162-модда. Давлат сирларини ошкор қилиш
Давлат сирларини ошкор қилиш ёки ўзгага бериш, яъни давлат сири, ҳарбий сир ёки хизмат сири ҳисобланган маълумотларнинг, бу маълумотлар ишониб топширилган ёки хизмати ёхуд касб фаолияти юзасидан улардан хабардор бўлган шахс томонидан ошкор қилиниши, башарти, бу қилмишда давлатга хоинлик аломатлари бўлмаса -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этишнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, бунинг натижасида уларни назорат қилиш имконияти йўқолади ва бу билан турли соҳаларда Ўзбекистон манфаатларига зиён етказилади. Бундан ташқари, давлат сирларининг ошкор этилиши давлатимизга ёки умуман инсониятга қарши қаратилган бошқа ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши учун шарт-шароит яратади (масалан, оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқариш технологияси тўғрисидаги махфий сирларнинг ошкор этилиши натижасида ва бошқалар). Буларнинг барчаси мазкур қилмишни ижтимоий хавфли деб топиш ва бунинг учун жиноий жавобгарликни белгилаш учун асосдир.
2. Жиноятнинг объекти бу Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини, ҳудудий бутунлиги ва бўлинмаслигини, ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг барқарорлигини ва тараққий этиш учун ҳаётий зарур бўлган ахборотни сақлаш, қидириш ва ундан фойдаланишнинг аниқ тартибини таъминлаш орқали сақлаб туришдир. Бевосита объект Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган давлат сирларини сақлаш ва ундан фойдаланиш тартиби ҳисобланади. Бу билан давлат сирларини ошкор қилиш давлатга хоинлик қилишдан фарқланади, яъни давлатга хоинлик қилишда қилмиш бевосита Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти, хавфсизлиги, иқтисодиёти, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз ҳисобланса, давлат сирларини ошкор қилиш мазкур муносабатларга зарар етказишга шарт-шароит яратади.
Шарҳланаётган жиноятнинг предмети - давлат, ҳарбий ёки хизмат сири шаклидаги давлат сирлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Републикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, давлат сири - ўта муҳим аҳамиятга эга ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техник ва бошқа хусусиятдаги махфий ва ўта махфий маълумотлар бўлиб, улар махсус рўйхат билан чеклаб қўйилади.
Маълумотни давлат сири деб тан олиш учун уларда 3 та элемент бирлашиши лозим:
* маълумотлар характери (ҳарбий, сиёсий ва ҳоказо);
* бундай маълумотларнинг махсус рўйхатга киритилганлиги;
* маълумотларнинг давлат сири эканлиги махсус тайинланган суд экспертизаси хулосаси билан тасдиқланиши шарт.
Давлат сирлари давлат, ҳарбий ёки хизмат сирларига бўлиниб, уларнинг тушунчаси Ўзбекистон Респубикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган.
3. Объектив томондан жиноят давлат сирларини ошкор қилиш ёки давлатга хоинлик белгилари мавжуд бўлмаган ҳолда етказиш йўли билан содир қилинади.
Ошкор қилиш - давлат сирларини ошкор қилиш, яъни уларни тарқатиш бўлиб, бунинг натижасида улар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлмаган ноаниқ доирадаги шахслар махфий маълумотлардан воқиф бўлишади.
Ўзгача (бериш) - айбдор томонидан давлат сирларининг улар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлмаган аниқ шахсларга тақдим этилиши. Таъкидлаш жоизки, ўртача беришнинг етказишнинг ошкор этишдан фарқи шундаки, бунда махфий маълумотлар аниқ чегараланган шахслар доирасига етказилади. Бунда ушбу шахслар доирасининг миқдорий тавсифи аҳамиятга эга эмас, лекин унинг сифат жиҳати - айбдор учун ноаниқлиги - аҳамият касб этади. Шундай қилиб, ўзгача бериш бу махфий маълумотларни дўстларга маълум қилиш бўлса, ошкор қилиш маълумотнинг оммага митинг, маърузада эълон қилинишидир. Бундан ташқари, етказиш, айбдорнинг махфий маълумот моҳиятини бегона шахсга тушунтиришга интилишида намоён бўлади.
Давлат сирларини ошкор қилиш, уларни ўзгага бериш каби, ташқи кўринишдан ҳаракат (масалан, махфий ахборотнинг маърузада эълон қилиниши) ёки ҳаракатсизликда (масалан, бўлим ходими махфий ҳужжатларни стол устида қолдириб кетишида) ифодаланиши мумкин. Аммо бу шароит квалификацияга таъсир қилмайди. Шу билан бирга қилмиш квалификациясига уни содир қилиш усули (оғзаки хабар, ёзма материалларни, ашёларни тақдим этиш ва ҳоказолар) ҳам таъсир кўрсатмайди.
Ушбу қилмиш объектив томонининг зарурий элементи адресат, яъни қабул қилувчидир. Адресат бу бегана шахс бўлиб, у мазкур қилмишнинг содир қилиниши оқибатида махфий ахборот билан ноқонуний равишда танишиш имкониятига эга бўлиб қолади. Адресат сифатида қуйидаги шартларга бир пайтнинг ўзида жавоб берувчи барча жисмоний шахслар эътироф этилиши лозим:
* айбдорга ишониб топширилган махфий маълумотлар билан қонуний равишда танишиш ҳуқуқига эга бўлмаслик;
* махфий ахборотни давлат, ҳарбий ёки хизмат сири сифатида қабул қила олиш қобилияти.
Агар адресат кўрсатилган шартларнинг бирортасига жавоб бера олмаса (масалан, кичик ёшда бўлганлиги сабабли ахборотнинг махфий эканлигини англай олмаса), адресатнинг мавжуд эмаслиги ва бунинг оқибатида жиноят таркибининг йўқлиги тан олиниши лозим.
Давлат сирини ошкор қилиш ёки етказиш жинояти, улар бегона шахсга маълум бўлган пайтдан тугалланган ҳисобланади. Бунда шахснинг ахборот моҳиятини тўла англаши шарт эмас, балки умумий тушунчага эга бўлиши етарлидир. Агар қандайдир сабабга кўра айбдорнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда жабрланувчи томонидан ахборот махфий сифатида қабул қилинмаса, айбдорнинг ҳаракати мазкур жиноятга суиқасд деб топилиши шарти керак.
4. Давлат сирларини ошкор қилишнинг субъектив томони қасд (махфий ахборотни етказиш) ёки эҳтиётсизлик (ошкор қилиш) шаклида бўлиши мумкин.
Давлат сирларини ошкор қилиш қасддан содир этилиши мумкин:
* тўғри қасд - айбдор махфий ахборотни ошкор этаётганлигини англайди ва уларни ошкор этишни истайди. Масалан, айбдорнинг махфий маълумотларни улар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлмаган ходим билан ўзаро суҳбат давомида ошкор қилиши;
* эгри қасд - айбдор махфий ахборотнинг аниқ шахслар доирасига тарқаб кетиши мумкинлигини олдиндан кўра билади ва аниқ шахсларт томонидан уларнинг фактик қабул қилинишига йўл қўяди. Хусусан, айбдор махфий ахборотни акс эттирган маърузани бундай маълумот билан танишиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар билан бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар мавжуд бўлган доирада ўқиши эгри қасд деб эътироф этилиши лозим.
Шарҳланаётган жиноятни содир этиш усули сифатида давлат сирларини ошкор этиш айбнинг эҳтиётсизлик шаклида хам содир этилиши мумкин. Чунки бу вазиятда ахборот контакти айбдор онги билан тушуниб етилмаган шахслар доирасида амалга ошади.
Ошкор қилишда эҳтиётсизлик қуйидаги шаклларда содир қилиниши мумкин:
* ўзига ўзи ишониш - айбдор махфий ахборотнинг тарқалиб кетишига кўзи етади, лекин ўзига ўзи асоссиз равишда ишонган ҳолда унинг тарқалишининг олди олинишига ишонади. Масалан, махфий маълумотлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бундай маълумотларга эга бўлган хужжатларни мумкин бўлмаган жойда беъпарволарча қолдириши натижасида бегона шахсларнинг танишишлари содир бўлиши.
* бепарволик - айбдор ўз ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ижтимоий хавфли оқибат келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмайди, лекин бунга кўзи етиши лозим ва мумкин эди. Масалан, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни улар билан ишлаш ҳуқуқига эга бўлмаган машинисткага бериш.
5. Ушбу қилмишни содир қилиш мотивлари турлича (мақтанчоқлик, мавқеини ошириш, ғараз ва ҳоказо) бўлиши мумкин, лекин улар давлат сирларини ошкор қилишнинг мақсади сингари квалификацияга таъсир кўрсатмайди. Шу пайтнинг ўзида улар жазо тайинлашда инобатга олиниши лозим.
6. Жиноят фақат 16 ёшга тўлган махсус субъект, яъни давлат сирлари ишониб топширилган ёки хизмат ёхуд касб лавозимидан келиб чиқиб улардан хабардор шахслар томонидан содир қилиниши мумкин.
Давлат сири ишониб топширилган шахс - эгаллаган лавозимидан келиб чиққан ҳолда ва ўз касб вазифаларини амалга ошириш жараёнида ушбу маълумотларга давлат манфаатлари йўлида эгалик қилган ва улардан фойдаланган шахсдир.
Касб ёки хизмат фаолияти натижасида давлат сири билан танишган шахс шундай ходимки, унга давлат сири фойдаланиш учун топширилмаган, лекин у ўз касб вазифаларини бажараётган пайтда улар билан танишиб қолади (масалан, машинистка, нусха олувчи ва ҳоказо).
Агарда давлат сири уларни шахсий суҳбатда билиб олган ёки махфий ҳужжатларни топиб олган шахс томонидан ошкор этилса, у мазкур модда бўйича жавобгарликка тортилмайди.
7. Давлат сирларини ошкор этишда айбдор шахслар, қонунда кўрсатилганидек, давлатга хоинлик қилиш белгилари мавжуд бўлмаган ҳолдагина ЖК 162-моддаси билан жавобгарликка тортилади. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир аниқ ҳолатда суд айбдор ҳаракатларида ЖК 157-моддаси таркибини ташкил этувчи белгиларнинг бор ёки йўқлигини аниқлаши лозим.
(Давлатга хоинлик қилишнинг белгилари тўғрисида ЖК 157-моддага қаранг.)
8. Давлат сирларини ошкор қилишнинг оғирлаштирувчи белгиси - оғир оқибатларнинг келиб чиққанлигидир. Модда мазмунига кўра, келиб чиққан оқибатларнинг оғирлик даражаси ҳар бир муайян ҳолатда белгиланади. Масалан, давлат сири чет эл давлати, чет эл ташкилоти ёки уларнинг агентурасига маълум бўлиб қолганлиги, ахборот анча шахслар орасида тарқалганлиги, махфий режаларни ўзгартириш зарурати вужудга келганлиги ва ҳоказо.
Тузилишига кўра квалификация қилинган мазкур жиноят таркиби оғир оқибатлар келиб чиққан пайтдан тугалланган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |