62-модда. Дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари
Суд жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқнинг ҳар бир кунини:
а) қамоқ, интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига;
б) ахлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига тенглаштириб ҳисоблайди.
1. Айбланувчи, судланувчи содир этган жиноятнинг хавфлилиги туфайли у суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан яшириниши мумкин деган ўринли тахмин ҳам қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асос бўлиши мумкин. Бошқа эҳтиёт чораларига нисбатан дастлабки қамоқда, ушбу чора қўлланилган шахс ҳуқуқларини кўпроқ даражада чеклайди, уни жамиятдан ажратиб қўяди. Натижада, шахсга жиноий жазо мақсадларига эриштирувчи, маълум бир таъсир ўтказилади. Ушбу ҳолатлар эҳтиёт чораси сифатидаги дастлабки қамоқ муддатини, жазо тайинлашда ҳисобга олишни тақозо этади.
2. Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида "дастлабки қамоқ" таърифининг аниқ тушунчаси мавжуд эмас. Жиноят ҳуқуқи назарияси ва амалиёти шуни кўрсатиб турибдики, судлар томонидан дастлабки қамоқ эҳтиёт чорасининг муддатини ҳисобга олиб, жазо тайинлашда, қуйидаги ҳоллар инобатга олиниши лозим:
* Жиноят - процессуал эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаб туриш муддати. Дастлабки қамоқда сақлаб туриш муддати ва тартиби Ўзбекистон Республикаси ЖПК (245, 246, 315-моддалар) да белгиланган ;
* жиноят содир этишда гумонланаётган шахсни ушлаб туриш муддати. Бундан ташқари, ушлаб туриш муддатини аниқлашда ҳам ЖПК нинг 315-моддасига амал қилиш лозим;
* суд-тиббиёт ёҳуд суд-психиатрия экспертизаси ўтказишда стационар кузатув зарурати юзага келганлиги туфайли шахсни тиббий муассасага жойлаштирилган муддати. Тиббий муассасада сақлаш муддатларини аниқлаш ва максимал муддатлар белгилаш тартиби ЖПК нинг 268, 315-моддаларида кўрсатилган;
* шахснинг содир этган қилмиши кейинчалик суд томонидан жазо тайинланадиган жиноят деб топилганда, маъмурий ушлаб туриш ёки қамоқка тортилган муддати ( Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги 223-модда паспорт тизими қоидаларини бузиш, 241-модда диний таълимотдан сабок бериш тартибини бузиш);
* интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумни гаупвахтада ушлаб туриш вақти (масалан, бўйсунмаслик ҳолати )
3. Дастлабки қамоқ муддати, юқорида кўрсатиб ўтилган чоралар қўлланилишидан бошлаб то ҳукм қонуний кучга киргунга қадар ҳисобланади. Бундан ташқари, дастлабки қамоқ тўхтатилиб турган вақт ҳам, амалда қамоқда сақлаш ўталмаганига карамай ҳисобланиши лозим.
Агар чиқарилган ҳукм суд томонидан ишни қайта кўриш натижасида юқори инстанция суди томонидан бекор қилинганда, дастлабки қамоқ муддати нафақат биринчи ҳукм чиққунга қадар, балки иккинчи ҳукм чиққунга қадар ҳам ҳисобга олиниши лозим. Бундан ташқари, ушбу муддатлар орасидаги вақт ҳам дастлабки қамоқ сифатида ҳисобга олинади.
4. Шарҳланаётган моддадаги дастлабки қамоқ муддатини ҳисоблаш қоидалари, жазо тайинлашнинг қуйидаги ҳолларида ишлатилади:
* қамоқнинг бир куни - интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига;
* қамоқнинг бир куни - аҳлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига тенглаштирилиб ҳисобланади.
Дастлабки қамоқ муддатини ҳисобга олиш ҳақидаги қарор ҳукмнинг резолютив қисмида акс эттирилиши лозим.
5. Шуни эътиборга олиш лозимки, қонунда кўрсатилган ҳолларда суд дастлабки қамоқ муддатини жазо тайинлашда албатта ҳисобга олиши шарт. Акс ҳолда, бу ҳолат қонун бузилиши ҳисобланиб, ҳукмнинг бекор қилинишига олиб келади.
Шахснинг ҳукм чиққунга қадар қамоқда бўлган вақти Жиноят кодекси 62-моддасида назарда тутилган дастлабки қамоқнинг ҳисобга олиш қоидаларини назарда тутиб, суд томонидан тайинланган жазо чорасига тенг ёки бу чорадан ортиқ бўлса шахс жазони ўтаган деб ҳисобланиб, озод қилиниши керак.
6. Шарҳланаётган моддада кўрсатилмаган, бошқа жазо чораларини (жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) тайинлашда, дастлабки қамоқ муддати ҳисобга олинмайди. Бироқ, суд ушбу ҳолатни ҳисобга олиб, енгилроқ жазо тайинлаши ёки умуман жазодан озод қилиши мумкин. Ушбу ҳолда суд енгилроқ жазо тайинлаш ёки умуман, жазодан озод қилишни ҳукмнинг асослантириш қисмида ушбу қарорга келиш сабабини кўрсатиб ўтиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |