286-модда. Мародёрлик
Мародёрлик, яъни ҳалок бўлганларнинг ёки ярадорларнинг буюмларини жанговар вазиятда эгаллаш -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти Қуролли Кучларда ўрнатилган ахлоқий асослар ҳисобланади.
Жиноят предмети ярадорларнинг ёки ҳалок бўлганларнинг мулки ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят жанговар вазиятда ҳалок бўлганларнинг ёки ярадорларнинг буюмларини (ҳарбий кийим-кечак, пул, қимматбаҳо буюмлар, соат ва ҳоказоларни) эгаллашда ифодаланади.
3. Буюмларни эгаллаб олиш турли шаклда, яъни зўрлик ишлатиб амалга ошириладиган ўғирлаш ёки эгаллаб олиш бўлиши мумкин. Ҳалок бўлганлар ёки ярадорларнинг буюмларини эгаллаб олишнинг мажбурий белгиси жиноятнинг жанговар вазиятда содир этилишидир. (Жанговар вазият тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг.)
Жиноят, ҳалок бўлганлар ёки ярадорлар душман томоннинг қайси бирига тааллуқлилигидан, уларнинг ҳарбий хизматчи ёки фуқаро аҳолиси бўлишидан қатъи назар, ҳалок бўлганлар ёки ярадорларнинг буюмлари эгаллаб олинган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
4. Жиноятнинг субъектив томони тўғри қасдда ифодаланади.
Жиноятни квалификация қилиш учун мотив ва мақсад аҳамият касб этмайди.
5. Фақат ҳарбий хизматчилар жиноят субъекти бўлиши мумкин. Фуқаролар умумжиноий жиноятлар учун жавоб беришлари лозим.
6. Агар айбдор мародёрлик билан шуғуллана туриб, ярадор шахснинг саломатлигига зарар етказса, у ҳолда унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг жабрланувчи шахснинг саломатлигига етказилган зарар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалар бўйича қўшимча квалификация қилинади.
7. Агар айбдор мародёрликда ярадорни ўлдириб, мулкига эгалик қилган бўлса, у ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 286-моддаси ва ЖК 97-моддаси бўйича квалификация қилинади.
8. Ярадорларни жанг майдонидан батальон ёки полкнинг тиббий ёрдам кўрсатиш жойларига ташиб келишда уларнинг буюмларига эгалик қилиш мародёрлик деб топилмайди. Бундай ҳаракатлар буюмларга эгалик қилишга (мулкка) қарши жиноят (ўғирлик, талончилик ва ҳоказолар) сифатида квалификация қилинади.
9. Ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганларнинг кийим-кечаклари ёки озиқ-овқатларидан ўз ҳаётини ёки ўзгалар ҳаётини сақлаб қолиш учун фойдаланса, бундай ҳаракат учун унинг жавобгарлиги истисно этилади, чунки у охирги зарурат ҳолатида ҳаракат қилган бўлади (ЖК 38-моддаси шарҳига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |