27-модда. Жиноятда иштирокчилик тушунчаси
Икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади.
1. Шарҳланаётган моддага кўра, икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади.
Иштирокчиликда содир этиладиган жиноятлар ўз ҳуқуқий хусусиятларига эга бўлиб, у ёки бу жиноятни квалификация қилишда нафақат қилмишнинг иштирокчиликда содир этилиши, балки қонунийлик ва адолатлилик принципларига асосланган ҳолда иштирокчиликнинг аниқ белгилари ва шаклларига эътибор бериш лозим.
Агар иштирокчиларнинг ҳаракатларида Жиноят кодекси Махсус қисми моддасида тавсифланган муайян жиноят турининг аломатлари мавжуд бўлса (мисол учун, бир гуруҳ шахснинг, уюшган гуруҳнинг жиноят содир этиши), қилмиш Махсус қисмнинг тегишли моддаси бўйича иштирокчиликнинг у ёки бу турини тавсифловчи муайян аломатлардан келиб чиқиб квалификация қилиниши керак.
2. Иштирокчилик тушунчаси, Жиноят кодекси Махсус қисмининг институти сифатида, анча кенг талқин қилинади.
Иштирокчиликнинг қуйидаги аломатларини қайд этиш мумкин:
* айни бир жиноятда икки ёки ундан ортиқ шахснинг иштироки;
* гуруҳ аъзоларининг биргаликда ҳаракат қилиши;
* жиноятнинг қасддан содир этилиши.
Биринчи аломат объектив, сўнгги аломат эса - субъектив хусусиятга эга. Жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиш ҳам субъектив, ҳам объектив аломатлар билан тавсифланади.
Айни бир жиноятда икки ёки ундан ортиқ шахснинг қатнашиши жиноятда иштирокчиликнинг объектив аломатини ташкил этади.
Шарҳланаётган моддада берилган жиноятда иштирокчиликнинг таърифидан жиноятда икки ёки ундан ортиқ шахснинг қатнашиши унинг зарур шарти экани англашилади. Шунингдек, жиноят иштирокчиликда содир этилганида иштирокчиларнинг барчаси ақли расо ва шу жиноят учун қонунда белгиланган ёшга етган бўлиши талаб қилинади.
4. Жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиш аломати - ҳам объектив, ҳам субъективдир.
Биргаликдаги ҳаракат шундан иборатки, бунда иштирокчиларнинг жиноий ҳаракати биргаликда бўлади. Жиноятни биргаликда содир қилиш шундан иборатки, бунда бир иштирокчининг ҳаракати икинчисиники билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Иштирокчиларнинг биргаликдаги ҳаракати жиноятнинг натижаси учун муҳим шарт ҳисобланади.
Иштирокчиларнинг биргаликдаги ҳаракати мақсаднинг ва ҳар бир иштирокчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан умумий жиноий оқибат ўртасидаги сабабий алоқанинг бирлигида ифодаланади.
Бир иштирокчининг фаолиятини бошқа иштирокчининг фаолияти тўлдирган, бу улар учун умумий ижтимоий хавфли оқибатга эришиш имконини берган ҳолда жиноят содир этишда икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргалашиб қатнашиши мавжуд бўлади. Агар бундай биргаликдаги фаолият фақат ташқи хусусиятга эга ва ички, онгли алоқадан маҳрум бўлса, ягона жиноятда иштирокчилик тўғрисида сўз юритилиши мумкин эмас. Бундай ҳолларда айбдорлар, уларнинг фаолияти умумий, ягона оқибатга олиб келганига қарамай, мустақил жиноий жавобгарликка тортилиши керак.
Жиноят содир этишга ҳар бир иштирокчи ўз ҳиссасини қўшади. Уларнинг бири барча иштирокчиларни уюштиради, уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради, иккинчиси жиноят содир этиш учун шарт-шароит яратади, учинчиси уни содир этади, тўртинчиси жиноят изларини яширади, унинг фош бўлишига монелик қилади. Ҳар бир иштирокчи ва келиб чиққан жиноий оқибат ўртасида сабабий алоқа мавжуд бўлади.
Иштирокчилар жиноятни биргалашиб содир этиши улар учун ягона оқибат келиб чиқишида, ҳар бир иштирокчининг ҳаракатлари ва келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигида, шунингдек бошқа иштирокчиларнинг жиноий ҳаракатлари учун шарт-шароит яратилишида намоён бўлади.
Жиноий ҳаракатнинг биргаликдалиги барча иштирокчилар учун жиноий оқибатнинг бир хиллиги, умумий жиноий оқибат ва ҳар бир иштирокчи ўртасидаги ҳаракатнинг ўзаро боғлиқлигида ифодаланади.Ҳаракат, жиноий оқибат ва ҳар бир иштирокчининг ўзаро алоқадорлиги мажмуи иштирокчиликни ифодалайди.
Шундай қилиб, биргалашиб жиноят содир этишнинг объектив мезонлари биргаликда жиноий ҳаракатларни содир этиш, умумий, ягона жиноий натижа ҳамда қилмиш билан унинг оқибатлари ўртасидаги сабабий алоқадан иборат.
5. Бир неча шахсларнинг кучларини бирлаштириш натижасида жиноят содир этилганида, уларнинг ҳар бири мустақил тарздаги жиноий оқибатга эришишга ҳаракат қилган бўлса ёки улар ҳаракати жиноий оқибат билан бевосита боғлиқ бўлмаса, бундай жиноятни иштирокчиликда содир этиш, деб баҳолаб бўлмайди
Иштирокчилик мавжуд эмаслиги бир неча шахсларнинг ҳаракатлари уюштирилмагани, уларнинг ҳар бири алоҳида ҳаракат қилиши билан изоҳланади. Аммо жиноий оқибат иштирокчи кучларининг бирлаштиришдан келиб чиқади, бинобарин, бу ҳаракатлар улар учун умумий оқибатга сабаб бўлади. Мисол учун, ўқотар қуролдан ўқ узиб, фуқаро С.ни яралаган фуқаро В.нинг ҳамда ярани боғлаш пайтида инфекция киритган ва фуқаро С. нинг ўлимига сабабчи бўлган фуқаро Д.нинг ҳаракатларини биргалашиб содир этилган ҳаракат деб бўлмайди.
Ҳаракатлар биргалашиб содир этилгани тўғрисидаги масала нафақат объектив ҳолатларни, балки субъектив ҳолатларни ҳам аниқлаш асосида ҳал қилинади.
Агар иштирокчилар жиноят содир этишга олдиндан тил бириктирган бўлса, жиноятда иштирокчиликни аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Иштирокчилар олдиндан тил бириктирган бўлмаса, иштирокчиликнинг субъектив ҳолатларини аниқлаш қийинлашади.
Шахс ҳулқ-атворида икки ҳолатнинг мавжудлиги жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиш мезони ҳисобланади:
биринчиси, умумий куч асосида ягона мақсадга эришиш учун ҳаракат қилиш;
иккинчиси, бошқа иштирокчиларнинг ягона умумий натижага эришишга қаратилган ҳаракатини билиш ва ҳисобга олиш хизмат қилади.
Жиноят содир этишда бир неча шахсларнинг иштироки объектив вазиятларни биргиликда куч ишлатиш асосида натижага эришиш, шунингдек, субъектив вазият - иштирокчиларнинг ҳаракатини бирлашганлиги ва кучларни бирлаштириш асосида ягона мақсадга эришишга қаратилганлигини билишни ўз ичига олади.
6. Жиноятнинг барча иштирокчилари учун умумий бўлган муайян натижага ҳаракат қилиш - иштирокчиликнинг зарур таркибий қисмидир. Зеро, айнан шу ҳолат иштирокчиларнинг ҳаракатлари бирлаштирилганлигини тавсифлайди. Шахсларнинг бирлашуви жиноий оқибатга эришишни енгиллаштириш зарурияти билан белгиланади.
Шахс жиноят содир этишда иштирокчилик қилаётган бошқа шахслар фаолиятини англаши жиноят содир этишда биргалашиб қатнашишнинг иккинчи субъектив мезонидир.
Иштирокчиликнинг субъектив мезони иштирокчиларнинг ўзаро хабардорлиги ва келишган ҳолда ҳаракат қилиши билан тавсифланади.
Ўзаро ҳабардорлик шу билан тавсифланадики, жиноят содир этишдаги барча иштирокчиларни биринчидан, жиноят биргалашиб содир этганлиги, иккинчидан, ҳар қандай жиноят эмас, балки аниқ бир жиноят содир этилгани, учинчидан, нафақат бир шахс қилмишининг ижтимоий хавфлилиги, балки бошқа шахслар ҳаракатининг ижтимоий хавфлилиги ҳисобга олинади. Мисол учун, "рақобатчини обрўсизлантириш (Жиноят кодекси 192-моддаси)да ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни бир шахс тайёрлаган, бошқа шахс эса уларни тарқатган (масалан, телевидение ва газета орқали) бўлиши, бажарувчи ўзи тарқатаётган маълумотлар ёлғон эканлигини англаган бўлса, бу мазкур жиноятни содир этишда иштирокчилик деб таснифланиши мумкин”.
Жиноят биргалашиб содир этилаётганини англаши у ўзининг жиноят содир этишга қаратилган ҳаракатларига ҳеч бўлмаса битта бошқа иштирокчининг ҳаракатлари қўшилаётганини билишидан далолат беради. Бажарувчи жиноятни бошқа шахслар билан биргалашиб содир этаётганини англамаган ҳолда ва ҳаракатлари жиноят содир этиш билан сабабий алоқада бўлган ана шу бошқа шахслар бажарувчининг жиноий ниятидан бехабар бўлган ҳолда иштирокчилик мавжуд бўлмайди.
Бошқа иштирокчиларнинг (ҳеч бўлмаса бир иштирокчининг) ҳаракатлари ва ниятларидан хабардорлик шахс уларнинг ҳаракатлари олиб келадиган жиноий оқибатларни англашини назарда тутади.
Жиноят иштирокчилари ҳаракатларининг мувофиқлаштирилганлиги шахслар жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиш нияти ва хоҳиш-иродасини ўзаро ифодалашида намоён бўлади.
Жиноят иштирокчилари ҳаракатларининг мувофиқлаштирилганлиги жиноят биргалашиб содир этилганини, иштирокчилар фаолиятини субъектив томондан тавсифлайдиган улар ўртасидаги зарур психологик алоқани акс эттиради.
7. Шарҳланаётган моддада берилган иштирокчилик тушунчасининг мазмунига кўра иштирокчилик фақат қасддан содир қилинадиган жиноятлардагина бўлади. Иштирокчилар жиноят содир этишга қилган қасд билан ўз қилмишларининг ижтимоий хавфлилиги ва бажарувчи ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилиги англаниши керак. Шу билан бирга, иштирокчилар бажарувчи мазкур ижтимоий хавфли қилмишларни содир этишини хоҳлайдилар ёки онгли равишда бунга йўл қўядилар.
Жиноят иштирокчилари онги билан бажарувчининг қилмишлари келтириб чиқариши мумкин бўлган ижтимоий хавфли оқибатлар ҳам, бажарувчининг қилмишлари билан уларнинг оқибатлари ўртасидаги сабабий алоқанинг ривожланиши ҳам умумий жиҳатдан қамраб олинади.
Жиноят содир этишга қаратилган қасднинг интеллектуал жиҳати қилинган қасднинг тафаккур жиҳати нафақат бажарувчи қилмишининг объектив томонининг тегишли ҳолатларини, балки жиноят объектига ва субъекти - бажарувчига тегишли бўлган ҳолатларни ҳам англаниши билан тавсифланади.
Бир жиноятни содир этишда икки ёки ундан ортиқ шахс биргалашиб қатнашиши барча иштирокчилар жиноятнинг улар учун умумий бўлган бир объектига тажовуз қилишини белгилайдики, буни ҳар бир иштирокчи англаши керак.
Жиноят иштирокчилари Жиноят кодексининг Махсус қисмида баён этилган жиноят субъектини (бажарувчини) тавсифловчи мажбурий аломатларни англаши керак (мисол учун, мансабдор шахс, ҳарбий хизматчи ва ҳ.к.). Агар иштирокчи, бажарувчининг ҳақиқий ёшига нисбатан адашиб, уни жиноят субъекти деб топилиши мумкин бўлмаган ёшда деб ҳисоблаган бўлса, айни ҳолда жиноятда иштирокчилик мавжуд бўлмайди, чунки жиноят содир этишда бир шахс қатнашади (Бу ҳақда муфассалроқ Жиноят кодекси 28-моддасига берилган шарҳга қаранг).
Иштирокчиликда содир этиладиган жиноятнинг иродавий белгисининг мазмун моҳияти хоҳиш-ирода жиҳатининг мазмуни умумий, ягона мақсадга қаратилганлиги, жиноий оқибатнинг келиб чиқиши хоҳланиши ёки онгли равишда йўл қўйилишида ифодаланади.
Иштирокчиларнинг мотиви ва мақсадлари мос келиши мумкин, аммо булар жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди.
Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларда иштирокчилик бўлиши мумкин эмас.
Айрим ҳолларда шахснинг ўзи жиноятни бевосита содир қилмасдан жиноятнинг субъекти бўла олмайдиган шахсдан фойдаланади (Масалан, жиноий жавобгарлик ёшига тўлмаган шахслардан жиноят бажарувчилари сифатида фойдаланиш). Мазкур ҳолатда жиноятчи ҳам субъект ёшига етмаганнинг қилмиши учун ҳамда вояга етмаганни жиноятга жалб қилганлиги учун жавобгарликка тортилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |