61-модда. Жазоларни кўшишнинг ҳисоблаш қоидалари
Ҳар хил турдаги асосий жазоларни кўшганда озодликдан маҳрум қилишнинг бир куни:
а) қамоқ ёки интизомий қисмга жўнатишнинг бир кунига;
б) ахлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига тўғри келади.
Жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, қамоқ, хизмат бўйича чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари жазолари билан кўшилганда ҳар қайсиси алоҳида ижро этилади.
1.Жиноят кодексига кўра, жазо тайинлаш жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир. Одиллик ва инсонпарварлик принципига кўра, ҳар бир жиноят учун фақат битта асосий жазо қўллаш мумкин. Шу билан бирга, содир этилган бир неча жиноят учун ҳамда бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда, турли хил давлат мажбурлов чораларини қўллаш мумкин, лекин уларнинг барчасини бараварига қўллаш адолатсиз бўлиб, жиноий жазо мақсадларини амалга ошириш учун етарли бўлмайди. Шундай қилиб, ушбу ҳолларда, бир неча жиноят учун (59-модда) ёки бир неча ҳукм устидан (60-модда) жазо тайинлашда, шарҳланаётган моддага асосан битта асосий жазо қўллаш лозим.
2. 59 ва 60-моддалар таҳлили ва шарҳланаётган моддада назарда тутилган жазоларни қўшиш тизими (қоидаси) шуни кўрсатадики, жазоларни қўшишда асос сифатида энг оғир жазо олинади. Шундай қилиб, қўшиш чоғида енгилроқ жазо турини оғирроқ жазо турига ўтказиш лозим, мазкур ҳолатда жазоларни қўшиш уларни енгиллаштиришга олиб келмайди.
Жазоларнинг оғирлигини аниқлашда Жиноят кодексни 43-моддаси биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган жазолар кетма-кетлигидан келиб чиқиш лозим.
3. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси, жазоларни қўшиш қоидаларида асосий жазонинг ҳар хил турларини ўзаро мутаносиб ҳолда мустаҳкамлаб қўйган. Шундай, пропорционал бирлик сифатида озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Лекин, ушбу ҳолат, тайинланадиган турли хил жазоларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига олиб келиш дегани эмас, чунки озодликдан маҳрум қилиш жазоси ушбу модда маъносига кўра, жазонинг ҳар хил турлари ўртасида пропорционал мутаносибликни таъминлайдиган ёрдамлашувчи элементдир.
Шарҳланаётган моддага кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазоси "эталон" - “сўраш” эмас, балки судлар томонидан турли хил давлат мажбурлов чораларидан битта қатъий асосий жазо аниқлашдаги ўзига хос "маҳраждир". Турли хил жазоларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига мутаносиблигидан, бошқа жазо турларини ўзаро мутаносиблиги аниқланади, масалан, аҳлоқ тузатиш ишларини қамоққа ёки қамоқни хизмат бўйича чеклаш билан ва ҳ.к.
4.Шуни эътиборга олиш лозимки, амалдаги Жиноят кодекси бўйича енгилроқ жазони оғироғғи билан қоплаш усули назарда тутилмайди. Бунга қарамай, суд баъзи ҳолатларда жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил жазо тайинлашда битта жазони бошқаси билан қоплаш йўлини қўллашга тўғри келади. Масалан, жиноятлар жамини ташкил этувчи иккита жиноятдан бири учун суд айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдорида жарима, бошқаси учун энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима тайинланган. Бундай ҳолда жиноятлар мажмуи тариқасида суд айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда жарима тайинлаши мумкин холос, чунки Жиноят кодексининг 44-моддасига кўра ушбу жазо турининг энг кўп қисми энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда белгиланган
4. Эътибор бериш лозимки, турли хил жазо турларининг мутаносиблиги нафақат ЖК 61-моддаси биринчи қисм турли бандларида кўрсатилган (хизмат бўйича чеклаш ва интизомий қисмга жўнатиш) жазо турлари ўртасида, балки шарҳланаётган модданинг битта банди ичидаги жазо турлари (аҳлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклаш) ўртасида қўлланилиши мумкин. Шу ҳолларда ҳам жазолар ўртасидаги мутаносиблик озодликдан маҳрум қилиш жазоси орқали аниқланади.
5.Бир неча жиноят содир этганлик учун ёки бир неча ҳукм юзасидан, аҳлоқ тузатиш ишларига ёки хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилиниб, иш ҳақи ёки пул таъминотидан давлат фойдасига ушлаб қолишнинг ҳар хил миқдорлари белгиланган ҳолларда бу жазоларнинг фақат муддатлари қисман ёки тўлиқ қўшилади.
6. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида бошқа жазо турлари билан қўшиб бўлмайдиган жазо турлари - жарима ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш кўрсатиб ўтилган. Ушбу жазо турлари жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи учун тайинланганда, озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, қамоқ, хизмат бўйича чеклаш, аҳлоқ тузатиш ишлари жазолари билан кўшилганда, ҳар қайсиси алоҳида ижро этилади. Ушбу ҳолда қолган асосий жазолар қўшилиб битта жазога келтирилади.
7. Шарҳланаётган моддада кўрсатилган жазоларни қўшиш қоидаларини, жазо ўташдан бўйин товлаш ҳолатидаги жазо алмаштиришдан ажратмоқ лозим. Жазо турини алмаштириш ҳолатида шарҳланаётган модда қоидалари қўлланилмасдан, жазо турлари орасидаги пропорциялар ҳар бир алмаштириладиган жазо учун алоҳида аниқланади (44 ва 46-модда). Бундан ташқари, жазоларни қўшиш ҳолати суд томонидан ҳукмда жазо тайинлаш орқали содир бўлса, жазо турини алмаштириш ҳукмни ижро этиш вақтида содир бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |