29-модда. Иштирокчилик шакллари
Жиноятда иштирокчилик: оддий иштирокчилик, мураккаб иштирокчилик, уюшган гуруҳ, жиноий уюшма шаклида бўлади.
Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай жиноят содир этишда қатнашиши оддий иштирокчилик деб топилади.
Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилишида иштирок қилиши мураккаб иштирокчилик деб топилади.
Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.
Икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади.
1.Шарҳланаётган модда иштирокчиликнинг у ёки бу шаклларини тавсифловчи муайян белгилар асосида турларга бўлинган иштирокчилик шаклларини ажратади.
Иштирокчилик шакли деганда жиноят содир этишдаги ўзаро алоқадорлик, иштирокчилар ҳаракатини олдиндан тил бириктирган ҳолда амалга оширилиш даражаси, субъектив алоқадорлиги ва хусусиятига кўра фарқ қилувчи бир неча шахсларнинг биргаликдаги ҳаракати тушунилади. Қайд этилган белгиларнинг ҳар бири биргаликдаги жиноий фаолият тавсифи учун катта аҳамиятга эга, чунки улар иштирокчилар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, тил бириктирганлик ва умумий мақсадга эришиш учун мувофиқлаштирилганлиги даражасини очиб беради. Шубҳасиз, иштирокчиликлар хатти-ҳаракатларининг ҳамжиҳатлиги ва уюшганлиги даражаси қанчалик юқори бўлса, исталган натижага эришиш шунчалик осон бўлади. Биргаликдаги жиноий фаолиятни таҳлил этиш жараёнида шу нарса аён бўладики, тергов ва суд органлари ходимлари томонидан мазкур белгиларнинг тўғри аниқланиши иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларнинг тўғри квалификация қилинишининг муҳим шартидир.
Иштирокчилик шакллари объектив (иштирокчилар ўртасидаги объектив алоқалар) ва субъектив (улар ўртасидаги субъектив боғлиқлик) мезонларига кўра таснифланади.
2. Иштирокчиликнинг объектив мезони мазкур иштрокчиларнинг объектив алоқадорлигида ифодаланади. Иштирокчиларнинг объектив ўзаро таъсири (боғланиши)нинг ўзига хос хусусиятларида ифодаланувчи объектив мезон иштирокчиликнинг оддий ва мураккаб шаклларга бўлинишининг асоси қилиб олинган.
Оддий иштирокчиликда жиноят икки ёки ундан ортиқ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирмай содир этилади ва ижтимоий хавфли қилмишнинг объектив томони биргаликдаги иштирокчиликдан гувоҳлик берувчи барча иштирокчилари томонидан қисман ёки тўлиқ амалга оширилади.
Мураккаб иштирокчилик биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши, бу фаолиятнинг йўналтирилганлиги ва бевосита бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи ёки ҳеч бўлмаганда улардан бирининг мавжудлиги билан тавсифланади. Бошқача қилиб айтганда мураккаб иштирокчилик икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилишида ифодаланади. Масалан, бир иштирокчи (ташкилотчи) ўғриликни ташкил этади, режа тузиб, иштирокчиларни танлайди ва ҳоказо, бошқа бир иштирокчи (бажарувчи) бевосита ўғриликни содир этади, учинчи шахс (ёрдамчи) бу иккаласига ўғирланган нарсаларни олиб чиқиб кетиш учун автомобил таклиф қилади, ўғирланган мол-мулкни олиб, уни ўтказади, шундан кейин учаласи пулни бўлиб олади.
Иштирокчиликнинг объектив мезони содир этилаётган жиноят юзасидан иштирокчилар ўртасидаги жиноят содир этишдаги алоқадорликни ифодалайди, яъни ролларнинг тақсимланиши, ким қайси вазифани бажаришини белгилаб қўйилиши ва бошқалар..
Оддий иштирокчиликда иштирокчилардан бири жиноят содир этишга қизиқтириши, ташкилотчи ёки далолатчига айланиши, шу билан бирга ижтимоий хавфли қилмиш содир этилишида бевосита қатнашиши мумкин бўлган вазиятлар ҳам мавжуд. Бундай вазиятларда унга бошқа иштирокчилар (бошқаларнинг сўзсиз, конклюдент розилигидан далолат берувчи) қўшилиши мумкин. Бошқаларнинг жиноий тажовузга қўшилишида ифодаланадиган ва амалиётда, айниқса, вояга етмаганлар, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этиладиган номусга тегиш, безорилик ва бошқа шу каби жиноятларда кўп учрайдиган биргаликдаги бажарувчиликнинг аниқ намоён бўлишини кўришимиз мумкин.
3.Иштирокчиликнинг субъектив мезони иштирокчилар ҳаракатларининг ҳамжиҳатлиги, улар ўртасидаги алоқаларнинг табиати даражаси билан тавсифланади. Иштирокчиликнинг субъектив мезони иштирокчиларнинг жиноий ҳаракатни амалга оширишда ўзаро келишилганлиги билан ифодаланади.Шу мезонга мувофиқ, иштирокчиликнинг барча ҳолатлари олдиндан тил бириктириш иштирокчилиги ва олдиндан тил бириктиришсиз иштирокчиликларга бўлинади.
Олдиндан тил бириктирилмаган иштирокчилик бевосита жиноят содир этиш жараёнида ёки муайян вақт оралиғида иштирокчилик жиноятни амалга ошириш жараёнида бир вақтнинг ўзида (масалан, икки шахс жабрланувчига тажовуз қилиб, уни ўлгунича дўппослайдилар), шунингдек муайян вақт давридан сўнг (масалан, бир шахс дўппослашга тушади, иккинчиси бир оздан сўнг унга қўшилади ва улар биргаликда жабрланувчини ўлдиришади) вужудга келиши мумкин бўлган олдиндан (жиноят содир этилишидан олдин) тил бириктиришнинг бўлмаслиги билан тавсифланади. Бундай иштирокчиликда тил бириктирилганлик даражаси минимал бўлиб, жиноят объектив томонини ташкил қилувчи ҳаракатлар тўлиқ ёки қисман амалга оширилади, иштирокчилар ўз ҳаракати орқали бошқасининг ҳаракатини тўлдиради.
4. Олдиндан келишилган иштирокчиликда биргаликда жиноят содир этиш ҳақида олдиндан тил бириктириб, шунингдек, жиноят содир этилишидан олдинроқ тил бириктирган ҳолда жиноят содир этилади. Иштирокчиликни квалификация қилиш учун бу келишувга эришилганидан сўнг қанча вақт ўтганлиги аҳамиятга эга эмас. Вақт катта ҳамда кичик оралиқларда ҳисобланиши мумкин: дақиқалар, соатлар, суткалар, ойлар, йиллар ва ҳоказо. Иштирокчилар ўртасида у ёки бу жиноятни содир этиш юзасидан келишув оғзаки ёки ёзма, тил бириктирув, шартли белги, бошни чайқатиш, имо-ишора ва бошқа шу каби шаклларда ифодаланиши мумкин. Олдиндан тил бириктириш томонларнинг кўзда тутилаётган жиноятнинг биргаликда содир этишидан хабардорлигидан, уни содир этишда ҳар бир иштирокчининг ўз вазифаларини билиши, ҳамжиҳатликнинг нисбатан юқори даражаси билан тавсифланади. Олдиндан тил бириктириш иштирокчилиги бир гуруҳ шахслар, уюшган гуруҳ, жиноий уюшма томонидан олдиндан тил бириктириб содир этиладиган жиноятларда бўлади.
5. Шарҳланаётган модда иштирокчиликнинг шаклларга бўлиниши объектив ва субъектив мезонларнинг бир-бирини тақозо (тўлдириб) этиб келиши ва ўзаро боғлиқлигига асосланади.
Иштирокчилик шаклларини тўғри аниқлаш учун ва шундан келиб чиқиб ҳар бир иштирокчи роли ва мақомини аниқлашда иштирокчиликда содир этилган жиноят учун жавобгарлик масаласини ҳал этишда иштирокчилар ўртасидаги субъектив боғланиш характери, ҳамжиҳатлик, уюшганлик даражаси ва бошқа белгиларни аниқлаш лозим.
Шу билан бирга, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма каби иштирокчилик шаклларига нисбатан уларни тавсифловчи бошқа белгилари аниқланиш керак. Уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма олдиндан тил бириктириш билан бирга яна жиноят иштирокчиларининг уюшганлиги ва улар ўртасидаги субъектив боғланишнинг барқарорлиги даражаси каби белгилар билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ўз қарорларида айблаш фикрида ва суд ҳукмида айнан қандай асосларга кўра жиноий гуруҳ уюшган деб топилганлигини кўрсатган бўлиши шартлигини тавсия этади. Мазкур талаб жиноий уюшманинг ҳуқуқий баҳоланишига ҳам тўлиқ тарзда тегишлидир.
6. Иштирокчилик шакл ва турларини бир-биридан алоҳида тарзда кўриб чиқиш мумкин эмас; у кўпинча, ташкилотчи ва далолатчи бошқа иштирокчилар билан бир қаторда жиноят объектив томонини ёки унинг қисмини амалга оширган пайтларда бир-бири билан боғланиб келиши мумкин. Бундай ҳолларда олдиндан тил бириктириб содир этиладиган иштирокчилик (иштирокчилик шакли), шунингдек биргаликдаги бажарувчилик ва тор маънодаги иштирокчилик, яъни вазифаларни тақсимлаб олиш билан иштирокчилик бўлади. Иштирокчилик муайян шакли ва турининг аниқланиши содир этилган қилмишни квалификация қилишга таъсир этади ва жавобгарликни индивидуаллаштиришда ҳисобга олиниши шарт. Иштирокчилик шакллари ва турлари иштирокчилар биргаликдаги жиноий фаолиятининг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характерини ўрнатишга имкон беради. Иштирокчиликда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характери иштирокчилар ҳаракатларининг ҳамжиҳатлигини ҳисобга олишни англатади.
Иштирокчилар ўртасидаги алоқалар қанчалик яқин бўлса, уларнинг ҳаракаталари шунчалик уюшганроқ бўлади ва тегишинча, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси шунчалик юқорироқ бўлади.
Мураккаб иштирокчиликнинг барча шакллари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш иштирокчилиги, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма) суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши кўзда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар қаторида санаб ўтилган (Жиноят кодекси 56-моддаси "м" банди).
Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларида иштирокчиликнинг баъзи шакллари квалификация қилишнинг зарурий белгиси сифатида кўзда тутилади.
Баҳоловчи белгилар сифатида иштирокчилик шаклларининг бир неча конструкциялари ажратиб кўрсатилади: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан.
Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда "бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб" жумласи мавжуд бўлса (масалан, Жиноят кодекси 156-моддасининг иккинчи қисми "д" банди; 244-1-моддаси учинчи қисми "а" банди), бу жумла бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилиши ҳолларини ҳам, олдиндан тил бириктирмай содир этилиши ҳолларини ҳам қамраб олади.
Қонунда жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида бир гуруҳ шахслар томонидан жиноят содир этилиши назарда тутилган бўлса (масалан, Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми "а" банди; 104-моддасининг иккинчи қисми "к" банди; 118-моддаси иккинчи қисми "в" банди ва ҳоказо) жиноий жавобгарлик учун олдндан тил бириктирилганлик аҳамиятга эга бўлмайди. Бу ҳолатда жиноят содир этган шахсларнинг ҳаракати ушбу жиноятни содир этишга қаратилганлигини аниқлаш лозим. Агар бу жиноят уларнинг умумий мақсадидан четга чиқиб содир этилган бўлса, ушбу банд билан квалификация қилинмасдан, модданинг бошқа тегишли қисмлари билан жавобгарлика тортилади.
Агар қонун “Махсус” қисм нормаси "олдиндан тил бириктириб", деган таъриф билан чекланган бўлса, квалификация қилинадиган ҳолатларни белгилашда, уни жиноий гуруҳ ёки жиноий уюшма сифатида талқин қилинмайди.
7. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида биргаликдаги жиноий тажовузнинг нисбатан ижтиомий хавфи кам бўлган шакли - жиноят содир этишда оддий иштирокчилик тушунчасига таъриф берилган.
Жиноят содир этишда икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай қатнашиши оддий иштирокчилик деб топилади. Бу шаклни бошқалардан ажратиб турувчи муҳим белгилардан бири - олдиндан тил бириктиришнинг йўқлигидир.
Жиноят олдиндан тил бириктирмай содир этилган деб топиш оддий иштирокчилик - иштирокчилар ўртасида вазифаларнининг тақсимланган бўлишига қарамай ҳар доим биргаликдаги бажарувчилик (оддий иштирокчилик) эканлигига асосланиши лозим. Вазифаларнинг тақсимланиши кўпроқ мураккаб иштирокчилик, айниқса, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшмага хосдир. Бироқ, шу билан бирга, суд амалиётининг таҳлили шуни кўрсатадики, жиноят содир этиш ташаббуси ўз ҳаракатлари билан бошқа иштирокчилар (биргаликдаги бажарувчилар) ҳаракатлари учун намуна бўладиган бажарувчилардан бири томонидан чиқиши мумкин. Мазкур ҳолат жиноят ташаббускори аҳамиятига ҳеч бир тарзда таъсир этмайди ва унинг хатти-ҳаракатлари бажарувчи қилмиши белгилари бўйича квалификация қилинади. Шу сабабдан вазифаларнинг тақсимланиши ташаббускор-бажарувчи қилмиши билан қамраб олинади.
Иштирокчиликнинг мазкур шакли учун жиноят содир этишдан олдин тил бириктиришнинг имкони йўқлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ҳамжиҳатликнинг минимал даражаси хосдир. Иштирокчиликнинг бу шакли муайян шахслар томонидан амалга оширилаётган тажовузга бошқа шахсларнинг қўшилиши мумкинлигини назарда тутади.
8. Жиноятда иштирокчиликнинг нисбатан кенг тарқалган ва хавфлироқ кўриниши олдиндан тил бириктириш ҳисобланади.
Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми икки ёки ундан ортиқ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб жиноят содир этишини мураккаб жиноят деб топади.
Олдиндан тил бириктириш деганда жиноят содир этиш ёки жиноий фаолият билан шуғулланиш учун жиноятнинг объектив томони амалга оширилгунга қадар бўлган келишув тушунилади (Жиноят кодекси Махсус қисми саккизинчи бўлими).
Иштирокчиликнинг бу шакли учун асосий элемент бўлиб, икки ёки ундан ортиқ шахснинг жиноят содир этиш бошлангунга қадар, шунингдек, Жиноят кодексининг “Махсус” қисмида кўрсатилган қилмишнинг ҳеч бўлмаганда бир киши томонидан содир этиш бошлангунча тил бириктирилганлиги ҳисобланади.
Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб жиноят содир этганлик учун Жиноят кодексида аниқ бир жиноятнинг зарурий квалификация белгиси, шунингдек, оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарлик назарда тутилган.
Мураккаб иштирокчиликнинг асосий хусусиятларидан бири жиноятнинг объектив томонини белгиловчи белгилар барча иштирокчилар томонидан эмас, балки бир киши ёки уларнинг баъзи бирлари томонидан содир этилишидир. Қолган иштирокчилар жиноят объектив томонини амалга оширишда бевосита иштирок этмайдилар. Мураккаб иштирокчилик оддий иштирокчиликдан вазифаларнинг иштирокчилар ўртасида тақсимланганлиги билан фарқланади: бири жиноятни ташкил қилади, бошқаси объектив томонини бажаради ёки жиноят содир қилишга далолат қилади ёхуд жиноят содир этилишига ёрдам беради.
Мураккаб иштирокчиликнинг муҳим белгиларидан бири - олдиндан тил бириктиришдир.
Тил бириктириш икки ёки ундан ортиқ шахснинг муайян ижтимоий хавфли қилмишни содир этишга келишиб олишидир. Бунда агар жиноят иштирокчиларнинг минимал сони, яъни икки киши томонидан содир этилган бўлса, улардан бири жиноят бажарувчиси сифатида, бошқаси ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида ҳаракат қилади. Ташкилотчи ўз фаолияти билан ташкилотчилик, далолатчилик ёки ёрдамчиликни қамраб олиши мумкин. Бу ҳолда жиноятни квалификация қилишда аниқ жиноятни кўрсатиш билан бирга ташкилотчиларнинг квалификацияси назарда тутилган модда қисми, яъни Жиноят кодекси 28-моддасининг учинчи қисмига ҳавола қилиниши шарт, чунки ташкилотчилик учун жавобгарлик далолатчилик ёки ёрдамчиликка нисбатан оғирроқдир.
Мазкур ҳолатга "айблов қисмининг тавсиф қисмида, агар жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, ҳукмда жиноятнинг ҳар бир иштирокчиси томонидан айнан қандай жиноий ҳаракатлар содир этилганлиги аниқ кўрсатилиши лозим"лигини талаб этувчи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Плеунимининг тушунтиришлари мавжуд.
Тил бириктириш натижасида иштирокчиларга тайёрланаётган жиноят ҳақида умумий маълумотлар маълум қилинади. Тил бириктириш оғзаки ёки ёзма шаклда бўлиши мумкин. Жуда кам ҳолларда иштирокчилар келишувга конклюдент ҳаракатлар орқали (сўзсиз розилик) эришадилар.
Иштирокчилик мазкур шаклининг ўзига хос белгиси - тил бириктиришнинг аниқ жиноят содир этишга қаратилганлиги ҳолатидир. Иштирокчилик шаклларининг бу каби турларига бир неча бор жиноят содир этишга қаратилган биргаликдаги жиноий фаолият хосдир.
9. Иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларни квалификация қилиш ўзига хос хусусиятларга эга.
Масалан, мулкка қарши қаратилган жиноятлар учун Жиноят кодекси 164-моддасининг иккинчи қисми, 169-моддаларида назарда тутилган "бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб" белгиси баҳоловчи бўлиб ҳисобланади.
Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган талон-тарож деганда бу жиноятни содир этишга олдиндан келишиб олган икки ёки ундан ортиқ шахс қатнашган талон-тарож тушунилади. Бу ерда гап бажарувчига жиноят қуролларини тақдим этиш, объект режасини тузиш, қимматликларга эга шахсларни кўрсатиш ва ҳоказолар ҳақида эмас, балки қонун билан қўриқланадиган объектга иккитадан кам бўлмаган шахсларнинг бевосита тажовузи ҳақида кетмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ўзгалар мулкини талон-тарож қилишда ифодаланадиган мулкка қарши жиноятларни содир этишда иштирокчиларнинг барчаси тажовузни амалга ошириши мажбуран шарт эмас. Тажовузнинг уларнинг бири томонидан амалга ошириши ва жиноят объектив томонини қисман содир этган бошқа иштирокчиларнинг қасди билан биринчининг ҳаракатлари қамраб олиниши муҳимдир. Акс ҳолда, гап фақатгина бажарувчи эксцесси ҳақида бориши мумкин (бу ҳақда батафсилроқ Жиноят кодекси Махсус қисми X боби шарҳига қаранг).
Алоҳида ҳолатни мансабдор шахсларнинг олдиндан тил бириктириши ташкил этади (Жиноят кодекси 210-моддасининг иккинчи қисми "г" банди). Бунда иштирокчилар таркиби махсус субъектлар - мансабдор шахслардан иборат бўлиши лозим, акс ҳолда мазкур асос бўйича жавобгарликка тортиш қонуний бўлиши мумкин эмас.
10. Уюшган гуруҳ - оддий ва мураккаб иштирокчиликка нисбатан хавфлироқ иштирокчилик шаклидир.
Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориши учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида уюшган гуруҳни тавсифловчи белгиларни аниқлаш юзасидан тушунтиришлар берилган. Хусусан, қайд этиладики, "уюшган гуруҳ деганда транспорт воситаларини олиб қочиш ёки бошқа жиноятларни содир этиш мақсадида икки ёки кўп шахсларнинг барқарор бирлашмаси тушунилиши керак".
Мазкур қоида уюшган гуруҳ белгилари бўйича содир этилган бошқа жиноятларни квалификация қилишга ҳам бирдай тегишлидир. Бундай гуруҳ жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашган шахсларнинг юқори уюшганлик даражаси, фаолият олиб бориш вақтининг давомийлиги, иштирокчиларнинг ҳар бири унга юкланган вазифага мувофиқ ҳаракатларининг юқори даражада ташкиллаштирилганлиги, жиноятга тайёргарлик ва уни содир этиш жараёнида улар ўртасидаги алоқанинг барқарорлиги, жиноят изларини яшириш, гуруҳдаги интизом ва ташкилотчининг бир неча бор жиноят содир этишга йўналтирилган кўрсатмаларига бўйсиниши ва шу кабилар билан тавсифланади. Уюшган гуруҳ томонидан жиноятлар кўпинча иқтисодий соҳада содир этилади. Мазкур белгиларни аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тушунтиришларига эътибор қаратиш лозим бўлади.
Уюшган гуруҳни хусусиятловчи белгилардан бири - бу унинг барқарор эканлигидир. Бунда ташкилотчи жиноий режани тузади, иштирокчилар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, улар фаолиятини йўналтиради ва гуруҳдаги тартибни мустаҳкамлайди, шунингдек. гуруҳ интизомини назорат қилади ва ҳоказо (Жиноят кодекси 28-моддаси учинчи қисми шарҳига қаранг).
Уюшган жиноий гуруҳ иштирокчилари ҳаракатини квалификация қилиш олдиндан тил бириктириб, жиноят содир этишдан фарқ қилади. Агар жиноят олдиндан тил бириктирган ҳолда бир неча бажарувчилар томонидан содир этилган бўлса, у фақат “Махсус” қисмдаги тегишли модданинг ўзи билан 28-моддани қўлламаган ҳолда квалификация қилинади. Уюшган гуруҳ томонидан жиноят содир этилганда иштирокчиларнинг жиноят содир этишдаги вазифаси қандай бўлганлигидан қатъи назар (ташкилотчи, бажарувчи, далолатчи, ёрдамчи, иштирокчи), Жиноят кодексининг 28-моддани қўллаган ҳолда жавобгарлик белгиланади. “Уюшган гуруҳ таркибида транспорт воситасини олиб қочишда қатнашган шахсларнинг ҳаракатлари, уларнинг ҳар бирининг ролидан қатъи назар, иштирокчилик деб танилиши лозим”.
Масаланинг бу каби ҳал этилиши Жиноят кодекси 30-моддаси учинчи қисмида мустаҳкамланган қоида билан боғлиқ бўлиб, унга мувофиқ "уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёки унга раҳбарлик қилган шахслар шу гуруҳ ёки уюшма содир этган жиноятлар учун, башарти, бу жиноятлар уларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлса, жавобгарликка тортиладилар" (бу ҳақда батафсилроқ Жиноят кодекси 30-моддаси шарҳига қаранг).
Ниҳоят, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этиладиган жиноятлар бир марталик тажовузга қаратилган бўлади, уюшган гуруҳ, қоида тариқасида, мазкур гуруҳнинг жиноий фаолиятидан дарак берувчи бир неча марта жиноят содир этишга йўналтирилади (қаратилади).
11. Уюшган гуруҳ олдиндан тил бириктириш, барқарорлик, вазифаларнинг тақсимланиши, бир қанча жиноят содир этиш мақсадида тузилганлиги каби қатор ўзига хос белгилар билан тавсифланади.
Уюшган гуруҳ барқарорлиги деганда, гуруҳ иштирокчилари ўртасидаги доимий алоқадорлик ва жиноят содир этишга тайёргарлик кўриш ёҳуд бир ёки бир неча маротаба жиноят содир этишнинг махсус усулларидан фойдаланиш тушунилади.
Объектив томондан барқарорлик иккиёқлама тавсифланади: биринчидан, ташкилотчи (раҳбар) шахсининг жиноий фаолиятни амалга ошириш мақсади асосида ташкил этилган гуруҳ ўртасидаги ўзаро алоқадорлик, умумий жиноий мақсад ва манфаат, жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида вазифаларнинг тақсимланганлиги;
иккинчидан, жиноятга тайёргарлик кўриш жараёнида махсус усуллардан фойдаланиш, гуруҳдаги қатъий тартиб, домий назорат ва гуруҳ аъзолари ҳаракатини бошқариш, юқори даражада келишганлик ва уюшганлик.
"Жиноий фаолиятнинг олдиндан режалаштирилганлиги, жиноий қасдни амалга ошириш учун зарур бўлган воситаларнинг тайёрланиши, иштирокчиларни танлаш, ёллаш ва улар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши, жиноятни яшириш чораларини таъминлаш, гуруҳда ўрнатилган интизомга ва ташкилотчининг кўрсатмаларига бўйсуниш жиноий гуруҳнинг уюшганлигидан далолат беради”.
Жиноий фаолият - уюшган гуруҳнинг (жиноий уюшманинг ҳам) асосий тавсифларидан биридир. Уюшган гуруҳ фаолияти маълум даражада бир неча маротаба жиноят содир этишга, ўз фаолиятини муайян вақт оралиғидаги давомийликка қаратади.
Уюшган гуруҳнинг жиноий фаолияти тизимли характерга эга. У жиноят содир этиш ҳисобига мавжуд бўлади ва бу уюшган гуруҳ алоҳида аъзоларининг ва бутун гуруҳнинг малакасидан гувоҳлик беради. Қонуннинг уюшган гуруҳ ва унинг аъзоларига нисбатан қаттиқлиги ҳам шу билан изоҳланади, чунки ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф қилмишлар гуруҳ аъзолари томонидан жиноий фаолиятга айлантирилади. Қонунга мувофиқ уюшган гуруҳнинг доимий аъзолари бажарган вазифасидан қатъи назар, уни тайёрлашда қатнашган бўлсалар, барча жиноятлар учун жавобгарликка тортилишлари шарт.
12. Шуни назарда тутиш лозимки, алоҳида жиноят таркиби конструкциясида уюшган гуруҳ белгиси мавжуд бўлмаганда (масалан, Жиноят кодекси 114-моддаси), бироқ жиноят амалда уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилса, мазкур белги Жиноят кодекси 56-моддаси "м" бандига мувофиқ, жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши лозим.
Уюшган гуруҳ томонидан жиноят содир этилиши Жиноят кодекси Махсус қисми тегишли моддаларида (масалан, Жиноят кодекси 202-моддаси учинчи қисми "д" банди) баҳоловчи белги сифатида назарда тутилган ҳолларда, содир этилган қилмишни модданинг мазкур белги кўрсатиб ўтилган қисми банди бўйича Жиноят кодекси 28-моддасига ҳавола қилинмай квалификация қилинади ва гуруҳнинг барча аъзолари муайян жиноят таркиби учун мажбурий фактор бўлиб келувчи мазкур белги бўйича жавобгарликка тортилади.
Жиноят кодекси “Махсус” қисми моддаларида “уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир этиш” тушунчаси ишлатилади, бунда умумий қоида бўйича жиноий гуруҳнинг жиноий фаолиятидан гувоҳлик берувчи бир неча жиноий тажовузларни амалга оширилиши назарда тутилган. Бироқ амалиётда уюшган гуруҳ аъзоларидан бири бир жиноятни содир этишда иштирок этиб, кейин ўзининг жиноий фаолиятини тўхтатган ҳоллари ҳам учраб туради. Бундай ҳолларда уларнинг жиноий қилмишлари сонидан қатъи назар, у уюшган гуруҳ таркибида жиноят содир этганлиги учун (ўзи буни англаган ҳолларда) жиноий жавобгарликка тортилади.
14. Жиноий уюшма иштирокчилик барча шакллари ичида энг хавфлисидир. Жиноий уюшманинг хавфлилиги у томонидан содир этиладиган жиноятнинг хусусияти ва оғирлик даражаси билан белгиланади. Жиноий уюшма асосий белгиларидан бири унинг икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳлардан иборат бўлишидир.
Жиноий уюшма ёки уюшган гуруҳ бирлашмаси икки шахсдан иборат бўлиши мумкин эмас, у иштирокчиларнинг кўпроқ сонини талаб этади.
Жиноий уюшма аъзолари ўртасида, қоида тариқасида, жиноий мақсадга эришиш учун вазифалар тақсимланади.
Жиноий уюшма ўзида жиноий гуруҳларни ўзининг таркибий бўғини сифатида бирлаштиради.
Жиноий уюшманинг структуравий (таркибий) бўғини деганда раҳбар билан биргаликда икки ёки ундан ортиқ шахсдан иборат, жиноий уюшманинг мақсадларидан келиб чиқиб муайян йўналишда фаолият юритадиган гуруҳ тушунилади. Бу каби фаолият, масалан, жиноятга тайёргарлик кўриш, жиноий йўл билан топилган мол-мулк ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ўтказиш жойларини излаб топиш; жиноий уюшмани транспорт воситалари ёки бошқа техник воситалар билан таъминлаш; давлат органлари мансабдор шахслари, тижорат ва шу каби бошқа ташкилотларнинг вакиллари билан жиноий уюшмани ва содир этиладиган жиноятларни жазодан озод қилиш мақсадида алоқалар ўрнатиш; жиноий йўл билан топилган пуллар ва бошқа мол-мулкни яшириш; жиноий уюшма аъзолари, жиноят содир этиш восита ва қуроллари, жиноят излари ва жиноий йўл билан топилган нарсаларни яширишга шароит яратиш кабилар бўлиши мумкин.
Бошқа гуруҳлардан алоҳида ҳолда мустақил жиноят содир этувчи бу каби гуруҳларни жиноий уюшма деб топиш учун бунда ҳар бир гуруҳ ўз фаолиятини жиноий уюшма мақсадини амалга ошириш учун алоҳида-алоҳида ҳаракат қилади. Буни аниқлаш учун барча гуруҳлар фаолияти ягона ташкилий бошқарув асосида бошқарилганлигига эътибор бериш лозим. Ягона ташкилий бошқарув, битта ташкилотчидан, шунингдек, бир гуруҳ ташкилотчилардан иборат бўлиши мумкин.
Квалификация қилишда шунга эътибор қаратиш лозимки, жиноий уюшманинг алоҳида аъзолари мазкур жиноий ташкилотнинг ичида ҳаракат қилаётганлигини англамасликлари мумкин. Бу ҳолатлар жиноий уюшманинг мазмун ва моҳиятига ҳеч бир тарзда таъсир этмайди ва мазкур шахс жиноий уюшма таркибида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилади.
Жиноий уюшманинг барқарорлиги ва уюшганлиги нисбатан давомли жиноий фаолиятни ва уюшма қатнашчилари содир этишга интиладиган жиноятларнинг оғирлигини келтириб чиқаради.Жиноий уюшма иштирокчиликнинг бошқа шаклларидан юқори даражада уюшганлиги, барқарорлиги, техник воситалари билан таъминланганлик даражасига кўра, аъзоларнинг биргаликдаги кескин ҳаракати кабилар билан фарқ қилади.
Ташкил этиладиган жиноий уюшма содир этмоқчи бўлган жиноятларнинг хавфлилигини инобатга олиб, қонун чиқарувчи жиноий уюшманинг ўзини ва ундаги иштирокчиларни Жиноят кодекси 242-моддаси белгилари бўйича мустақил жиноятларга киритади ва шу билан жиноий уюшманинг амалда жинят содир этганлиги ёки этмаганлигидан қатъи назар ташкил этилишининг дастлабки босқичиданоқ жиноий жазога тортилишини мустаҳкамлайди. Жиноий уюшмани ташкил этиш уюшма ёки уюшган қуролли гуруҳ тузилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади (Жиноят кодекси 242-моддаси иккинчи қисми бўйича).
Do'stlaringiz bilan baham: |