258-модда. Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш
Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, -
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноятнинг объекти жамоат хавфсизлиги, тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари олиб борилаётган вақтда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи, ўзганинг мулкидир.
2. Объектив томонидан жиноят тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишларини олиб боришда ўртача оғир ёки оғир тан жароҳатини келтириб чиқарган хавфсизлик қоидаларининг бузилиши билан тавсифланади.
Ушбу модданинг диспозицияси бланкетли бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари олиб бориш қоидаларининг қайси банди бузилганлигини аниқлаш зарур.
3. Тоғ-кон ишлари деганда, кон қазиш саноатида олиб бориладиган ишлар тушунилади. Тоғ-кон ишлари - бу бурғулайдиган қурилмалар, шахталар ёки фойдали қазилмаларни ишлашга, жумладан, очиқ усулда ишлашга оид, шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиш билан боғлиқ бўлмаган ерости иморатларини (метрополитен, тоннеллар ва ҳоказоларни) қуриш, қайта қуриш, ишлатиш ва таъмирлаш бўйича бажараладиган ишларни тушуниш керак.
4. Қурилиш ишлари деганда, саноат корхоналари, маъмурий, турар жой ва бошқа биноларни бунёд этиш ёхуд таъмирлаш юзасидан амалга ошириладиган ишларни тушуниш зарур. Масалан, қурилиш майдончасида амалга оширилаётган ерости, бетон, монтаж, пардозлаш ишлари ва бошқалар.
5. Портлатиш ишлари деганда, портлатиш жараёнида ёнувчи газ ёки буғларнинг ҳаво ёхуд кислород билан ёхуд бошқа моддалар билан аралашмаларининг ҳосил бўлишини тушуниш зарур. Махсус қоидаларнинг бузилиши уларга риоя қилмасликни билдиради ва ҳаракат ёки ҳаракатсизликда ифодаланади.
Баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилиши тарзидаги оқибатларнинг келиб чиқиши мазкур жиноят объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.
6. Баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган пайтдан жиноят тугаллаган ҳисобланади.
7. Жиноят субъектив томондан қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасидан содир этилади. Жиноят содир этиш мотиви ва мақсади квалификация қилишга таъсир этмайди.
8. Жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс бўлади.
9. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши:
* одам ўлишига;
* бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳоллар учун жавобгарлик назарда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |