёки уюшма аъзоларининг онги ва иродаси фақатгина ўз қилмишинингина эмас, балки бошқа аъзоларнинг қилмишига тегишли ҳолатларни қамраб олган бўлиши керак. Фақат шундагина жиноятда иштирокчилик ҳақида сўз юритиш мумкин. Жиноий уюшманинг ҳар бир аъзоси ўз онги ва иродаси билан жиноятнинг объектив ва субъектив белгиларини англаниши коллектив жавобгарликни истисно этади, қонунийликнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади. Бу уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкилотчисига ҳам тўла тегишлидир.
Шунинг учун, агар уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма бирор-бир аъзосининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сабабий боғланмаган ва ташкилотчи (раҳбар) нинг қасди билан қамраб олинмаган бўлса, эксцесс бажарувчи ҳолати вужудга келади.
9. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинмаган қилмиш учун фақат жиноят содир этган шахс жавобгар бўлишини белгилайди. Жиноят иштирокчиларининг жавобгарлиги мустақил характерга эга бўлса-да, бажарувчининг қандай ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлигига боғлиқдир. Эксцесс деганда, бажарувчи томонидан бошқа иштирокчиларнинг жиноятидан ташқари яна бир жиноятнинг содир қилиниши тушунилади. эксцесс бажарувчи сифат ва миқдор белгиларига кўра, бажарувчи ҳаракатлари умумий жиноий ниятдан қанчалик четга чиқиши характерига боғлиқдир.
Сифат кўрсаткичли эксцессда бажарувчининг ҳаракатлари бошқа иштирокчилар билан келишиб олинган жиноятлар билан бир қаторда яна бир ёки бир неча жиноят содир этишни зиммага олади. Масалан, агар талончилик содир этиш учун тил бириктиришда иштирокчилардан бири ўзганинг мулкини талон-тарож қилгандан сўнг қасд одам ўлдирса, яъни жабрланувчини ўлдирса, талончилик (Жиноят кодекси 166-моддасининг иккинчи қисми "в" банди) ва қасддан одам ўлдириш (97-моддасининг иккинчи қисми тегишли банди бўйича) жиноятлари бажарувчиси сифатида фақат шу иштирокчи, бошқалари эса фақат талончилик учун жавобгарликка тортиладилар, чунки улар фақат талончилик жиноятини содир этишга келишиб олган.
Миқдор кўрсаткичли эксцессда бажарувчи бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган жиноятни содир қилади, лекин унинг оқибати бошқа иштирокчилар ўйлаганидан кўра оғирроқ бўлади.
10. Бажарувчининг ихтиёрий қайтиши жиноят содир этишга тайёргарлик ёки суиқасд белгилари бўйича, бажарувчининг ўз жиноий ниятидан қайтган босқичига боғлиқ ҳолда, жиноий жавобгарликка тортиладиган жиноятнинг бошқа иштирокчиларни жавобгарликдан озод қилмайди.
(Шахснинг жиноий жавобгарликни истисно қилиш асоси сифатидаги жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиши жиноий-ҳуқуқий институт сифатида Жиноят кодексининг 26-моддасига берилган шарҳда қараб чиқилган.)
Иштирокчиликда ихтиёрий қайтишнинг мавжуд бўлиш имконияти шубҳасиздир. Агар ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчиларнинг барча ҳаракатларига қарамасдан жиноятнинг олдини олиш мумкин бўлмаган бўлса, уларнинг бу фаолияти ихтиёрий қайтиш сифатида кўрилиши мумкин эмас ва улар умумий асосларда жавобгарликка тортиладилар.
11. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисми қоидаларидан ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчининг ихтиёрий қайтишлари тайёрланаётган жиноятнинг олдини олишни таъминловчи ҳаракатларда ифодаланиши лозимлигидан келиб чиқади. Хокимият органларига вақтида хабар беришдан ташқари яна ташкилотчи ёки далолатчи бажарувчига жиноят содир этмасликка, ёрдамчини бажарувчига кўмаклашмасликка кўндиришда, тажовуз қаратилган шахсни ўз вақтида огоҳлантиришда ифодаланадиган бошқа чоралар ҳам кўрилиши лозим. Бунда жиноят ташкилотчиси ёки далолатчининг бажарувчини кўндириш туридаги ихтиёрий қайтиш моддий таркибли жиноятда жиноий натижанинг олдини олиш, формал таркибли жиноятларда эса бутун объектив томоннинг амалга оширилишининг олдини олиши лозимлиги шарти билангина бўлиши мумкин. Акс ҳолда, ташкилотчи ва далолатчи содир этилган қилмиш учун жавобгарликка тортилади, уларнинг жиноятнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлари эса суд томонидан жазо тайинлаш вақтида енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши мумкин. Ёрдамчи ўзининг ҳаракатсизлиги билан жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишни ифодалаши мумкин. Бироқ ёрдамчининг бундай ҳулқ-атворини баҳолашда муайян вазиятдан келиб чиқиш лозим, яъни ёрдамчининг ҳаракатсизлиги жиноятда иштирокчиликдан ихтиёрий қайтиш сифатида, агар бу ҳаракатсизлик у бажариши лозим бўлган ҳаракатларни амалга оширмаслигида ифодаланган бўлса, масалан, бажарувчига сейф калитини тақдим этишга ваъда бериб, сўзининг устидан чиқмаган бўлса, тан олиниши мумкин. Бу вазиятда, агар бажарувчи жиноят содир этишга қарор қилса, унинг ҳаракатлари ёрдамчининг ҳаракатлари билан сабабий боғлиқликда бўлмайди.
Шу билан бирга, ёрдамчининг ихтиёрий қайтишини ёрдамчиликнинг туридан келиб чиқиб алоҳида ажратилган ҳолда кўриб чиқиш лозим (Жиноят кодекси 28-моддаси бешинчи қисми шарҳига қаранг). (Руҳий) ақлий ёрдамчининг ихтиёрий қайтиши бажарувчига ёрдам беришга, кўмаклашишга қаратилган ўзининг барча ҳаракатларини тўлиқ нейтраллаштиришида ифодаланиши лозим. Гап шундаки, ёрдамчининг маслаҳат ва кўрсатмалари уларнинг бажарувчига маълум қилинганидан сўнг охиргиси томонидан ёрдамчининг иродасидан қатъи назар ишлатилиши мумкин, бу эса ёрдамчи ҳаракатлари ва бажарувчи содир этган жиноят ўртасидаги сабабий боғланишни келтириб чиқаради. Ихтиёрий қайтиш мажбурий элемент сифатида жиноий натижанинг юз бермаслигини тақозо этганлиги сабабли, ёрдамчининг ихтиёрий қайтиши ҳақида, фақат у ўз ҳаракатлари оқибатларини тўлиқ бартараф этганидан сўнггина намоён бўлиши мумкин. Агар ёрдамчининг мазкур интилишлари натижасиз якунланса, жиноят содир этилса, унинг ҳаракатлари ихтиёрий қайтиш сифатида квалификация қилиниши мумкин эмас.
Мазкур масала жисмоний ёрдамчиликда бироз бошқача ҳал қилинади. Бундай ҳолларда кўпинча жиноят содир этилишини енгиллаштириши лозим бўлган жиноят қуроли ва воситаларини тақдим этмасликда, шунингдек жиноят содир этилишига тўсиқларни бартараф этмасликда, агар бу тўсиқларни бартараф этиш ташаббуси ёрдамчининг ўзидан чиққан бўлса, ифодаланадиган ёрдамчининг пассив ҳулқ-атвори етарли бўлади.
12. Агар биргаликдаги бажарувчи бошқа бажарувчилар томонидан жиноят содир этилишига кўмаклашувчи ёки уни осонлаштирувчи ҳаракатларни содир этишни бошламаган бўлса, ихтиёрий қайтиш унинг пассив ҳулқида, яъни биргаликдаги бажарувчиликни ташкил этувчи ҳаракатлардан ўзини сақлашда ифодаланиши зарур. Бундай ҳолларда шахснинг жиноий жавобгарлиги истисно этилади, бироқ у Жиноят кодекси 241-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган шартларнинг мавжудлигида жиноят ҳақида хабар бермаганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин. Агар бажарувчи жиноятни охиригача етказишдан бош тортса ёки ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажара олмаса ва ҳаракатни содир этса, иштирокчиларнинг ҳаракатини квалификация қилиш қийинлашади. Бундай ҳолда ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи ташкилотчилик, далоалтчилик, ёрдамчиликка суиқасд қилганлик учун жавобгар бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |