160-модда. Жосуслик
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг давлат сири ҳисобланган маълумотларни чет эл давлати, чет эл ташкилоти ёки уларнинг агентурасига етказиши, худди шунингдек, етказиш мақсадида қўлга киритиши, йиғиши ёки сақлаши, шунингдек, чет эл разведкасининг топшириғи бўйича Ўзбекистон Республикасига зарар етказишда фойдаланиш учун бошқа маълумотларни етказиши ёки йиғиши -
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Чет эл разведкаси билан ҳамкорлик қиилишга жалб қилинган шахс, башарти, ўзига юклатилган топшириқни бажариш юзасидан ҳеч қандай ҳаракат содир этмасдан, бу ҳақда ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига хабар берса, жавобгарликдан озод қилинади.
Ўзининг жиноий фаолиятини ихтиёрий равишда тўхтатган ва қилмиши тўғрисида ҳокимият органларига маълум қилиб, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган шахс, башарти, давлат учун келиб чиқиши мумкин бўлган оғир оқибатларнинг олди олинган бўлса, жазодан озод қилинади.
1. Жосуслик - бу ҳарбий, сиёсий, тижорат ёки бошқа турдаги махфий маълумотларни жосуслар, махфий агентлар ёки кузатувнинг ноқонуний воситалардан фойдаланган ҳолда қўлга киритишдир.
Ушбу жиноятни содир этишнинг ижтимоий хавфлилиги давлат сирини ташкил этувчи муҳим ахборотларнинг давлат эгалигидан чиқиб кетиши мумкинлигидадир. Бундан ташқари, жосуслик жиноий қилмиш сифатида Ўзбекистон Республикасига қарши бошқа жиноятларнинг содир этилиши учун шароит яратади.
2. Жосусликнинг объекти Ўзбекистоннинг суверенитетини сақлаб қолиш, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини, прогрессив ривожланишини таъминлаш бўйича ўта муҳим манфаатлари ҳисобланади.
Бевосита объект сифатида давлат сирларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш бўйича ижтимоий муносабатлар эътироф этилади.
Жосусликнинг предмети, қонунда кўрсатилганидек, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар, яъни ўта махфий ва махфий бўлган, давлат томонидан муҳофаза қилинган ва махсус рўйхатлар билан чекланган ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, фан-техник ва бошқа маълумотлардан ташкил топган.
Маълумотлар давлат, ҳарбий ёки хизмат сирини ташкил этиши мумкин.
Давлат сирларидан ташқари, жосусликнинг предмети сифатида Ўзбекистон Республикасига зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар намоён бўлади.
Шарҳланаётган модда мазмунига кўра, бошқа маълумотлар деганда, сир тутилмаган, лекин объектив сабабларга кўра миллий манфаатларга қарши ишлатилиши мумкин бўлган ахборот тушунилади. Масалан, ҳарбий кучлар сони тўғрисидаги маълумотлар, халқ хўжалигининг етакчи тармоқларининг иқтисодий ҳолати ҳақидаги ахборот ва ҳоказолар.
3. Объектив томондан жосуслик қуйидаги ҳаракатларни содир этишда ифодаланади:
* давлат сирини ташкил этувчи ва Ўзбекистон Республикасига зарар етказиш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа маълумотларни етказиш;
* давлат сирини ташкил этувчи ва Ўзбекистон Республикасига зарар етказиш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа маълумотларни етказиш мақсадида қўлга киритиш;
* давлат сирини ташкил этувчи ва Ўзбекистон Республикасига зарар етказиш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа маълумотларни етказиш мақсадида йиғиш;
* давлат сирини ташкил этувчи ва Ўзбекистон Республикасига зарар етказиш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа маълумотларни етказиш мақсадида сақлаш.
4. Маълумотларни етказиш - уларни ҳар хил усулда адресатга, яъни чет эл давлати, чет эл ташкилоти ёки уларнинг агентурасига етказиш. Маълумотларни етказиш ҳар хил усул ва шаклда: оғзаки, воситачи орқали, техник воситалардан, почта хизмати, Интернет, хуфия жойлар ва бошқалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Жиноятни квалификация қилиш учун усул ёки шакл аҳамиятга эга эмас.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни етказиш улар олувчининг фактик эгалигига ўтган пайтдан тугалланган деб ҳисобланади.
5. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўғирлаш - уларни қонуний эгалик қилган шахслардан ҳар хил ноқонуний усулда олиб қўйишга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш. Бунда эгалик қилувчи шахслар, амалдаги қонунчиликка кўра, давлат сирларига эгалик қилиши мумкин бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши мумкин. Давлат сирларини ўғрилаш маълумотларни хизмат лавозими юзасидан уларга эгалик қилувчи шахслардан, муассасалардан ўғрилаш, ҳужжат ва ашё (намуналар, деталлар, асбоблар ва ҳоказо)лардан нусхалар олиш усулида амалга оширилиши мумкин. Одатда ўғрилик махфий равишда содир қилинади. Шу билан бирга, зўрлик (босқинчилик, талончилик) қўлланган ҳолда, ошкора содир қилиниши мумкин.
Давлат сири айбдорнинг эгалигига тўлиқ ўтиб ва унда маълумотларни тасарруф этиш имконияти вужудга келган пайтдан бошлаб ўғрилик тугалланган ҳисобланади.
6. Йиғиш - давлат сирлари бўлган маълумотларни талон-тарож қилиш аломатларисиз қўлга киритиладиган хар қандай харакатларни тушиниш мумкин.
Йиғишнинг турли усуллари бўлиши мумкин: кузатув, техник воситаларни қўллаган ҳолда; сирни сақловчилар билан мулоқот ва суҳбат давомида маълумотларни аниқлаш; мутахассислар суҳбатини яширинча эшитиб олиш; техник алоқа воситаларга санкцияланмаган уланиш ва ҳоказо бўлиши мумкин.
Йиғишнинг усули қилмиш квалификациясига таъсир кўрсатмайди. Жосусликнинг давлат сирини йиғиш шакли оқибатидан қатъи назар, сир тутилган маълумотларни йиғиш мақсадида у ёки бу ҳаракат амалга оширилган пайтдан тугалланган деб ҳисобланади.
7. Сақлаш - сир тутилувчи ва бошқа маълумотларни кейинчалик бошқа шахсга, жумладан, чет эл давлати, ташкилоти ёки уларнинг агентурасига етказиш мақсадида вақтинча эгалик қилиб туриш. Маълумотларни сақлаш уларни ахборотни мустаҳкамловчи ташқи аккумулятив манбалар (қоғоз, магнит ленталари ва бошқа ташувчилар) ёрдамида ёки эслаб қолган ҳолда сақлаш мумкин. Сақловчи томонидан маълумотларнинг қўлга киритилиши билан сақлаш тугалланган деб ҳисобланиши лозим.
Жосусликнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар маълумотларни чет эл давлати, чет эл ташкилоти, уларнинг агентурасига етказиш мақсадида ёки чет эл разведкаси топшириғи бўйича тўпланган тақдирдагина жиноят ҳисобланади.
8. Чет эл давлати сифатида Ўзбекистон Республикасидан ташқари халқаро ҳуқуқнинг барча субъектлари: давлатлар, халқаро ташкилотлар, мустақиллик учун курашувчи миллатлар, давлатга ўхшаш тузилмалар эътироф этилиши керак.
Давлат деганда, суверен давлат белгилари (суверенитет, ҳудуд, аҳоли ва ҳокимият)га эга мамлакат тушунилиши лозим.
Халқаро ташкилот - халқаро келишувлар асосида тузилган доимий фаолият кўрсатувчи ҳукуматлараро ёки ноҳукумат бирлашма.
Ўз мустақиллиги учун кураш олиб бораётган миллатлар ва халқлар мустақил давлат тузилгунча улар номидан иш олиб борувчи мувофиқлаштирувчи органга (масалан, Фаластин озодлик ташкилоти) эга бўлсагина, халқаро ҳуқуқ субъекти ҳисобланади.
Давлатга ўхшаш тузилмалар (квазидавлатлар) - халқаро ҳуқуқнинг ўзига хос субъекти бўлиб, улар давлатнинг айрим белгилари (ҳудуд, суверенитет, фуқаролик, ҳукумат ва ҳоказо)га эга бўлишади. Ватикан шундай тузилма ҳисобланади.
9. Чет эл ташкилоти чет элда ташкил қилинган ва турли ташкилий-ҳуқуқий юридик шахс ташкил этмасдан тижорат ёки нотижорат шаклга, биргаликда муайян режани амалга оширувчи ёки умумий мақсадга эга, белгиланган қоидалар асосида Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиш мақсадига чет эл давлати ёки ўзи учун давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни йиғиш фаолияти билан шуғулланувчи одамлар бирлашмасидир. Бунда ташкилотнинг расмий равишда қайси давлат ҳудудида рўйхатдан ўтганлиги аҳамиятга эга эмас. Террористик ташкилотлар, уюшган жиноий гуруҳлар учун маълумотларни йиғиш, ўғирлаш, етказиш ва сақлаш чет эл ташкилоти манфаатларида содир қилинган жосуслик деб ҳисобланиши лозим.
Чет эл разведкаси - чет эл давлатининг давлат органи бўлиб, раз-ведка ва жосуслик фаолиятини амалга ошириш ваколатларига эгадир.
Агентура - муайян чет эл давлати агентларининг Ўзбекистон ҳудудидаги мажмуи. Бунда агентлар деганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий равишда ёки вақтинчалик яшовчи ва чет эл давлати, чет эл ташкилоти, бевосита разведкага ёки уларнинг вакиллари учун маълумотларни йиғувчи, умумлаштирувчи, сақловчи ёки етказиб берувчи шахслар тушунилади. Шахсни агент деб эътироф этишда унинг фуқаролиги, у ёки бу қонуний фаолият билан шуғулланиши, ҳаёт кечириш манбаи, у ёки бу лавозимни эгаллаши, чет эл давлати, ташкилоти ёки разведкаси учун ҳақ эвазига ёки бепул ишлаши аҳамият касб этмайди.
10. Жосуслик ўз ташаббусига кўра ёки чет эл давлати, ташкилоти ёки уларнинг агентураси ёхуд чет эл разведкаси топшириғига кўра амалга оширилиши мумкин. Чет эл давлати, ташкилоти ёки уларнинг агентураси ёхуд чет эл разведкаси билан алоқанинг боғланиши жиноятни содир қилиш учун тайёргарлик ҳисобланади. Тўхтатилган маълумотни, масалан, ўғирлик йўли билан йиғиш ҳаракати жиноятга суиқасддир.
11. Субъектив томондан жосуслик тўғри қасд шаклида билан ифодаланади. Айбдор давлат сирларини Ўзбекистон манфаатларига зарар етказган ҳолда чет эл давлати, ташкилоти ёки уларнинг агентураси ёхуд чет эл разведкаси учун йиғаётганлиги, сақлаётганлиги ва етказаётганлигини англаб етади ва бу ҳаракатларни содир қилишни истайди. Жосуслик фаолиятини амалга ошириш мотивлари турлича бўлиши мумкин, лекин улар қилмиш квалификациясига таъсир кўрсатмайди. Ғоявий қарашлар, ғараз ва ҳоказолар мотив бўлиши мумкин. Мазкур ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка тортишнинг зарурий шарти - давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни чет эл давлати, чет эл ташкилоти ёки уларнинг агентурасига етказиш мақсади мавжудлиги.
12. Қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилишича, жосуслик субъекти махсус шахслар: 16 ёшга тўлган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролигида бўлмаган ва чет эл давлати фуқаролигига эга бўлганлигини тасдиқловчи далилларга эга шахс чет эл фуқароси ҳисобланади.
Фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигида бўлмаган ва чет эл давлати фуқаролигига эга бўлганлигини тасдиқловчи далилларга эга бўлмаган жисмоний шахс ҳисобланади.
Агар жосуслик фаолияти Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан содир қилинса, қилмиш ЖК 157-моддаси бўйича квалификация қилиниши шарт.
Таҳлил қилинаётган модданинг 2 ва 3-қисми ЖК 157-моддасининг тегишли нормалари билан ўхшашдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |