124-модда. Болани алмаштириб қўйиш
Тамагарлик ёки бошқа паст ниятларда қасддан болани алмаштириб қўйиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти бола ва ота-оналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, ахлоқи ҳисобланади.
2. Жиноятнинг объектив томони тамагирлик ёки паст ниятларда болани алмаштириб қўйишда ифодаланади.
3. Болани алмаштириб қўйиш - бу янги туғилган ёки эмизикли чақалоқни бошқаси билан (масалан, касал болани соғлом бола билан, қизни ўғил бола билан, бир миллат боласини бошқаси билан ва ҳоказолар) алмаштиришда ифодаланган ҳаракатлардан иборат. Бола эгаллаб олинган ва бошқаси билан алмаштириб қўйилган пайтдан жиноят тугалланган ҳисобланади.
4. Субъектив томондан жиноят фақат қасддан содир этилади.
Жиноят мотиви зарурий белги ҳисобланади. Жиноятнинг сабаби тамагирлик ёки бошқа паст ниятлар (ўч, ҳасад ва бошқалар) бўлиши мумкин. Чақалоқни эҳтиётсизлик оқибатида алмаштириб қўйиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди.
5. Жиноятнинг субъекти ҳар қандай 16 ёшга тўлган жисмоний шахс ёки тегишли муассаса (туғруқхона, болалар уйи ва бошқалар) ходими бўлиши мумкин.
125-модда. Фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш
Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) касб фаолияти ёки хизмат мавқеига кўра фарзандликка олишни сир сақлаши шарт бўлган шахс томонидан содир этилган бўлса;
б) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса;
в) оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ишлари билан жазоланади.
1. Жиноят объекти оиланинг манфаатлари ва фарзанднинг нормал маънавий ривожланишидир.
2. Объектив томондан жиноят фарзандликка олувчилар (улар бўлмаган ҳолларда васийлик ва ҳомийлик органлари)нинг розилигисиз фарзандликка олиш сирларини ошкор қилиш ёки ФҲДЁ органидаги фарзандликка олганлар ҳақиқий ота-оналар эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишда ифодаланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ўғил ёки қиз қилиб олишнинг сир сақланиши қонун билан қўриқланиши қайд этилган. Фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирларини ошкор қилиш жиноий жазоланадиган қилмишни вужудга келтиради.
4. Жиноий жавобгарликни вужудга келтирадиган фарзанд-ликка олиш сирини ошкор этиш, фарзандликка олган шахсларни ҳақиқий ота-онаси эмаслигини (оғзаки, ёзма тарзда ёхуд матбуот ва бошқа усуллар орқали) ошкор этиш, мазкур ахборот фарзандликка олган шахснинг эркига қарши ошкор қилинганда ёки улар мавжуд бўлмаганида ҳомийлик ва васийлик идораларининг рухсатисиз ошкор қилинган ҳолатларда ўз ифодасини топади.
5. Фарзандликка олиш сири расмий хабардор бўлиши мумкин бўлмаган ҳар қандай шахсга ошкор этилиши мумкин.
6. Фарзандликка олинганликнинг ҳақиқий эмас деб топилишини ёки бекор қилинишини талаб қилиш билан боғлиқ ҳолда сирни ошкор қилиш, агар тегишли расмий органларга (судга, ҳомийлик идорасига ва ҳоказоларга) шу ҳақда ариза билан мурожаат қилинган бўлса, мазкур жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
7. Жиноят фарзандликка қилиб олиш сирини ошкор этиш вақтидан бошлаб, расмий равишда хабар топиши мумкин бўлмаган шахсга етиб борган-бормаганлигидан қатъи назар, тугалланган деб топилади.
8. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. ЖК 125-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилиш учун мотив ва мақсаднинг аҳамияти йўқ.
9. Ҳар қандай шахс, шу жумладан фарзандликка олган эр-хотинларнинг бири шарҳланаётган модданинг 1-қисмида назарда тутилган жиноят субъекти бўлиши мумкин.
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида фарзандликка олишга доир сирни сақлаш ўзининг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган ёки эгаллаб турган хизмат мавқеига кўра зиммасига юклатилган шахсларга мазкур сирни ошкор этганлик учун кучайтирилган жавобгарлик белгиланган. Бундай шахслар тоифасига ҳомийлик ёки васийлик идораларининг хизматчилари ва мансабдор шахслари, фарзандликка олингунига қадар бола яшаб турган болалар муассасалари маъмурияти ходимлари ва бошқаларни киритиш зарур.
11. Агар фарзандликка олинганлик сирини ошкор қилиш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса, айбдорнинг қилмиши ЖК 125-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан квалификация қилинади.
12. Агар фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш оғир оқибатларга олиб келган бўлса, қилмишни ЖК 125-моддаси 2-қисмининг “в” бандига кўра квалификация қилиш керак.
Шарҳланаётган жиноят бўйича фарзандликка олинганнинг ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилиши, ўзини ўлдириши, руҳий касалликка чалиниши, яшаш жойини мажбуран алмаштириши ва шунга ўхшаш ҳолатлар бошқалар оғир оқибатлар ҳисобланади. Оғир оқибатлар мансабдор ва жавобгар шахсларнинг фарзандликка олиш сирини ошкор этганликлари боис вужудга келганда, қилмиш мансабни суиистеъмол қилиш ёки ҳокимият ёхуд мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш сифатида квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |