63-модда. Жазо муддатларини ҳисоблаш
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазоларнинг муддатлари ойлар ва йиллар билан ҳисобланади. Жазоларни алмаштириш, ҳисоблаш, кўшиш вақтида уларнинг муддатлари кунлар билан ҳисобланиши мумкин.
1. Жазо муддатларини тўғри ва бир хилда ҳисоблаш, жазонинг қонуний ва адолатли тайинланиши ва ижро этилиши гарови ҳисобланади ва жазо мақсадларига эришишда кўмаклашади. Бундан ташқари, жазо муддатларини ҳисоблаш қоидалари жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа институтларини (алмаштириш, ҳисоблаш, қўшиш ва ҳоказо) қўллашда кўмаклашади.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, аҳлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазоларнинг муддатлари ойлар ва йиллар билан ҳисобланиши кўрсатилган. Бундан, келиб чиқадики содир этилган жиноят учун жазо ойнинг бир қисмига ёки бир неча кунга тайинланмайди. Мазкур ҳолатларда тегишли равишда ҳукм ўзгартирилиши лозим.
3. Жазо муддатини ой ва йилларда ҳисоблаганда, жазо муддати ойнинг охирги куни ва йилнинг охирги ойида тугайди. Масалан, ҳукм бўйича 1 йиллик жазо 2002 йил 3 мартдан бошланса, жазо муддати 2003 йил 2 мартда тамом бўлади. Йилда неча кун бўлиши аҳамиятга эга эмас (кабиса йилиги хам). Агар ҳукм бўйича 3 ойлик жазо 1997 йил 5 июнидан бошланса, у ҳолда жазо муддати шу йилнинг 4 августида тамом бўлади. Жазони ойларда ҳисоблашда мазкур ой неча кундан иборат бўлиши аҳамиятга эга эмас (2 ойлик аҳлоқ тузатиш ишлари тайинланганда, тайинланган жазонинг ўтиш муддати 1997 йил 1 январдан ҳисоблаганда шу йилнинг 28 февралида тамом бўлади, 3 ойлик жазода эса - муддат 1997 йил 31 мартида тугайди).
4. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига кўра, жазо муддатларини кунларда ҳисоблаш фақат 3 та ҳолатда йўл қўйилади: алмаштириш, ҳисоблаш ва қўшиш. Шу ҳолда, ҳукм ёки суд ажримида (жазо алмаштиришда) йиллар, ойлар ва қолган кунлар тўлиқ кўрсатилиши лозим.
5. Жазо муддатини кунлар билан ҳисоблаганда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган, кунларни ҳисоблаш қоидалари қўлланилади. Яъни, муддатни ҳисоблашда ишдан ҳоли вақт ҳам эътиборга олинади. Муддатлар суткалар билан ҳисобга олинганда муддат охирги суткада соат 24-00 да тугайди. Тегишли ҳаракат судда, прокуратурада ёки бошқа давлат муассасасида бажарилиши лозим бўлса, муддат ушбу муассасаларда иш вақти тамом бўлиши билан тугайди.
Б е ш и н ч и б ў л и м
Do'stlaringiz bilan baham: |